Мана, 15 йилдирки, Олимжон ака маҳалла кўчаларини кезади, одамлардан ҳол-аҳвол сўрайди, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ечим топади. Аслида 2700 нафардан ортиқ одамнинг кўнглига йўл топиш ҳам осонмас. Турли характердаги одамларга рўпара келганда, уларнинг кайфияти, табиатига қараб муомала қилиш керак. Шундагина одамлар орасида маҳалла раисининг обрўси бўлади, халқ унга эргашади. 15 йил айтишгагина осон. Шунча йиллар ичида Олимжон ака “Тўқимачи” маҳалласи аҳлининг ҳақиқий оқсоқолига айлана олди, десак асло муболаға бўлмайди. Асосийси, оқсоқол одамларни ўз ортидан эргаштира олди. Буни эса қуйидаги фактлар исботлаб турибди. Ҳамжиҳатликда гап кўп экан. Маҳалла аҳли муаммоларини четдан биров келиб ҳал этиб беришини кутиб ўтирмайди.
Баҳоли қудрат топганини ўртага ташлаб, маҳалла раиси бошчилигида муаммосини ҳал этишга одатланган. Ана шундай бирдамликнинг натижасида кўчалардаги 30 та эски симёғочлар янгисига алмаштирилди, 200 та тунги чироқлар ўрнатилди, қабристоннинг атрофлари ўралди, 5 та кўприк, 4 та бекат қурилди, ички кўчаларнинг 650 метри асфальтланди ва бошқа кўплаб хайрли ишларга қўл урилди. Маҳаллада қандай савобли иш амалга оширилмасин, унда ҳомий ва саховатли инсонларнинг ҳиссалари катта бўлмоқда. Қайси хонадонга кирманг, томорқасидаги турли мевали дарахтларга кўзингиз тушади. Қишлоқ аҳли азалдан далада, томорқасида меҳнат қилиш, мўл ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган. Дарахтларга меҳри бўлакча. Ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий кўчат экиш ҳаракатининг кузги босқичида фаол иштирок этишиб, хонадонлари ва кўчаларида гуркираб ўсаётган мевали дарахт кўчатлари ёнига яна икки мингта қўшишди.
Баҳорги кўчат экиш ишларини ҳам қизғин бошлаб юборишди. Шу кунларда Олимжон аканинг ишлари янада кўпайган. У ҳар куни хонадонларга кириб томорқаларни ўрганмоқда. Томорқасини гуллатиб қўйган оилаларга раҳматлар айтади, бу борада сусткашликка йўл қўяётганларга эса томорқанинг хазина эканлигини яна бир бор тушунтиради. Турмуш ўртоғи билан икки фарзандини муносиб тарбиялаб, “оёққа қўйган”, уйлаб-жойлаган Олимжон ака бугун маҳалласидаги барча болалар қаторига ўзининг 6 нафар набирасини ҳам қўшиб, барчасини муносиб тарбиялашга ҳаракат қилмоқда. Айтаверсак, гап кўп. Лекин мақтовни эмас, ишни ёқтирадиган оқсоқол: ”Мени мақтаманг, икки қаторгина ёзсангиз етади”, деган гапларини инобатга олиб мақоламизга шу ерда нуқта қўйдик. Ёзганларимиз эса яқинда кўксини Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони безаган Олимжон ака Камоловнинг меҳнатларининг эътирофи холос.
Жамила АРСЛОНОВА.
