Бир маҳаллада иккита тиббиёт пункти

Бир маҳаллада иккита тиббиёт пункти

Туманимизнинг чекка маҳалласи ҳисобланган, вилоят ва пойтахт туманлари билан чегарадош бўлган “Боғзор” маҳалласининг ҳудуди анча катта. Бу эса, айниқса, вилоят марказига элтувчи янги йўл атрофларидаги хонадонлар ва йўл четига қурилган намунали лойиҳадаги уйларда яшовчи аҳолининг Зангиота қишлоғи марказидаги 16-оилавий поликлиникага қатнашида бирмунча қийинчиликлар туғдираётган эди. Тиббиётда олиб борилаётган ислоҳотлар бу муаммонинг ечими бўлди. Байрам арафасида ҳудудда Маҳалла тиббиёт пункти очилди. Бу, давлатимизнинг чекка ҳудуд аҳолисининг узоғини яқин қилиш, уларга дастлабки тиббий хизматлардан фойдаланишлари учун яратиб бераётган шароитнинг яна бир кўринишидир.

Маҳалла тиббиёт пунктининг очилишида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов, Зангиота тумани ҳокими Эркин Рустамов, туман “Нуронийлар” бўлими бошлиғи Облақул Жўраев, тиббиёт ходимлари, маҳалла аҳли қатнашиб, давлатимизнинг аҳоли саломатлигини сақлаш йўлидаги ғамхўрлиги учун ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди. 16-оилавий поликлиникага қарашли мазкур тиббиёт пункти 2100 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда фаолият юритаётган икки нафар малакали ҳамшира беморларга дастлабки тиббий хизмат кўрсатиш билан бир қаторда уларни муолажа ҳам қилади. Бунинг учун 4 ўринли кундузги муолажа хонаси ташкил этилган. Маҳаллада очилган тиббиёт пункти ҳудудда иккинчисидир. Аввал “Ҳарбийлар” кўчасига контейнер қўйилиб, тиббиёт пункти очилиб, аҳолига қулайлик яратилганди.

Ж.АМИРОВА.