Мақсад – халқ розилигига эришиш

Мақсад – халқ розилигига эришиш

Мамлакатимизда “маҳаллабай” тизимининг самарали йўлга қўйилганлиги натижасида жойларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини таъминлаш масалалари маҳалла даражасида амалга оширила бошланди. Бунинг учун барча ҳудудларда фаолияти йўлга қўйилган ҳоким ёрдамчилари лавозимининг аҳамияти катта бўлмоқда. Бундан бир ярим йил аввал мамлакатимиз маҳаллаларида иш бошлаган мутлақо янги тизим – ҳоким ёрдамчилари аҳволи оғир оилаларга манзилли кўмак бериш, уларни ишбилармонликка жалб этиш орқали камбағалликни қисқартириш ва халқимизнинг умумий фаровонлигини таъминлашга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Бугунги мақоламизда Ўртаовул ҳудудининг “Ниҳол” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Шерзод Эргашев фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Бугун мазкур маҳалла ҳудудида 2 минг 748 нафар турли миллатга мансуб аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуднинг бошқа маҳаллалардан фарқли жиҳати шундаки, бу ердаги аҳолининг деяр­ли учдан бири яхши тоифа, яъни ижтимоий фаол оилалар сирасига киради. Бу эса, коммуникация тармоқларининг мунтазам ишлашини таъминлашни тақозо этади, албатта. Кейинги йилларда маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракати туфайли бугунги кунга келиб табиий газ ва электр энергияси ҳамда ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 100 фоизга етказилди.

– Фаолиятнинг дастлабки кунларидан асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига қаратилди, – дейди Шерзод Эргашев. – Жорий йилнинг ўтган даврида 36 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, 87 нафар фуқаро доимий иш ўрнига, 3 нафари якка тартибдаги тадбиркорликка йўналтириш, 70 нафари ўзини ўзи банд қилиш, 2 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш ва 2 нафари эса, юридик шахс ташкил этган ҳолда тадбиркорликка йўналтириш орқали доимий даромадга эга бўлишди.

Ҳудуднинг асосий хусусияти ишлаб чиқариш, яъни, саноатга мослашган. Лекин, ҳоким ёрдамчиси ишбилармон аҳоли қисмини тадбиркорликка жалб этиш асносида соҳани ривожлантириш, маҳаллада янгидан янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш орқали янги, даромадли иш ўринларини ташкил этиш устида тинмай изланиб келади. У қисқа давр мобайнида бир қатор ижобий натижаларга ҳам эришди, десак муболаға бўлмайди.

Масалан, 2 та якка тартибдаги тадбиркорлик, 2 та юридик шахс ташкил этган ҳолда янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйишда жонбоз­лик кўрсатди. Тадбиркорликни ривож­лантириш мақсадида “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 12 та лойиҳага 396 миллион сўм миқдорида кредит маб­лағи йўналтирилди. Ҳозирда улар бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда буюртмачиларга сифатли ва арзон нархларда ўз маҳсулотларини тайёрлаб беришмоқда. Субсидия асосида 3 нафар фуқарога асбоб-­ускуна сотиб олиш учун 30 миллион сўм маб­лағ ажратилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳаллаларда фаолияти йўлга қўйилган ҳоким ёрдамчиларининг ташаббус ва саъй-­ҳа­ракатлари бугун оддий одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришларга туртки бермоқда. Зеро, улар зиммасига юклатилган кўп қиррали юмушлар енгил эмас. Уларнинг уддасидан чиқиш учун маҳалла ҳудуди, хусусан, оилалардаги аҳволни чуқур билмасдан туриб кўзланган натижага эришиш мушкул.

Бир сўз билан айтганда, маҳалла ичига кириб бориб, аҳолини ўйлантираётган ва ташвиш­лантираётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, имкон излаш, ва аксинча, фаолияти фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш, маҳалла ташвиши оқсоқолнинг иши демай, бугун астойдил енг шимариб ишга киришган ҳоким ёрдамчилари саъй-ҳаракатлари натижаси кўзга ташланмоқда.

– Президентимиз ишончини оқлаш ва фуқароларимизга қулай имконият яратиш ҳамда уларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш бизнинг асосий мақсадимизга айланди, – дей­ди Ш.Эргашев суҳбатимиз якунида. – Ҳали зиммамизда каттадан-катта масъулият ва вазифалар турибди. Жорий йилда инсон қад­рига алоҳида эътибор қаратиб, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган барча ислоҳотларни давом эттиришда бор куч-қувватимизни сафарбар этамиз. Асосий мақсадимиз ҳам шу: эл-юрт хизматида бўлиб, халқимизнинг розилигига эришишдир.

Асия КУДАЙБЕРГЕНОВА.