Республикамизда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг ҳамон учраб турганлиги ачинарли ҳолдир. Буларнинг барчаси эҳтиётсизлик ва бепарволигимиз оқибатида келиб чиқади.
Ис гази – рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма – табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги ёки чала ёниши оқибатида вужудга келади. Буни фуқароларимиз жуда яхши билишади. Лекин ҳали ҳам айрим хонадон эгалари газ плитасини ёққан ҳолда уйларини иситишмоқда, табиий газдан фойдаланиш қоидаларига беписандлик билан қарашмоқда. Буларнинг барчаси нохуш ҳолатларга олиб келиши ҳеч гап эмас. Шу боисдан ҳам тумандошларимизни яна бир бор огоҳлантирамиз. Иситиш жиҳозларидан узоқ вақт узлуксиз фойдаланиш керак эмас. Айрим хонадон эгалари қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланишмоқдаки, бу ҳам жуда хавфли. Газ плитасидан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланиш мумкин эмас.
Газ ускуналарини улашда ностандарт резина шланглардан фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу ҳам ман этилади. Иситиш печларидан фойдаланар экансиз, печ ва мўриконларнинг созлигини доимий равишда текшириб туринг. Мўриконларнинг бекилиб қолмаганига алоҳида эътибор беринг. Кўп қаватли уйларнинг шамоллатиш каналлари очиқлигини текшириб боринг. Газ жиҳозларидан кўникмаси бўлмаган шахслар ёки ёш болалар томонидан фойдаланишга йўл қўйманг. Ҳеч қачон газ жиҳозларини ёқилган ҳолда қаровсиз қолдириб кетманг. Хавфсизлигингиз ўз қўлингизда. Бунинг учун доимо эътиборли ва ҳушёр бўлинг.
Улуғбек РАҲИМОВ,
“Зангиота тумани газтаъминоти” бўлими
ММ ва техника хавфсизлиги бўйича етакчи муҳандис.
