Бугун табиат ҳам баҳорга мойил,
Ўзгача уради кўксимда юрак.
Сенинг ғайратингга қоламан қойил
Офтобга бўй чўзган митти бойчечак.
Бахмал либосини кияр қир, дала,
Қушлар хонишида шукроналик, бахт.
Борлиқ сулувлашиб кетмоқда яна,
Кўзларин ишқалаб уйғонар дарахт.
Мана, жилғалар ҳам қолди чулдираб,
Пастга югуради, писандмас муз, тош.
Тандирдан чиққан нон каби қизариб
Ҳув, узоқ уфқларда жилмаяр қуёш.
Қайтадан туғилди гўёки дунё,
Яратиш, яшнатиш ишқи чалар соз.
Эзгу ниятларни дилга этиб жо,
Қутлуғ ташрифингга чиқаман пешвоз.
Жамила АМИР қизи.
