Ҳамкорликнинг янги босқичи

Ҳамкорликнинг янги босқичи

Гулчеҳра РИХСИЕВА,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори, профессор, Халқ депутатлари Зангиота тумани кенгаши депутати.

Аждодларимиз ва Чин юрти ўртасидаги ўзаро алоқалар азалдан икки юрт равнақи учун аҳамиятли бўлган. Бу икки мамлакат яқин қўшни бўлмаса-да, уларни бирлаштириб турган ришта – “Буюк ипак йўли” мазкур давлатларнинг илм-_фани, маданияти, иқтисодиё­ти муштарак бўлишига замин яратган. Маълумки, Хитой шеърияти, насри, умуман адабиёт, маданият ва  санъат, Хитой жамияти ҳаётининг деярли барча жабҳаларининг гуллаб-яшнаши Тан сулоласи (618-907) даври ҳукмронлик даврига тўғри келади. Айнан шу даврда мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар жонлангани алоҳида эътиборга молик.

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекис­тон Респуб­ликаси мустақиллигини би­ринчилардан бўлиб тан олган давлат бўлиб, ҳозирда Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори ҳисоб­ланади. Ўтган 32 йил давомида Ўзбекистон ХХР билан кенг кўламли қўшма лойиҳаларни амалга ошириб, умумий мақсад ва вазифаларни белгилаб келмоқда. Бу давр ичида олий таълим ҳамда илмий ҳамкорлик соҳасида кўзга кўринарли ютуқларга эришилди. Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги олий таълим соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Хитой Халқ Респуб­ликаси Таълим вазирлиги ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга асосланади. Шунингдек, Тошкент (2004) ва Самарқанд (2013) шаҳарларида Конфуций институтларини ташкил этиш тўғрисидаги шартномалар таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий ҳужжатлари бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикаси билан олий таълим ҳамда илм-фан соҳасидаги ҳамкорлигида Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ҳам ўрни аҳамиятли. Мамлакатимизда шарқшунослик таълимининг илк даврларидан эътиборан, хитой тили асосий шарқ тили сифатида мазкур йўналиш талабаларига ўқитилиб келинган. Бугунги кунга келиб, Тошкент давлат шарқшунослик университетида хитой тилига эга юқори малакали кадрлар, хусусан, хитой филологияси, таржимашунослик, журналистика, гид ҳамроҳлиги, туризм, тарих, ҳалқаро муносабатлар, Хитой иқтисодиёти ва сиёсати соҳаларида мутахассислар тайёрланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, 2014 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институти қошида Хитойшунослик факультети ташкил этилди.

Тошкент давлат шарқшунослик университети ва университет ҳузуридаги Конфуций номидаги ўзбек-хитой институти ҳамкорлигида ҳар йили анъанавий тарзда “Ўзбекистон-Хитой: тарихий-маданий, илмий ва иқтисодий алоқалар ривожи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади. Ўтган 2023 йилда Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Хитой Халқ Республикасининг етакчи университетлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Йил давомида университетга Хитой Халқ Республикасидан ўндан ортиқ расмий делегациялар ташриф буюрди. Бу йил университетимиз томонидан ХХР олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасалари билан имзоланган меморандум ва битимлари сони йигирмадан ортди. Элликка яқин ТДШУ профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари ХХРга ўқиш ҳамда малака оширишга юборилди.

Хитой тилига эга юқори малакали кадрлар ҳамда халқаро стандартларга мос олий таълимга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, жорий ўқув йилидан Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Ляонин педагогика университетининг “2+2 қўшма дастури” ўз фаолиятини бош­лади. Хитойшунослик соҳасида илмий фаолиятни ривожлантириш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик университети қошида Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда “Ўзбек-Хитой илмий маркази” ташкил этилган. Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида монографиялар нашр эттириш, Хитойнинг ички, ташқи сиёсати ва иқтисодий таж­рибасини ўрганиш, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, янги авлод ўқув қўлланмаларини яратиш, шунингдек, мазкур соҳада ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш кабиларни эътироф этиш мумкин. Жумладан, ўзбек синолог олимларнинг 22 жилддан иборат монографиялар туркуми ҳамкорлигимиз яққол намунаси ва илм-фан ривожи учун салмоқли туҳфа бўлди. Ушбу китобларнинг тақдимотлари университетда ва Хитойда ҳам ўтказилди.

22-23 январь кунлари Пекин шаҳрида тарихда илк маротаба Ўзбекистон ва Хитой олий таълим даргоҳларининг Форуми ташкил этилди. Ушбу катта миқёсдаги тадбирда 100 дан ортиқ университетларнинг раҳбарлари иштирок этдилар. Илк маротаба форумда Ўзбекистон ва Хитой университетлари ҳамкорлиги тўғрисидаги Пекин декларацияси имзоланди. Форумда ҳар икки мамлакат олий таълим даргоҳларининг ректорлари ўз университетлари тақдимотларини ўтказдилар. Янги алоқаларни йўлга қў­йиш мақсадида университетлар­аро 80 дан ортиқ англашув меморандумлари, шартномалар имзоланди ва тўғридан-тўғри мулоқот орқали қатор келишувларга эришилди.

Пекин тил ва маданият университети ўртасида талабалар алмашинувини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди. Гансу сиёсатшунослик ва ҳуқуқ университети ўртасидаги ҳамкорлик доирасида англашув меморандуми имзоланди. Шэньси педагогика университети ўртасида академик ва илмий ҳамкорлик ўрнатиш доирасида англашув меморандуми доирасида эса академик алмашувлар билан бир қаторда ТДШУ ҳузуридаги Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази ва Шэнси педагогика университетининг “Бир макон – бир йўл” афғоншунослик маркази ўртасида илмий ҳамкорлик ўрнатилади ва лойиҳалар амалга оширилади.

Форумда ТДШУ ва Ланжоу университети ўртасида Конфуций институти фаолиятини ҳамкорликда ривожлантириш тўғрисида битим имзоланди. Олий таълимдаги янги воқелик ва ислоҳотлардан келиб чиқиб, фан ва таълим интеграцияси, илмий тадқиқот ишларини иқтисодиёт субъектлари, ташқи савдо, хусусий бизнеснинг амалий талаблари билан яқинлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаш зарур, деб ўйлайман. Университетлар учун бу ноанъанавий манбалардан грантларни жалб этиш, молиялаштириш учун мутлақо янги платформадир. Умуман, давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи ҳар икки томон учун жуда муҳим бўлиб, ўзаро муносабатлар ривожига муносиб ҳисса қўшади.