“Ибрат”нинг ибратли ишлари

“Ибрат”нинг ибратли ишлари

Кейинги йилларда халқимиз турмуш самарадорлигини оширишда маҳалланинг ўрни ва мавқейи тобора юксалиб бораётганлигини барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Айни жараёнда амалиётга жорий этилган янги тизим бу борадаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Бир йил аввал мамлакатимиз маҳаллаларида иш бошлаган мутлақо янги тизим – ҳоким ёрдамчилари аҳволи оғир оилаларга манзилли кўмак бериш, уларни ишбилармонликка жалб этиш орқали камбағалликни қисқартириш ва халқимизнинг умумий фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Бугунги мақоламизда Бўзсув ҳудудининг “Ибрат” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Машраб ҚОДИРОВ фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтамиз.

“Ибрат” маҳалласи ҳудуднинг бош маҳаллаларидан бўлиб, бу ерда жами 556 хонадонда 10 дан зиёд миллатга мансуб 2 минг 700 нафарга яқин аҳоли тинч-тотув истиқомат қилмоқда. Ҳудуднинг бошқа маҳаллалардан фарқли жиҳати шундаки, аҳолининг деярли учдан бири 13 та кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. Бу эса, коммуникация тармоқларининг мунтазам ишлашини таъминлашни тақозо этади, албатта. Кейинги йилларда маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракати туфайли бугунги кунга келиб табиий газ ва электр энергияси билан таъминланганлик даражаси 99, ичимлик суви таъминоти эса 90 фоизга етказилди.

Маҳаллада 1 та футбол ўйингоҳи, 1 та умумтаълим мактаби, 1 та қишлоқ врачлик пункти, 5 та савдо маиший дўконлар ва бошқа хизмат кўрсатиш шаҳобчалари фаолият кўрсатмоқда. Аҳоли ёш қатламининг 690 нафари мактабда, 17 нафари олий ўқув юртлари ва 12 нафари касб-ҳунар коллежларида таҳсил олади. Ибратликларнинг яхши бир анъанаси бор, уларни ҳеч вақт бекор учратмайсиз, шу боисданми ҳудудда ишсиз фуқаронинг ўзи йўқ. Улар ишдан бўш вақтларида томорқаларидаги бир парча бўлса ҳам ер ёки мўъжазгина қурилган иссиқхонада йил-ўн икки ой давомида кундалик турмуш учун зарур бўлган маҳсулот етиштириб, рўзғорларига барака киритишса, ортганини бозорга элтишади.

– Фаолиятнинг дастлабки кунларидан асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига қаратилди, – дейди ҳоким ёрдамчиси Машраб Қодиров. – Ўтган давр мобайнида жами 45 та иш ўрни яратилди. Жумладан, 22 нафар фуқаро доимий иш ўрнига, 6 нафари якка тартибдаги тадбиркорликка йўналтириш, 2 нафари ўзини-ўзи банд қилиш, 2 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш ва 13 нафари эса, юридик шахс ташкил этган ҳолда тадбиркорликка йўналтириш орқали доимий даромадга эга бўлишди.

Бевосита ҳоким ёрдамчисининг амалий кўмаги билан 20 нафар фуқаро “Ўзбекистон” МЧЖга ишга жойлаштирилди. 1 нафар фуқаро жамоатчилик асосида боғбонликка йўналтирилди. 3 нафар аёлга замонавий тикув машинаси олиб берилди. Шунингдек, 1 нафари хизмат кўрсатиш, 68 нафари ўзини ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланиб, жами даромадга эга бўлган фуқаролар сони 101 нафарни ташкил этди.

Булардан ташқари ўтган йилнинг тўққиз ойида 16 нафар ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорлик асосларига, 40 нафари эса касб-ҳунарга тавсия берилди. Шундан 12 нафари Аҳоли бандлигига кўмаклашиш ҳамда Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамкорлигида 4 дан ортиқ мутахассисликларда ўқитилиб, бандлиги таъминланди.

Ҳудуднинг асосий хусусияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга мослашган. Лекин, ҳоким ёрдамчиси ишбилармон аҳоли қисмини тадбиркорликка жалб этиш асносида соҳани ривожлантириш, маҳаллада янгидан янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш орқали янги, даромадли иш ўринларини ташкил этиш устида тинмай изланиб келади. У қисқа давр мобайнида бир қатор ижобий натижаларга ҳам эришди, десак муболаға бўлмайди.

Масалан, 6 та якка тартибдаги тадбиркорлик, 13 та юридик шахс ташкил этган ҳолда янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйишда жонбозлик кўрсатди. Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 12 та лойиҳага жами 150 миллион сўм миқдорида кредит йўналтирилди. 7 та оилага энг қулай ва замонавий тикув машиналари ва унга керакли бўлган асбоб-ускуналар етказилиб, жами 12 та иш ўрни яратилди. Ҳозирда улар бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда буюртмачиларга сифатли ва арзон нархларда ўз маҳсулотларини тайёрлаб беришмоқда.

Булардан ташқари “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида ҳисобот даврида “Онлайн маҳалла” платформаси орқали жами қиймати 673 миллион сўм бўлган 38 та лойиҳа учун аризалар келиб тушган бўлиб, шундан ҳоким ёрдамчиси томонидан 150 миллион сўм бўлган 11 та лойиҳага ижобий тавсияномалар берилди. 10 та мақсадли лойиҳа бўйича 140 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Субсидия асосида 1 нафар фуқарога асбоб-ускуна сотиб олиш учун 7 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ўз фаолияти давомида Машраб Қодиров фақатгина иш ўринларини ташкил этиш билан кифояланиб қолмади. Балки, халқ олдида зиммасидаги асосий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Маълумки, маҳалланинг ривожи, эртанги куни, албатта унинг инфраструктура тармоқларининг талаб даражасида эканлигига ҳам боғлиқ. Буларсиз на ривожланишни, на фаровон турмуш сари дадил қадам ташлашнинг иложи йўқ. Айниқса, энг катта муаммо – ичимлик сув, кўчалардаги йўллар носозлиги эди. Электр тармоғидаги узилишлар ҳам турли эътирозларга сабаб бўлаётганди.

Буни яхши англаган Машраб Қодиров дастлаб сув танқислигининг олдини олиш мақсадида маҳаллани сув билан таъминловчи ариқларга эътибор қаратди. Мақсад аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўлиб, ҳашар йўли билан жами 600 метр узунликдаги ариқлар тозаланди. 4 та вертикал суғориш қудуқлари ўрнатилиб, 4 та хонадон томорқасини суғориш учун шароит яратилди. Шунинг­дек, йўлларнинг 400 метри шағаллаштирилди, 5,8 километри асфальт қилинди. Ҳудуддаги эски ва яроқсиз бўлган 2 та трансформатор, 22 та симёғоч ҳамда 85 та тунги чироқлар янгисига алмаштирилди.

Ҳаммамизга маълумки, бу йилги қиш, айниқса, аномал совуқ ҳар биримиз учун синовли келди. Ҳоким ёрдамчиси қиш кунларини талафотсиз ўтказиш, газ ва электр таъминотидаги юзага келган ҳар қандай муаммоларни тегишли ташкилотлар билан биргаликда бартараф этиш, ўз вақтида қўшимча чораларни кўришни соҳа мутасаддиларининг иши деб ўтирмади. Бу борада тегишли ташкилотлар раҳбарлари билан боғланиб дарҳол ишга киришди. Хонадонлар бўлиб, кўмир, суюлтирилган газ балонларига эҳтиёж бор оилаларни ўрганиб чиқди. Дастлабки кунларнинг ўзида кўмирга эҳтиёж бўлган хонадонларга 1,4 тонна кўмир, 67 та хонадонга газ балон етказиб келинди. Ҳудуддаги 480 та хонадонни электр билан таъминловчи 3 та трансформатор таъмирланди. 2 та кўчага қувур тортилиб, 82 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди. Шунингдек, 250 дан ортиқ хонадонга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳаллаларда фаолияти йўлга қўйилган ҳоким ёрдамчиларининг ташаббус ва саъй-ҳаракатлари бугун оддий одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришларга туртки бермоқда. Зеро, улар зиммасига юклатилган кўп қиррали юмушлар енгил эмас. Уларнинг уддасидан чиқиш учун маҳалла ҳудуди, хусусан, оилалардаги аҳволни чуқур билмасдан туриб кўзланган натижага эришиш мушкул.

Бир сўз билан айтганда, маҳалла ичига кириб бориб, аҳолини ўйлантираётган ва ташвишлантираётган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, имкон излаш, ва аксинча, фаолияти фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш, маҳалла ташвиши оқсоқолнинг иши демай, бугун астойдил енг шимариб ишга киришган ҳоким ёрдамчилари саъй-ҳаракатлари натижаси кўзга ташланмоқда.

– Президентимиз ишончини оқлаш ва фуқароларимизга қулай имконият яратиш ҳамда уларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш бизнинг асосий мақсадимизга айланди, – дейди Машраб ­Қодиров. – Шу сабабли, “Ибрат” маҳалласи аҳолиси муам­мосини ечиш ва уларга зарур шароит­лар яратиш йўлида меҳнат қилаёт­ганимдан жуда хурсандман.

Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.