Жорий йилнинг 23-27 октябрь кунлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва унинг тасарруфидаги ҳудудий ахборот-кутубхона марказларида анъанавий “Инфолиб Ўзбекистон-2023” XII миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ҳамда III ёш кутубхоначилар форуми бўлиб ўтди. Форум асосида марказимизда ҳам ҳафта давомида ўтказиладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва 23 октябрь куни ҳафталикнинг очилиши ҳамда “Кутубхона ва замонавий дунё” мавзусида мутахассис куни ўтказилди.
Тадбирда соҳада амалга оширилаётган вазифалар, ютуқлар, бугунги кундаги янгиликлар, кутубхоналарда ахборот технологияларидан фойдаланиш, QR кодли китоблар яратиш, давлат стандартларига мувофиқ газета ва журналларда чоп этиладиган мақолалар ҳамда меъёрий ҳужжатларга библиографик тавсиф тузиш қоидалари ва кутубхонага келиб тушган китобларга янги услубда техник ва илмий ишлов бериш каби янгиликлар тушунтирилди.
Ҳафталикнинг иккинчи кунида “Шоирлар-болаларга” мавзусида шоира Умида Абдуазимова билан учрашув, учинчи кунида янги келган жаҳон адабиёти дурдоналари юзасидан “Ёшлар маънавияти ва китобхолик маданияти” деб номланган китоб кўргазмаси ташкил этилиб, Ж.Гриднинг “Юлдузлар айбдор”, Р.Гултекиннинг “Муҳаббат симфонияси”, А.Куприннинг “Сўнгги ижро” китобларининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда Самарқанд Зооветеринария институтининг Тошкент филиали талабалари иштирок этди. Ҳафталикнинг учинчи куни “Кутубхоналар, китоб ва китобхонлик маънавият кўзгуси” мавзусида Халқ таълими тасарруфидаги кутубхона ходимлари учун маҳорат дарси бўлиб ўтди. Унда мактаб кутубхоначиларига иш жараёнида қўлланиладиган меъёрий ҳужжатлар, ўқувчларни китоб ўқишга қизиқтириш усуллари, электрон китоб яратиш, китоб фондларини сақлаш, уларга илмий ва техник ишлов бериш каби масалалар юзасидан йўлланмалар берилди.
27 октябрь куни ўтказилган “Энг намунали оила кутубхонаси” кўрик-танлови ҳам ниҳоятда қизиқарли бўлиб, унда иштирок этган Маткаримов, Носиров ва Маҳкамовлар оилалари таништирув ва севиб ўқиган китобининг тақдимоти, мантиқий савол, асардан парчани топиш каби шартларни бажариб ўзаро билимларини синашди. Танловда ғолиблик Носировлар оиласига насиб эди. Китобхон оилалар китоблар жамланмаси ва эсдалик совғалари ҳамда ташаккурнома билан тақдирланди. Танловдан сўнг ушбу ҳафталикка якун ясалди.
Барно ФАЙЗИЕВА,
туман Ахборот-кутубхона
маркази мутахассиси.
