Юртимизда давлатимиз томонидан иқтидорли болаларга қаратилаётган катта эътибор боис ёшларимиз орасидаги иқтидорлар юзага чиқмоқда. Айниқса, ўзининг “сеҳрли қалами” билан гўзаллик яратаётган ёш рассомларнинг ижодини кузатган кишининг ҳис-туйғулари ўзгача бўлади. Туманимиздаги 22-мактабда ҳам иқтидорли ўқувчилар кўп. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг иқтидори хорижий давлатларда бўлиб ўтаётган кўрик-танловларда ҳам эътироф этилмоқда.

Маълумки, Чехия давлатининг Лидисе шаҳрида 2023 йилнинг март, апрель ойларида «Рақс» мавзусида 51-Халқаро болалар расмлари танлови бўлиб ўтганди. Унда дунёнинг 83 та давлатидаги 1502 та мактаб ва ташкилотлар, жами 16 минг 416 та болалар расмлари билан иштирок этишди. Бу танловда республикамиздаги 15 та мактабнинг иқтидорли болалари 117 та болалар расмлари билан қатнашишди. Улар орасида 22-мактаб ўқувчилари ҳам бор эди. Улар 15 та болалар расмлари билан қатнашиб, ғолиб деб топилиб, 1 та олтин медаль ва 2 та сертификатни қўлга киритишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, болаларнинг бу муваффақиятида ўқувчиларни болалар расмлар танловига тайёрлаган мактабнинг тасвирий санъат фани ўқитувчиси Бобуржон Расуловнинг хизматлари катта бўлди. Бундай муваффақият ўқувчиларни янада руҳлантириб, уларнинг иқтидори шаклланишига хизмат қилган бўлса не ажаб. Мактаб ўқувчилари Чехияда 77 та давлатдан келган 4-16 ёшли болалар ўртасида «Музей» мавзусида ўтказилган 50-Халқаро болалар расмлари кўргазмасида ҳам фаол иштирок этишди. Мазкур танловга умумий ҳисобда 14 минг 527 та расмлар тўплами тақдим этилган эди.

Ўзбекистон номидан 2 та мактаб: Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати 7 та расмлар тўплами билан ҳамда 22-умумтаълим мактаби ўқувчилари 15 та расмлар тўплами билан қатнашишди. Ушбу болалар расмлари кўргазмасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган туманимиздаги 22-мактабнинг 4 нафар ўқувчилари – Юлдуз Абдурашидова кўргазма олтин медали ва Сарвиноз Шавкатова, Каримбой Тўхтаев, Ҳадича Хушмоновалар кўргазманинг рағбатлантирувчи сертификатларини қўлга киритишди. Куни кеча мактабга Чехия давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Любомир Фреборт жаноблари ташриф буюриб, ўқувчиларнинг қай даражада билим олаётганлиги, уларга яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишди ҳамда ғолиб ёш рассомларни тақдирлаб, уларнинг келгуси ижодларига муваффақиятлар тилади.
Ж.АМИРОВА.
