Фидойи, оқила, меҳнаткаш аёл

Фидойи, оқила, меҳнаткаш аёл

Сиз бу тик қоматли, боқишларидан меҳр-муҳаббат, ўзига бўлган ишонч ёғилиб турган бу аёлни нафақат маҳалласида, балки туманнинг турли ҳудудларида ҳам учратган бўлишингиз керак. У – бугун ўз тенгқурлари қатори пенсиясини олиб уйда ҳузур-ҳаловатда ўтириш, борган жойига бориб, келган жойига келиш ўрнига ҳаловатсиз бир ҳаётни танлади. Бу, маҳалла хотин-қизларининг қувончу ташвишларига шерик бўлиш, уларнинг ҳар бирининг дардини ўз дарди билиб яшашдек масъулиятли, машаққатли ва айни чоқда савобли ишдир. Муҳайё опа Саидова маҳалла ишини ўз ҳаётининг мазмунига айлантирди. Мана 10 йилдирки, Муҳайё опа “Ўртаовул” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли сифатида ўзининг фидойи, оқила, меҳнаткаш эканлигини кўрсатиб келмоқда.

ОИЛА ҲЕЧ ҚАЧОН ДАРЗ КЕТМАСИН

Ўтган йили маҳалла хотин-қизларидан турли мавзуларда 88 та мурожаат келиб тушди. Муҳайё опа буларнинг барчасини чуқур ўрганиб, ечим топди. Опани, айниқса, оилавий келишмовчиликлар қаттиқ ташвишлантиради. “Аслида ажрим учун айтарли жиддий сабаб йўқ, – дейди у. – Оилада бўлиб турадиган майда икир-чикирлар. Лекин бугун айрим ёшларнинг оилани муқаддас деб билиш ўрнига, ажрашишга шунчаки одатий бир нарса деб қараётганлиги ғоят ачинарлидир. Демак, ёшлар ўртасида янада жиддийроқ иш олиб бориш керак, токи улар оила масъулиятини тушуниб етсин”. Хотин-қизлардан келиб тушган мурожаатларнинг 15 таси оилавий можаролар эди. Нима қилиш керак? Муҳайё опа “Оқила аёллар” ҳаракати, “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” комиссияси, “Аёллар маслаҳат кенгаши” аъзоларини ёнига олиб, ишга киришди. Натижада ажрим ёқасига келиб қолган 10 оила яраштирилди, қолган оилалар билан эса кенг қамровли ишлар олиб борилиб, улар билан яккама-якка суҳбатлашилиб, яхшилаб ўйлаб кўришлари учун вақт берилди. Мустаҳкам оилага никоҳдан олдин тамал тоши қўйилади. Бу эса ёшларни оилавий ҳаётга тўғри тайёрлашдир. Турмуш қуриш арафасида турган 3 жуфтлик, уларнинг оналари билан оила муқаддаслиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди, тиббий кўрикнинг аҳамияти, сабр ва шукр ҳаётда энг тўғри йўл эканлиги ҳақида суҳбатлар ўтказилди. Бундай суҳбатлар эса мактабларда, маҳаллаларда ҳам ўтказиб борилмоқда.

ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ИШ КЎП

Ишлайман деган одамга иш кўп. Негаки, маҳалла шаҳарга яқин. Бундан ташқари маҳаллада, қўшни маҳаллаларда ҳам тадбиркорлик ривожлангани сайин ишчи кучига эҳтиёж ортиб бормоқда. Муҳайё опа маҳалла айланиб, хотин-қизлар билан суҳбатлашар экан, уларга бу ҳақда маълумот беради. Эътиборли жиҳати, бекор юрган хотин-қизнинг ўзи йўқ. Тўғри, орада ишлаш истагида бўлганлар ҳам чиқиб қолади. Шундай аёлларнинг 3 нафари ишга жойлаштирилди, 5 нафари “устоз-шогирд” анъанаси асосида тадбиркор Х.Парпибаевага бириктирилди, уйда ўтириб тикувчилик, деҳқончилик, томорқачилик билан шуғулланаётган ёки бошқа ишда ишлаётган 10 нафар аёл ўзини ўзи банд қилганлар сафига қўшилди. 4 нафар аёлга субсидия асосида тикув машиналари, бир аёлга имтиёзли кредит ҳисобидан 14,5 миллион сўмлик ун маҳсулотлари олиб берилди. Бу аёллар бугунги кунда тадбиркорлигини муваффақиятли давом эттиришмоқда.

ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ ЭНГ ЯХШИ ҲАМКОР

Ҳа, ҳоким ёрдамчиси лавозимининг ташкил этилганлиги хўб ажойиб иш бўлди-да. Муҳайё опа у билан биргаликда анча-мунча муаммоларига ечим топди. Жумладан, тадбиркорлик қилиш истагида юрган 7 нафар аёлнинг 3 нафарига 14 фоизли кредит асосида, 4 нафарига эса субсидия асосида тикув машиналари олиб берилди. Шундан 5 нафарига “Аёллар дафтари” орқали, 2 нафарига “Ҳар бир аёл тадбиркор” йўналишида ёрдам кўрсатилди.

ЎҚИБ, ҲУНАР ЎРГАНГАН КАМ БЎЛМАЙДИ

Муҳайё опа хонадонларни ўрганаётганида касб-ҳунарга ўқиш истагида бўлган 6 нафар хотин-қизни аниқлади. Улар касб-хунарга ўқитилди. Шулардан “Темир дафтар” рўйхатида турган ногиронлиги бор Б.Икромова “Моно марказ”да сартарошлик йўналишида ўқиб, ҳозирда Тошкент шаҳридаги “Гўзаллик салони”да иш фаолиятини олиб бориб, оилавий ҳаётини яхшилашга эришди. 2 нафар аёл ишга жойлаштирилди, 4 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга олий таълимга йўлланма-тавсиялар берилди. 10 нафар аёл “Аёллар дафтари” рўйхатида туриб, ўзини ўзи банд қилди, 3 нафари ишга жойлаштирилди ва ўз фаолиятини амалга оширмоқда. 4 нафар келинлар эса олий таълимда ўқишмоқда.

ҚИЙНАЛГАН ОИЛАГА ҲАМИША ЁРДАМ ҚЎЛИ ЧЎЗИЛАДИ

Оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ва маънавий кўмак беришга ҳам алоҳида эътибоор қаратилмоқда. Жумладан, хотин-қизлардан тушган 86 та мурожаат ўрганиб чиқилди ва 84 нафари ижобий ҳал этилди, 18 нафар аёлга туман ҳокимлиги ва маҳалла ҳомийлари томонидан пул маблағи, 68 нафарига моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди, қолган мурожаатлар билан манзилли ишлар амалга оширилди. Бу каби хайрли ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.

ОЗОДА ХОНАДОНДАН КАСАЛЛИК ҚОЧАДИ

Хонадон гигиенаси, соғлом турмуш тарзи бўйича кўчаларда алоҳида тадбирлар ўтказилмоқда, ҳар бир хонадон атрофини бегона ўтлардан тозалаш ва ободонлаштириш, чиқиндиларни олиб чиқиш, пашша, кемирувчи ва ҳашаротларга қарши кураш бўйича ҳар ҳафта тушунтириш-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Маҳалла телеграм канали орқали ҳам маълумот, тавсиялар бериб борилмоқда. “Яшил макон” лойиҳаси бўйича ҳар бир хонадон томорқасида кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Эҳтиёжманд оилаларга уруғ, кўчатлар тарқатилди. 2023 йил 28 ноябрь куни туман ҳокимлиги томонидан бепул берилган ўрик кўчатларининг 90 таси оилаларга, 90 таси боғ яратиш учун “Жўрабек Бизнес” МЧЖга бериб, эктирилди. Бу йилги кўчат экиш ишлари ҳам қизғин олиб борилмоқда.

БАЙРАМ ЧИРОЙЛИ НИШОНЛАНДИ

Маҳаллада қандай иш амалга оширилмасин, Муҳайё опа бош-қош. Мана бу йил ҳам Наврўз маҳаллада катта байрамга айланиб кетди. Дошқозонларда сумалак қайнади, ош дамланди, дастурхонлар баҳорнинг тансиқ неъмати ҳисобланган кўк сомсаю чучваралар билан тўкин-сочин бўлди, миллий урф-одат ва ўйинларимиз намойиш этилди. Ҳа, “еттилик”и жипслашган, бир-бирини тушунган ҳолда биргаликда ҳаракат қилган ва, айниқса, Муҳайё опа каби оқила, доно онахони бор маҳалла ҳамиша гуллаб-яшнайди, одамлари бир-бирига меҳрибон, оқибатли бўлиб турмуш кечиради. Муҳайё опанинг оиласи маҳалладаги оилаларга ибрат. У меҳрибон она сифатида турмуш ўртоғи Саидакмал ака билан биргаликда 3 нафар фарзандини ўқитиб, олий маълумотли қилиб тарбиялади, ҳозирда ҳаммалари оилали. Неваралар шундай бувижониси борлигидан фахрланишади. Жумладан, биз ҳам. Машҳура ЭРГАШЕВА, “Қайноналар кенгаши” аъзоси.

Мэлсхон АҲМАДЖОНОВА,
“Оқила аёллар ҳаракати” аъзоси.