Қишнинг изғиринли кунлари эди. Бир фуқаро шошилганча бўлимимизга адёлга ўралган 2 ёшлар атрофидаги болани олиб келди. “Бўзсув” каналига тушиб кетибди, – деди у.
– Сувдан олиб чиқиб тезда олиб келавердим…”
Бўлимимизнинг шифокору ҳамширалари бир зумда оёққа туришди. Бола совуқда музлаб қолган, кўкариб кетган, нафас олиши сезилмасди. Ундан ботқоқ ҳиди келарди. Тезда болани иситиб, иссиқ муолажалар қилишга киришдик. Ярим соатдан кейин ўзига келди. Маълум бўлишича, боланинг уйи канал ёқасида экан. У ўйнаб юриб, каналнинг ёқасига бориб қолиб, сувга тушиб кетган экан. Яхшиямки уни қўшниси кўриб қолиб сувдан чиқариб олиб, тезда бўлимимизга олиб келибди… Бўлимимизга ранги кўкариб кетган, пульси урмаётган болакайни олиб келишди. Унда ҳаёт асари сезилмасди. Бола танга ютиб юборган бўлиб, у боланинг нафас йўлини тўсиб қўйганди. Тангани олиб ташладик. Анча ҳаракатларимиздан сўнг бола ҳаётга қайтди… Бўлимимизга судурги берган уч ойлик бола ҳаёт асарисиз келтирилди. Дарров аппаратга олдик. Лекин кўрсаткичлар йўқ. Ҳарчанд ҳаракат қилмайлик гўдакни ҳаётга қайтаролмадик. Умид узилди. Аппаратдан олиш вақти етди. Лекин негадир бунга кўнглим чопмади.

Ҳаётга эндигина келиб, ҳали яшаш нималигини ҳам билишга улгурмаган, ўзгалар ҳимоясига муҳтож бўлган гўдакни кўриб юрагим эзилиб кетди. Барча ҳаракатлар бефойдалигини сезиб турсам-да, юрагимнинг бир четида умид чироғи милтиллар ва мени болани аппаратдан олмасликка даъват этарди. Яна ҳаракатга тушдик. Юрагини массаж қила бошладим… Мўъжиза юр берди, чақалоқнинг жажжи юраги гупиллаб уриб кетди. Қувонганимдан йиғлаб юбордим… Бўлимимиз бошлиғи Собир Қўшмуродов, 7 нафар навбатчи шифокор, 9 нафар ҳамширалар билан бирга ҳар бир кун ва тунимиз ана шундай ҳаловатсиз ўтади. Чунки бўлимимиз ўз номи билан болалар реанимацияси. 1919 йилда очилган 6 ўринли бўлимимизда пневмания, ўткир бронхит, талваса синдроми, ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги, ўткир нафас етишмовчилиги, сепсис каби касалликлар билан оғриган 2 ойликдан 17 ёшгача бўлган болалар даволанади.
Уларни оғир аҳволдан чиқариб олиш ва даволашимиз учун барча тиббий асбоб-ускуна ва аппаратларимиз бор. Давлат томонидан юз фоиз керакли дори-дар – монлар билан таъминланганмиз. Ётиш, давола – ниш бепул. Беморлар касалининг оғир-енгилига қараб 3 кундан 25 кунгача бўлган муддатда даволанадилар. Ўтган йили 396 нафар беморни даволаб, оилалари бағрига қайтардик. Бу айтишгагина осон рақам. Унинг замирида ҳар бир боланинг тақдири, тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнати, ҳар бир болани ўз фарзандидек билиб, уларга меҳр билан муомала қилиши ва парваришлаши ётибди. Айниқса, кичик тиббий ходимларнинг беморлар бошида парвона бўлиб, уларга оналарча муносабатда бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Ана шундай фидойи шифокорлар билан ёнма-ён ишлаётганлигимдан чексиз фахрланаман.
Нозима ОБИДЖОНОВА,
туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли
Болалар реанимацияси бўлими катта ҳамшираси.
