«Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз»

«Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз»

Президентимизнинг 2024 йил 4 мартдаги «2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижроси, шунингдек, мамлакатимизда мўътабар аёл зотига улкан эҳтиром кўрсатиш, давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган хотин-қизлар фаолиятини тарғиб этиш мақсадида “Олмазор маҳалласида «Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Туман ҳокимлиги, туман Хотин-қизлар бўлими, Маънавият тарғиботи, Маданият бўлимлари, туман “Истиқбол” газетаси таҳририяти, Ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирга Ўртаовул ҳудудида истиқомат қилаётган кайвони онахонлар, ибратли оилалар бекалари, фаол хотин-қизлар жамулжам бўлдилар.

Тадбирда сўз олган туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Саодат Усмонова, республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Гулнора Турсунова ва бошқалар Президентимизнинг 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган маросимда сўзлаган нутқи ҳамда мамлакатимиз аёлларига қилган мурожаатларининг мазмун-моҳияти, юртимизда хотин-қизларнинг эмин-эркин яшашлари, таълим олишлари, меҳнат қилишлари учун яратилган шароитлар, кенг имкониятлар ҳақида сўзладилар. Аёлларни мадҳ этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар янгради. 13-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, Маданият бўлими хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага хушкайфият бағишлади. Тадбирда фарзандларига муносиб тарбия бериб, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизларга туман ҳокимлиги томонидан ташаккурнома ҳамда байрам совғалари топширилди.

Дилбар ШАРИПОВА.