Хусусий корхона раҳбариман, қурилиш ашёларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланамиз. Ўтган йили бир қурилиш ташкилотининг раҳбари ва бош ҳисобчиси келиб, “қурилиш тўхтаб қолмасин, товарларни бериб тураверинг, шартномани расмийлаштириб, кейин пулини албатта ўтказиб берамиз” дейишди. Лекин, берилган ваъда бажарилмади.
Қўлимизда товарлар олиб кетилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд. Уларни олиб кетган шахслар ҳам буни инкор этишмайди. Ўзини раҳбарман, деб таништирган шахс билан телефон орқали ҳам боғланиб бўлмади. Ниҳоят ташкилотни қидириб топдим, бош ҳисобчига учрашиб, ваъдаларини эслатсам: “Ака, берган товарларингиз қурилиш учун ишлатиб бўлинган, ташкилотга янги раҳбар келди, унга тушунтириб бера олмаяпман, шартнома тузиш учун ҳам рози бўлмаяпти”, – деди. Инсонларнинг лафзига ишониб, энди сарсон бўляпман, қандай йўл тутсам бўлади?
Қ.РЎЗИЕВ,
Тошкент вилояти.
Ушбу саволга Зангиота туманлараро Иқтисодий судининг раиси Сарвар СОЛИЕВ жавоб беради:
Фуқаролик кодексининг 108-моддасига мувофиқ, нотариал тасдиқланиши талаб этиладиган битимлардан ташқари, қуйидаги битимлар оддий ёзма шаклда тузилади:
1) юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари;
2) фуқаролар ўртасидаги белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса – битим суммасидан қатъи назар, бошқа битимлар.
Шу Кодекснинг 109-моддасига кўра, битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмуни ёки бажарилганлигини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидирлар. Қонунда ёки тарафларнинг келишувида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 203-сонли қарорининг 8-бандида агар тарафларнинг шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида тушунтириш берилган. Қайд этилганлардан келиб чиқиб, товарлар амалда етказиб берилганлигини исботловчи далилларни илова қилган ҳолда судга мурожаат этишга ҳақлисиз.
