Туман аҳолисига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитария ёрдам сифати ва скрининг дастурларини самарали ўтказиш ҳамда касалликларни эрта аниқлаш мақсадида бир қатор амалий тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 февралидан 1 апрелига қадар туман аҳолисининг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга таснифлаш учун барча Оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда кўп тармоқли поликлиникаларда қайта хатлов жараёнлари ўтказилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ушбу ташкил этилган тиббий бригадалар кесимида профилактик кўрик ва скрининг текширувларини ўтказиш, сурункали касалликлар аниқланган беморларни диспансер кузатувига олиш, соғломлаштириш бўйича индивидуал режа тузган ҳолда ишни ташкил этиш чоралари кўрилиб, мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморларни назоратга олиш, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг юқумли бўлмаган касалликлар, аёлларда онкологик кўкрак бези ва бачадон саратонини аниқлаш бўйича скрининг кўриклар ўтказиш ва кўплаб бошқа долзарб масалалар ҳам диққат марказимизда бўлмоқда. Шунингдек, ушбу хатлов жараёнлари мобайнида аниқланган сурункали касалликлар билан оғриган беморларни назоратга олиш ва уларни манзилли (туман, вилоят ёки республика даражасидаги муассасалар) даволаш ишлари ташкиллаштирилмоқда.
Ақида АЗИМОВА,
Саломатлик ва стратегик ривожлантириш институти
Зангиота тумани бўлинмаси шифокори.
