Қурилиш фирмасининг раҳбариман. Ўтган йили маълум муддат иқтисодий танглик сабабли ғишт маҳсулоти етказиб берган корхонадан қарз бўлиб қолган эдик. Қарз суммаси шартлашилган муддатдан бироз кечикиб тўлиқ тўланган. Лекин, шунга қарамасдан корхона фирмамиз устидан иқтисодий судга ариза билан мурожаат этибди. Суд эса, менинг иштирокимни таъминламасдан низони кўриб, унинг фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилибди. Ижро ҳаракатлари давомида ушбу суд ҳужжатидан хабардор бўлдим ва ҳал қилув қарорининг устидан апелляция тартибида шикоят қилдим. Апелляция инстанцияси суди шикоят қилишнинг қонунчиликда белгиланган тартибига кўра ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб, шикоятимни кўриб чиқди ва қарзим йўқлиги ўз исботини топганлиги боис, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, корхонанинг даъвосини рад этди. Лекин суд ҳужжати қонуний кучда бўлган вақтда олиб борилган ижро ҳаракатлари жараёнида суд ҳужжатининг ижроси тўлиқ таъминланиб, менинг ҳисобимдан пул маблағи ундириб олинган. Энди мен корхонани судга бериб, ундан пул маблағини қайтариб оламанми, мавжуд бўлмаган қарзим учун яна сарсон бўлиб, давлат божи ва бошқа суд харажатларини ҳам тўлайманми?
Х.СОБИРОВ, тадбиркор.
Ушбу саволга Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси Сарвар СОЛИЕВ жавоб беради:
– Йўқ, бу ҳолатда судга даъво билан мурожаат қилишга ҳам, суд харажатларини тўлашга ҳам мажбур эмассиз. Боиси, Иқтисодий процессуал кодексининг 343-моддасига мувофиқ, агар ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилиб ёки бекор қилиниб, даъвони тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса, ёҳуд иш юритиш тугатилса ёки даъво кўрилмасдан қолдирилса, бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича даъвогар фойдасига ундирилган ҳамма нарса жавобгарга қайтарилади. Агар суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала илгари қабул қилинган суд ҳужжатини бекор қилган апелляция инстанцияси суди томонидан ҳал этилмаган бўлса, у ҳолда бу масалада биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақлисиз.
Аризангиз судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда суд мажлисида кўриб чиқилади. Аризангиз қаноатлантирилган тақдирда, суд ундирилган пул маблағларини, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариш учун ижро варақаси беради. Фақат илгари қабул қилинган суд ҳужжати ижро этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги аризангизга илова қилишни унутманг.
