Тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олиниши керак

Тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олиниши керак

Президентимиз томонидан шу йил 2 февралда имзоланган “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги ЎРҚ-903-сонли Қонун билан тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги асосий принциплар, соҳани давлат томонидан тартибга солиш, тупроқ унумдорлигини ошириш асослари ва тартиби белгиланди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Ер эгалари Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтидан ўзига тегишли ер участкасидаги тупроқнинг сифатини баҳолаш тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Ер эгалари шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда тупроқнинг мавжуд унумдор қатламини сидириб олиши ва сақлаши шарт.

Сидириб олинган тупроқнинг унумдор қатламини қурилиш ташкилотлари ҳокимликлар томонидан белгиланган жойларга сақлаш учун олиб чиқади. Тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмаганлиги ва сақланмаганлиги факти аниқланганда, етказилган зарарнинг ўрни маҳаллий бюджетга қопланади. Мазкур пул маблағларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун фойдаланилади. Тупроқни ўрганиш Қиш­лоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларининг ваколатли ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Ушбу Қонун расмий ­эълон қилинган кундан ­эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Ҳ.Жўраев тайёрлади.