Шукр қилгувчилaрни севади

Шукр қилгувчилaрни севади

Яқинда бахт чегараси деган тушунчага кўзим тушиб қолди. Унда инсон бахти моддиятга боғланган эди. Шу фикр­ни ўқишим билан хаёлимдан бахтни ҳис этиш учун бу чегарани босиб ўтиш шарт эмас, инсон шукрни ҳис этишни билса бас, бахт ҳеч қандай моддиятга боғлиқ эмаслигини тушуниб етади, деган ўйлар ўтди. Қуръоннинг Иброҳим сураси 7-оятида шундай де­йилган: “Қасамки, берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта зиёда қилурман”. Банданинг ваъдаси бажарилмас, аммо Аллоҳ ваъда берса албатта ижобат бўлади.Иш юзасидан туманда ҳар хил тоифадаги инсонлар билан мулоқотда бўламиз.

Аҳолимизнинг аксарияти теран фикрли, қалби тоза инсонлар. Улар имконияти чекланганлар қанча? Улар ҳам ҳаётидан мамнун, яшашидан рози. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, шундай инсонлар ҳам борки, соғлом бўлишига қарамасдан ҳаётидан, ён-атрофидаги инсонлардан норизо, ношукр. Улар билан доимий мулоқот қилиб, ҳаёт завқини ту­йишга ўргатамиз. Тўғри-да, ҳаёт инсонга бир мартагина берилади. Уни қандай яшаб ўтиш ҳар кимнинг ўз қўлида. Яшаш – бахт. Яхши яшаш, ўтаётган умрнинг ҳар лаҳзасидан мазмун топиб, шукр билан яшаш ундан-да катта бахт. Робин Шарманинг “Ўлсанг ким йиғлайди” китобида шундай деган “Биз қачон вафот этишимизни билмаганимиз учун ҳам ҳаётимизни чексиз деб ўйлаймиз…

” Ҳаёт чексиз, аммо инсонга берилган умр чегараланган, ўлчоғликдир. Яқинда касаллик туфайли 35 ёшида вафот этган синглим мисолида айтаманки, ҳаётга тўймаган, икки норасидасини ташлаб кетишга кўзи қиймай илтижо билан термулган кўзларига боқиб ўлим ҳақ, яратганнинг ўлчаб берган умридан бир дақиқа ҳам ортиғини яшолмаслигимиз, лекин Яратганнинг синовларига шукр қилиб, уни борича қабул қилиб, ҳар бир дақиқани, ҳар бир нарсани вақтида қадрига етиб яшамоқ лозимлигига яна бир бор амин бўлдим. Ва бу фикрларимни бот-бот такрорлашдан чарчамайман: эй инсон, бунча дилинг оғришига асос йўқ…
Ҳар бир нафасимиз учун, ҳаё­тимиз учун, яшаётганимиз учун дил-дилимиздан шукроналар келтирайлик. Зеро, Яратган эгам шукр қилгувчиларни севади.

Шаҳноза БОБОЖОНОВА,
туман Маънавият ва маърифат
бўлинмаси раҳбари.