Арзон ва сифатли маҳсулотлар xорижда ҳам харидоргир

Арзон ва сифатли маҳсулотлар xорижда ҳам харидоргир

Меҳнатсевар, ишбилармон ўзбегим ўғлонлари аждодларимизга муносиб ворис эканлигини ҳар жабҳада исботлаб келаётганидан халқимиз доимо мамнун. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилининг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. 1,5 гектар майдонни эгаллаган улкан иншоотда бугун ҳаёт қайнайди. Қайсики, унда орзу-мақсадлар сари ўзига ҳалолликни дўст билган интилувчан инсонлар жам бўлиб, улар халқ манфаати йўлида куну тун меҳнат қилишади. “HONOR” мебель заводи бугун наинки катта ҳудудни ташкил этиши, балки ишлаб чиқариш ҳажми, ишчи кучи, ҳамкорлик жиҳатдан ҳам катта натижаларга эришган мазкур компаниянинг ўз тарихи, босиб ўтган шарафли йўли ва бу йўлда енгиб ўтилган машаққатлари борки, иш бошида турганлар эндиликда у кунларни ўзига ишонч ва фахр ҳисси билан эслашади.

2010 йилда Абдуҳаким ака Тошмуҳамедов фарзандлари Иззатилла ва Саъдуллажонга янги бир иш бошлашни тавсия этади. Жонкуяр ота ўғилларининг келажагини мебель соҳасида кўрди ва адашмади. Фарзандлар ота дуоси билан янги ишга қўл уриб, шогирд тушдилар. Тиришқоқ ака-укалар қисқа муддатда ишнинг паст-баландини ўрганиб, Хитойдан импорт мебель савдоси билан шуғулланувчи “Зийнат мебель” савдо дўкони фаолия­тини йўлга қўйишади. Оиланинг кенжаси Саъдуллажон бу борада иштиёқи анчайин баланд чиқди. Ҳам директор ўринбосари, ҳам бош сотувчи бўлиб астойдил меҳнат қилиш асносида у мустақил равишда янги ғоялар кирита бошлади: 2013 йилдан дўсти ва устози Музаффар билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўяди. 2014 йилдан “Зийнат мебель” энди ўзи мустақил ётоқ ва меҳмонхона мебель жиҳозларини ишлаб чиқаришни йўлга қўя бошлайди.

Астойдил меҳнат бўлган жойда ривожланиш ҳам бўлиши табиий. Дастлаб ижарага ҳамкорликда иш олиб борилган бўлса, бир муддатдан сўнг биринчи фабрикага асос солинди. 3 киши билан бошланган иш 2015 йилга келиб 60 нафарга етди. Бу эса, иш тўғри ташкил этилганидан, кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганидан далолат эди… Бундан руҳланган ишбилармонлар фаолиятни янада кенгайтириш мақсадида Зангиота туманидан каттагина майдонда корхона ташкил этиб, янги технологиялар асосида фаолиятни кенгайтиришди. Саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йилга келиб “Зийнат мебель” ишчилари сони 80 нафарга етди. Ҳозирда бу ерда асосан ётоқ ва меҳмонхона учун шинам ва бежиримгина юмшоқ мебеллар ишлаб чиқарилмоқда.

– Тўғри, бугунги эришаётган марраларни қўлга киритишнинг ўзи бўлмади, – дейди корхона раҳбари Абдураҳмон Қодиров. – Бунинг учун не-не синовлардан ўтишга тўғри келди, лекин қатъий мақсад ва мустаҳкам ишонч билан дадил қадам ташлашдан чекинмадик. Бу натижаларга эришишда, аввало, давлатимиз томонидан биз ишбилармон тадбиркорларга яратиб берилаётган кўплаб шароит ва имкониятлар асқотди. Йилдан-йилга жаҳон мебелсозлик саноатида эришилаётган ютуқларни фаолиятимизга татбиқ этиб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Дарҳақиқат, қарийб икки йилдирки, янада сифатли, дунё стандартларига мос келадиган маҳсулот ишлаб чиқариш истагида корхонага Туркиядан мебелсозлик саноатининг малакали мутахассислари жалб этилди. Мутахассисларнинг саъй-ҳаракати билан корхона ходимлари қисқа фурсатда ишлаб чиқаришдаги янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириб, тажриба алмашишди. Тўғри бу жараён ҳам машаққатсиз бўлмади. Ўрни келганида келгуси улкан мақсадлар рўёбга чиқиши учун даромадсиз ишлашга ҳам тўғри келди. Тез орада жаҳон стандартларига хос ишлашни ўзлаштирган шогирдлар меҳнати кутилган самарасини бера бош­лади. Иш ҳажми янада ортди. Биргина юмшоқ мебелнинг ўзидан харидорларга 15 га яқин бичим ва дизайнда ойига юзтагача етказиб берилгани иш кўлами нечоғли кенгайганлигини кўрсатади.

2022 йилдан “Зийнат мебель” янги бренд – “HONOR” номи билан ишлай бошлади. Бунинг боиси бошқа давлатларга экспорт қилиш жараёни билан боғлиқ бўлиб, жаҳон стандартларига муносиб тарзда юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилаётганига наинки юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам катта ишонч қозонишга муваффақ бўлинди. Жорий йилдан корхона ишчилари сони 100 дан ошди. Ўз маҳсулотида аввало сифат ва қулайликка эришишни кўзлаган “HONOR” мебель фабрикаси эндиликда 3 йўналишда иш олиб бормоқда. Айни кунларда ҳам корхона дизайнерларию ишчи-ходимлари янада замонавий мебеллар ишлаб чиқариб, халқимиз хонадонларини тўлдириш мақсадида изланишмоқда. Жумладан, яқин кунларда мебелсозликнинг илғор технологияларини жорий этишда Хитой билан ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Корхона бугунга келиб нафақат мамлакат ички бозори талабини қондириш, балки қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикаларига ҳам сифатли маҳсулот экспорт қилишни яхши йўлга қўйган. “HONOR” ишбилармонлари Туркия билан ҳамкорликда мебель аксессуарлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида изланишмоқда. Тинимсиз меҳнат, интилиш, учраган тўсиқлардан чўчимаслик – муваффақият гарови. Бу сўзлар салмоғини “Зийнат мебель”, яъни “HONOR” компанияси жонкуярлари чуқур анг­лашган. Ота-она дуосидан куч олиб меҳнат қилаётган бу заҳматкашлар ўз олдига омонатга хиёнат қилмаган ҳолда, халқ ризолиги йўлида бор билим ва кучини сарфлашни ният қилган. Мақсад эса жамиятга фойда келтириш, одамларни иш билан таъминлаш ва ҳалол тижоратни йўлга қўйишдир.

Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.