“Копток тепманглар, гулларимни синдириб қўясизлар”

“Копток тепманглар, гулларимни синдириб қўясизлар”

Ҳар куни кечга томон 90 дан ортиқ оила истиқомат қиладиган маҳалламиз кўчаси болаларнинг қий-чувига тўлади. Бошланғич синфлардан тортиб ўрта синфларда ўқийдиган болаларгача кўчани тўлдириб копток тепаётган бўлади. Ҳар куни кечга томон 90 дан ортиқ оила истиқомат қиладиган маҳалламиз кўчаси болаларнинг қий-чувига тўлади. Бошланғич синф­лардан тортиб ўрта синфларда ўқийдиган болаларгача кўчани тўлдириб копток тепаётган бўлади.

Шу пайт қўшнилардан бири ҳайҳайлаб қолади: “Нарироққа бориб ўйнанглар, коптогинглар гулларимни синдириб ташлаяпти, ўзи зўрға кўкартираяпман”. Болалар истар-истамас нари сурилишади. Эндиги навбат кейинги қўшнига келади: “Футбол ўйнайдиган жойми уйимнинг олди, кетинглар”. Болалар истар-истамас яна нарига кетишади. Бу уйда яшовчи эркакнинг феъли чатоқроқ. Агар у уйида бўлмаса, болалар бу ерда бемалол копток тепишади. Уйида бўлса, болаларни кўрган ҳамоно маҳаллани бошига кўтаради. Бир куни болалар тепган копток деворидан ошиб, ҳовлисига тушган экан, амаки уни ёриб ташлабди.

Хуллас, болаларга катталардан “кун йўқ”. Улар ноилож коптокни ташлашади-да, қўлига телефон олишади. Уйидаги катталардан бири “телефон ўйнагунча, спорт билан шуғуллансанг, бошқа ўйин ўйнасанг бўлмайдими?”, деса, уларнинг жавоби тайёр: “Ҳамма уйининг олдидан ҳайдаса, қаерда копток тепайлик?…”

Шундай чоқларда ўйлаб қоламан: болаларнинг спорт билан шуғулланиши, футбол ўйнаши учун етарли шароит бўлмаганидан кейин, улар телефонга ружу қўйишаяпти-да…” Гоҳида эсимга Президентнинг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тушиб қолади-ю, болаларнинг дилига умид чўғини ташлайман: Президентимизнинг қарори бор, унда маҳаллаларда футбол майдонлари қурилиши, шу жумладан, давлат хусусий шериклик шартларида қурилишини назарда тутувчи “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури қабул қилинган. Бир кун бизнинг кўчада ҳам байрам бўлиб қолар…

Лекин шу байрам ҳалигача бўлмади… Болалар ҳамон кўчада копток тепади, хонадон эгаларидан гап эшитади… Балки уларнинг орасидан келгусида нуфузли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритадиган машҳур футболчилар етишиб чиққан бўлармиди…

Ҳамманинг жону дилига айланган ўйин

Футбол – халқимизнинг жону дили. Болалар болалигидан копток тепиб вояга етади. Ёшу қари иши, ўқиши қолса қоладики, ҳатто, ширин уйқусидан ҳам кечиб телевизор орқали берилаётган футбол мусобақаларини берилиб томоша қилади. Ўзбекистон тўпсурарлари турли давлатлар футболчилари билан бўлган мусобақаларда яхши натижага эришса, ўзлари ғолиб бўлгандек, дўпписини осмонга отишади. Футболчиларимиз ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам анча яхши натижаларга эришиб келаяптики, бу ҳали чегара эмас. Кун келади, улар шоҳсупанинг энг баландидан жой олишади. Бунга эса мустаҳкам замин яратилмоқда.

Юртимизда мустақиллик йилларида бу борада кетма-кет тегиш­ли Фармон ва қарорлар қабул қилинган. Кейинги йиллар ичида эса эътибор янада кучайди. Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ўзбек футболи истиқболи сари муҳим қадам бўлди. Ўтган давр мобайнида Фармонда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Футболни ривожлантиришда энг аввало болалар футболи, оммавий футбол, селекция, иқтидорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.

Хусусан, мактаблараро лига ташкил этилиб, мусобақалар мунтазам кўринишга келтирилди. Футбол мактаблари ўртасидаги респуб­лика миқёсидаги мусобақалар қамрови ошди. Минглаб болалар ўз орзуларига эришиб, профессионал футболга илк қадамлар ташлади. Инфратузилмани яхшилаш, академиялар фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича аниқ ва кенг қамровли ишлар қилинди. ОФК ва ФИФА билан ҳамкорликда ҳудудларда янги футбол майдонлари қуриб битказилди ва мавжудлари халқаро стандартларга мос равишда таъмирдан чиқарилди. Футболимиз тарихида илк бор терма жамоалар учун замонавий марказ барпо этиш режаси тасдиқланди ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Президентимизнинг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам футболимиз ривожига хизмат қилади. Ёшларнинг футболга қизиқишини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларнинг футбол билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароитларни яратиш масаласи футболни янада оммалаштириш ва ривожлантиришнинг қўшимча йўналишларидан бири этиб белгиланганлиги қувонарли ҳолдир.

Туманимизда спортнинг бир неча турлари билан бир қаторда футбол ҳам ривожланиб бормоқда. Зангиота қишлоғидаги Убай Мусаев номли ўйингоҳ доим футболчилар билан гавжум. Туманда футболга бўлган эътиборни жорий йилда “Балиқчи” маҳалласида апрель ойида ишга тушган мини футбол ўйингоҳи, “Ибрат” маҳалласида “Ўзбекистон” МЧЖ томонидан қуриб, фойдаланишга топширилган замонавий ўйингоҳ мисолида ҳам кўриш мумкин. 14-мактабга ҳомий томонидан қуриб берилган сунъий футбол майдони, “Илғор” маҳалласидаги ўйингоҳ, “Рамадон” маҳалласидаги универсал спорт майдони ҳам болаларнинг севимли жойига айланган. Умид қиламизки, бу каби футбол майдонлари сони янада ортади.

Тумандаги спорт мактаблари, мактаблардаги ўйингоҳлар, спорт залларида минг­лаб болалар спортнинг кўплаб турлари билан шуғулланишмоқда ва турли мусобақаларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишмоқда. Лекин футбол борасида ҳали ечимини кутаётган муаммолар бор. Маҳаллаларда футбол майдончалари қуриш ишлари талаб даражасида эмас. Катта ёшдагилар айрим қишлоқлар марказларидаги ўйингоҳларга бориб шуғулланишлари мумкин. Кичик ёшдагиларнинг футбол майдони эса кўчалар бўлиб қолмоқда.

“Антиқа ўйингоҳ”

Бунақасини кундузи чироқ ёқиб изласангиз ҳам ҳеч қаердан тополмасангиз керак. “Ибрат” маҳалласининг кейин­ги пайтлардаги ўзгаришларига маҳлиё бўласиз-у, лекин юрагингизнинг бир четини эгаллаган ғашликдан ҳам қутулолмайсиз. Бунинг сабаби эса… Бир пайтлардаги ўнқир-чўнқирлик ўрнини текис асфальт эгаллаган йўлдан баланд кайфият ила маҳалла маркази томон кетиб бораркансиз, йўлнинг ўнг томонидаги катта бир майдонни эгаллаб ётган ўйингоҳни кўриб таққа тўхтаб қоласиз. Қизиқиб яқинроқ борасиз. Лекин панжара билан ўралган бу майдоннинг ичига у ерда барқ уриб ўсиб ўтган тиканаклар киритмайди.

Аҳвол шу даражада экан, бу ерда болалар қандай қилиб футбол ўйнаши мумкин? Бу саволнинг жавобини эса майдоннинг ўртасидаги ўт-ўланлардан ҳоли кичкинагина майдончадан жавоб топасиз. Болалар бу ерда копток тепаверганидан ўт-ўлан ва тиканаклар ўсишдан “юрак олдириб” қўйган бўлишса керак. Коптокни ўз номи билан копток дейишади. Унинг осмонда қулоч ёйиб, кейин тиканаклар орасига думалаб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Қайси “бахти кулган” бола уни олиб келиш учун тиконзорлар орасига киришга мажбур. Бу ҳам етмагандек, бу майдон молларнинг яхшигина “ўтлоғи”га ҳам айланиб улгурибди. Шу йил баҳорнинг охирларида “Ўзбекистон” МЧЖ ўзига тегишли ҳудуддан болалар учун замонавий ўйингоҳ қуриб, фойдаланишга топширганди. Энди ҳамма болалар барча қулайликларга эга бўлган ўша ўйингоҳга боришса керак. Эски ўйингоҳ эса ҳамон эътибор, меҳрли қаровни кутганча, ҳароб бир аҳволда ётибдики, бунга масъуллар қачонгача панжа орасидан қарашар экан?

Телефон фойдалими, футбол?

…Кўчамиз бошидаги дарахт соясида ўтирган бир нечта бола телефонга муккасидан кетганча ўйин ўйнайди.
– Бошқа қиладиган ишларинг йўқми? – тергаган бўламан. – Ҳозир таътилда бекорчи ишлар билан машғул бўлгунча, тил ўргансанглар бўлмайдими?
– Ўрганаяпмиз, – дейди 4-синф­га ўтган Абдулло. – Топшириқларни бажариб бўлдик. Копток тепай десак, хола, гулларимни синдираяп­сизлар, деб уришиб бердилар…
Ҳа, қаерда футбол майдони хор-у, қаерда болалар бунга зор…

Жамила АРСЛОНОВА.