Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, журналистлик касби ҳам – ижодкорга алоҳида масъулият юклайди. Ушбу касбнинг ҳар бир вакили етарли малака ва қобилиятга эга бўлиши, энг муҳими, жамиятда кечаётган ҳар бир воқеликлар ичида етарлича тоблана билиши керак. Шунингдек, ундан шаффофлик, тезкорлик, ҳаққонийлик ва ижтимоий масъулият талаб этилади. Чунки, айнан мана шу жиҳатлар у ёки бу ахборотнинг жамоатчилик томонидан қандай қабул қилинишини белгилайди.
Янги Ўзбекистонда юрт тараққиёти, халқ манфаати, қолаверса, ижтимоий соҳалар равнақига қўшиб келинаётган фидокорона хизматлар асло эътибордан четда қолмайди. Хусусан, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ, кўп йиллар давомида республикамиз матбуот соҳасида самарали ижод қилиб келаётган бир гуруҳ фидойи журналистларимиз давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовар бўлишди.
Улар орасида Зангиота тумани ҳокимлигининг ижтимоий-сиёсий нашри “Истиқбол” газетаси жонкуяр мухбири – Жамила Арслонова ҳам бор. Жамила Арслонова 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президентимизнинг Фармонига мувофиқ юксак мукофот – “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Жамила опанинг ижодий фаолияти ҳар биримизга яқиндан таниш. Қаҳрамонимиз таҳририятдаги қарийб 48 йиллик фаолияти давомида газетачиликнинг турли жанрларида самарали ижод қилиб келади. Ҳар сафар қўлига қаламини олар экан, асосий эътиборини давлат ва жамият равнақига қаратиб, бугунги кунда учраб турадиган долзарб муаммолардан – коррупция, жиноятчилик ва бошқа муҳим аҳамиятга эга мавзулар ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини, асосли ва пухта таҳлиллар билан йўғрилган масалаларни бирма-бир оқ қоғоз узра битиб, ўткир чиқишлар қилади.
Энди қаҳрамонимиз ҳақида тўхталиб ўтсак: Жамила Арслонова нафақат туманда, балки, вилоят ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари орасида ҳам фаол ижодкорлардан бири сифатида танилган, касбдошлари ҳурматини қозонган, талабчан ва жонкуяр жамоат ташкилоти фаолларидан ҳисобланади. У бой ҳаёт тажрибасига, амалий ва ижодий кўникмага эга ўткир қалам соҳибаси.
Газета ҳафтасига бир маротаба чоп этилса-да, туманнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олади. Газетанинг ҳар бир сонининг ўқишли, мазмунли чиқишида Жамила опанинг муносиб хизматлари бор. Жамила опа узоқ йиллар таҳририятга раҳбарлик қилган устоз-журналистлардан Жўра Саъдуллаев, Ҳалил Қаюмов, Абдусаттор Хатамов, Саъдулла Матёқубов каби салоҳиятли ижодкорлар анъанасини давом эттириб, таҳририятнинг бугунги ижодий жамоасига ўзининг қимматли маслаҳатлари билан намуна бўлиб келмоқда.
Ҳар сафар янги мавзуга қўл урар эканман, Жамила опанинг “Ахборот технологиялари, интернет, ижтимоий тармоқлар, турли каналлар деймиз, лекин барибир киши маънавий ҳаётида газетанинг ўрни бўлакча, унга тарих битилади. Дунёда битта газета ўқийдиган одам қолса ҳам, газета яшашда давом этаверади…” деган пурмаъно сўзлари қулоғимда жаранглайверади. Бу эса, ўз навбатида зиммамга масъулият юклаб, чуқур мулоҳаза қилиб қалам тебратишга чорлайверади.
Дарҳақиқат шундай. Таҳририят ўтган йиллар мобайнида ўнлаб ижодкор ёшлар учун ижодий малака ошириш мактабига айланган. У таҳририят қошида ташкил этилган “Ёш қаламкашлар” ижодий тўгараги иштирокчилари – иқтидорли ёшларнинг мураббийи сифатида устоз журналистлар яратган хайрли анъана давомчисидир. Ёш қаламкашларга газета сўзининг моҳияти, унинг асл мақсад ва вазифалари, жамият олдидаги масъулияти ҳақидаги қимматли маслаҳатларини бериб келади.
Серқирра ижодкор қарийб 50 йиллик ижодий фаолияти давомида ўттиз мингдан ортиқ турли жанр ва долзарб мавзулардаги мақолалар, мингга яқин маънавий-маърифий, ҳаётий ва бадиий ҳикоялар, кичик қисса ҳамда кўплаб бадиалар ёзиб, газетхонлар эътиборига ҳавола этиб келади. Моҳир журналист 1993 йилда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси мукофоти совриндори бўлди.
Ижодкор таҳририят юмушларидан ташқари, жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этиб келади. 20 йилдан зиёд давр мобайнида тумандаги “Ўрта” маҳалласи, “Зангиота” қишлоқ фуқаролар йиғини хотин-қизлар кенгашини жамоатчилик асосида самарали бошқариб, ажрим остонасида турган кўплаб оилалар турмушини сақлаб қолиш, хотин-қизларнинг тиббий, ҳуқуқий билимларини ошириш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшди. Шу боис ҳам унинг мавзуга доир мақола ва очерклари 2004 йилда республика Хотин-қизлар қўмитасининг “Энг намунали бошланғич хотин-қизлар ташкилоти”, шунингдек, ЮНИСЕФ Болалар ташкилотининг соғлом турмуш тарзини газета саҳифаларида кенг ёритиш борасида ўтказилган кўрик-танловларида 1-ўринга лойиқ топилган.
Шунингдек, 2020 йилда касб байрами куни муносабати билан ижодкорлар ўртасида ўтказилган танловнинг “Ҳудудий босма нашрларда Тошкент вилоятида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишларни чуқур таҳлил этган журналист” номинациясига лойиқ топилиб, 1-ўринга сазовор бўлган.
Биргина ўтган йилда Ж.Арслонованинг газета саҳифаларида 200 дан зиёд туркум таҳлилий-танқидий, турли мавзу ва жанрлардаги материаллари чоп этилди. Чунончи, улар қаторидан Халқ таълими бўлими билан ижодий ҳамкорликдаги “Сифатли таълим – давр талаби”, “Обод қишлоқ” Давлат дастурининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда жойларда олиб борилаётган ишлар, ёшларни одоб-ахлоққа чорловчи “Тарбия ҳаёдан бошланади” мавзусидаги туркум мақолалари ўрин олди. Шунингдек, туман ҳокимининг жойларда аҳоли, тадбиркор ва ишбилармонлар билан бўлиб ўтадиган учрашувлари, туманда фаолият юритаётган Президент Халқ қабулхонаси, туман секторлари раҳбарларининг фаолияти ҳақида мунтазам чиқишлар қилган. Айниқса, тадбиркор ва фермерлар, ҳунармандлар фаолияти, маҳаллалар ҳаёти, ибратли оилалар мавзуларида уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, долзарб масалалар ечимига доир қатор мақолаларининг ўқишли чиққанлигини алоҳида эътироф этиш мумкин.
Жамила Арслонова ўз касбининг етук мутахассиси, фидойи ижодкор, маънавий-маърифий жабҳада етарли малака ва тажрибага эга. Бинобарин, у публицист сифатида Ватанга садоқат, фидокорлик ва мустақиллик ғояларини ўз ижодларида акс эттириб келади. У олижаноб инсон, яхши ҳулқ ва ахлоқ соҳиби, иродали, ватанпарвар, сўзида собит, қатъиятли, ирода ва эътиқоди мустаҳкам ижодкордир.
