Нима дейишдан кўра, нима демасликни ўрган

Нима дейишдан кўра, нима демасликни ўрган

Пенсия ёшига ҳам етмаган аёл ҳали у раҳбарнинг, ҳали бу раҳбарнинг олдига бориб, ёшни ёш, кексани кекса демай, моддий ёрдам кўрсатишмаганлиги учун айтмаган ҳақоратли гаплари қолмади, унинг оғзидан чиқаётган ноўрин гапларга наинки кўп қаватли бино, балки осмоннинг кўшки ҳам ларзага келаётгандек эди назаримизда. “Тавба, – дея ёқа ушлайсан киши, – бу гапларни дунёда энг муқаддас деб эъзозланадиган, жаннат оналар оёғи остида, дея таърифланадиган аёл айтаяптими…” У ўзини шунчалар беибо тутардики, орияти бор бошқа аёллар эркаклардан уялганидан қочишга жой тополмай қолишди. Ваҳоланки, у аёлни боқишга қодир бир нечта фарзандлари бор эди…

Шунда хаёлимга яқинда интернетда ўқиган бир хабар тушди. Тинч океанидаги катта бир оролда яшайдиган маҳаллий аҳоли болта кеса олмайдиган даражадаги йирик дарахтларни йиқитишнинг антиқа усулини ўйлаб топишган экан. Улар дарахтнинг атрофига йиғилиб олиб уни тинмай сўкиб, қарғаркан. Улар дарахтнинг ичида руҳи борлигига ишонишар ва ўша руҳ ёмон сўзларни эшитишдан безор бўлиб дарахтдан чиқиб кетади, деб ўйлашаркан. Орадан бир қанча вақтдан сўнг дарахт қурий бошларкан ва салгина зарбага дош бера олмай ағдариларкан.

Инсонларга айтилган ёмон сўзлар ҳам шундай, уларнинг қалбларига жароҳат етказади ва худди ана ўша шўрпешона дарахтларга ўхшаб руҳининг чўкишига, вужудининг йиқилишига сабаб бўлади. Кун давомида яхши одамлар билан мулоқот қилсангиз, уйингизга кўнглингиз кўтарилиб қайтасиз, дилингизни ҳуфтон қиладиган одамларга дуч келсангиз, узоқ вақт кайфиятингиз бўлмайди, юрагингиз эзилади. Касал бўлиб қолишингиз ҳам ҳеч гапмас. Ўлдирадиган ҳам, тирилтирадиган ҳам сўз, деб бежиз айтишмаган. Ўйлаб айтилмаган бир оғиз сўз ҳаттоки одамнинг бутун бир тақдирини ҳал этади.

Яна ривоятга қулоқ тутамиз.

Бир куни шоҳ ўнг қўл вазири билан шикордан қайтиб келаётганида, пастқам бир уйнинг олдида бели букчайган, ҳассага таянган кўйи бир қўлини олдинга чўзиб, тиланчилик қилиб турган қарияга кўзи тушади.

Шунда шоҳ вазирига дейди: ‒ Ҳу анови мўйсафидни кўраяпсанми? Бизларга ёшлигимизда сабоқ берган Aли Сафий деган устозга жуда ўхшаркан-а?
–Маъзур тутинг, ўша қария Aли Сафийнинг худди ўзидур, – дейди вазир.

Шоҳ дарғазаб бўлади:
‒ Мен юрт ҳукмдори, сен вазир бўла туриб, бизга алифбодан сабоқ берган устозимизнинг шундай кўйга тушишига сабаб не?!
– Мен устозга кўп бор маслаҳат солдим, унамади. Яхшиси, ўзингиз бир сўраб кўрмайсизми? -деди вазир.

Шоҳ отдан сакраб тушиб, Aли Сафий ҳазратларининг олдига бориб, кўришди.
– Устоз, бу аҳволотингизнинг боиси недур? – деб сўради.
– Тўғри, ‒ сўз бошлади устоз, ‒ мен сизларга чин дилдан, чин сўздан сабоқ бердим. Менга ҳам сабоқ берган устозлар кўп бўлган. Улар ичида иккитаси мени хуш кўриб, доим ардоқлаб юрарди. Бири нима дейишни ўргатарди, иккинчиси эса нима демасликни. Нима демасликни биламан-у, нима дейишни ўрганишим керак, деб биринчи устозга қўл бердим, оқибатда шундай кўйга тушдим. Кейин англаб етдим: нима дейишдан кўра, нима демасликни билиш донолик экан…
…У аёл ҳамон шанғиллайди, тилидан бисотидаги энг ёмон ҳақоратли сўзлар учади. Менинг хаёлимда эса ўтмишдан биз томонга мўъралаб турган ривоятлар чарҳ ураверади…

Жамила АМИР қизи.