Жамоатчилик назорати ўрнатилди

Жамоатчилик назорати ўрнатилди

Жорий йилнинг 20 январида Президентимизнинг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-10-cонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланмоқда. Кодекс ички ишлар органлари ходимларини “Инсон қадри учун” тамойили асосида  тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришишга қаратилган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, 2023 йилнинг якунига қадар “E-nomzod” электрон ахборот тизими жорий этилиши ҳисобига ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш тартиби соддалаштирилади. Жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ИИВ ва ҳудудий таркибий тузилмаларида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади. Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари битирувчилари учун ИИВ Академиясида бакалавриатнинг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ва “Тезкор-қидирув фаолияти” таълим йўналишларига, тўлов-контракт асосида ўқитишни назарда тутган ҳолда, 200 нафаргача қўшимча ҳар йиллик қабул квотаси киритилади.

Шунингдек, илк бор хизматга қабул қилинаётган ходимлар учун синов муддати бир йил этиб белгиланади. 2023 йил сентябрь ойидан бошлаб ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимлари ушбу соҳаларда хизматни давом эттиришлари учун ҳар уч йилда ИИВ Малака ошириш инс­титутида малака оширишлари лозим бўлади.

Абдураҳмон Халмуратов,
туман ИИБ бошлиғининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.