Ҳозир биз яшаётган кўча бундан бир неча йил олдин дала эди. У ерга ҳар йили буғдой экилар ва ҳосил йиғиштириб олингандан сўнг тўкилган-сочилганлари қушлар, ҳашаротлар, чумолиларнинг насибасига айланарди. Бу ерда, айниқса, чумолиларнинг инлари кўп эди. Уйлар қурила бошлагач, уларнинг кўпчилиги инларини ташлаб, бошқа жойларга кетиб қолишди. Уйимиз деворидан бир неча метр наридаги лотокка туташ йўл четида чумолилар оиласи яшарди.
Кўпинча бўш пайтларимда ин олдида чўккалаб ўтирганча, уларнинг ҳаракатларини берилиб томоша қилардим. Сон-саноқсиз эди улар. Бири пишган ёввойи ўтларнинг қобиққа ўралган, ўзидан катта донларини маҳкам тишлаганча инига кириб кетса, бошқаси индан пўчоқларни олиб чиқиб ташларди. Шу тариқа уч фасл тиним билмай ишлаб, қишга тайёргарлигини кўришарди. Бирам меҳнаткаш, тиниб-тинчимаган эди улар. Интернетда бир маълумотга кўзим тушганди. Чумолиларнинг инига ташиган донлари ўсиб чиқмас экан. Сабаби уни бўлиб қўйишаркан. Шундан ҳам билса бўладики, чумолиларнинг нақадар уқувли.
Ҳа, атрофимизда биз билан ёнма-ён яшаётган бир дунё бор: ҳайвонлар, қушлар, паррандалар, ўсимликлар, сув, ҳаво… дунёси. Уларнинг ҳам биз каби ташвишлари кўп. Лекин биз буни сезмаймиз, эътибор бермаймиз, уларнинг “дардлари”ни тинглашга ожизмиз. Тўғрироғи, ўзимиз билан ўзимиз оворамиз. Аслида тириклигимизни таъминлаётган ўша “тилсиз дунё”дир.
Булар энди алоҳида мавзу. Чумолиларга қайтсак. Хуллас, бир неча йил давомида уларга ўрганиб қолдим. Чумолиларнинг ҳаракатини эринмай кузатадиган неварам ҳам уларни жуда яхши кўрарди. Доим инлари олдига нон ушоқларини сепиб, гўёки уларни боқарди. Олти йил деганда кўчамизга шағал тўкилди. Чумолиларнинг ини усти ҳам катта-кичик тошлар билан тўлди. Негадир ичим ачишарди. Наҳотки улар энди ёруғ дунёга чиқишолмаса?
Туни билан ана шундай оғир хаёллар оғушида ухлолмай чиқдим. Эрталаб ишга кетаётганимда ҳам ин томонга қарашга юрагим бетламади. Кечга томон ишдан қайтарканман, кўзларим беихтиёр ўша томонга қадалди-ю, юрагим ҳаприқиб кетди. Чумолилар тошлар орасидан йўл очиб, одатдаги ишларини бошлаб юборишганди: қайси бир оғзида дон билан тош остига кириб кетар, қайси бирлари пўчоқларни ташқарига таширди.
Орадан ойлар ўтди. Кўчани асфальт қилиш ҳадемай бошланиши ҳақидаги хабардан унчалик ҳам севинмадим. Сабаби чумолиларни ўйлардим. Яна одатдагидек уларнинг ини олдига чўккалаб, беҳисоб чумолиларга гапира бошладим: “Ҳой, меҳнаткаш, жафокаш, севимли чумолижонларим, бориб подшоҳингизга айтинг, бу ердан тинчроқ далагами, сув бўйларигами кўчиб кетиб, ўша ерда бемалол яшанглар. Йўлимиз яқинда асфальт бўлса тагида қолиб кетасизлар. Асфальтни тешиб чиққан тақдирингизда ҳам одамларнинг оёқ остида, машиналарнинг ғилдираги тагида қолиб кетиб, ҳалок бўласизлар…”
Орадан бир неча кун ўтди. Чумолиларнинг ини томонга қарашга юрагим бетламасди. Охири боғчага борадиган неварамнинг ташвиш аралаш: “Бувижон, чумолиларим йўқ-ку”, деган гапи ҳушёр торттирди. Бориб қарасам, беҳисоб сарғайган дон пўчоқларига тўла ин атрофлари ҳувиллаб ётибди. Неварам зўр бериб нон ушоқларини сочиб, чумолиларни чақиради, чиқариб ташланган дон, уруғ пўчоқларини четга суриб, инни очмоқчи бўлади… Шундан кейин чумолиларни бошқа кўрмадим.
Жамила АРСЛОНОВА.
