Шафтоли халқимизнинг энг севимли неъматларидан биридир. Уни ёшу қариб севиб истеъмол қилади. Ёз, кузда истаганча шафтоли истеъмол қилишингиз мумкин, агар уни кўнглингиз қишда тусаб қолса, унинг шарбати, мураббоси, қоқисига мурожаат қилинг. Беқиёс лаззат ҳис этасиз.
Шафтолини фақат лаззатланиш ёки қорин тўйдириш учун истеъмол қиламиз, дейдиганлар янглишади. Бу неъматнинг ўзига хос жуда кўп шифобахшлик хусусиятлари бор. У сафро ҳайдайди, ични сурувчи хусусиятга эга. Шафтолининг таркибидаги органик кислоталар ва эфир мойлари меъда секреция фаолияти ва овқат ҳазм қилишни яхшилайди, иштаҳани очади, камқонлик ва гастритда даво мақсадида қўлланилади.
Юрак уриши муаммоларида, камқонлик, меъда-ичак хасталикларида, организмда кислота миқдори тушиб кетганда, қорин дам бўлганда овқатланишдан 15-20 дақиқа олдин ¼ стакан миқдорида шафтоли шарбати ичиш тавсия этилади. Грипп ва шамоллаш касалликларининг олдини олишда, юқумли касалликларда, авитаминозда шафтолининг ёрдами беқиёс. Халқ табобатида ревматизм, меъда-ичак касалликларида шафтоли гули ва баргидан тайёрланган дамлама беморларга тавсия этилади. Шафтолининг эндигина узиб олинган гуллари сафро ҳайдовчи ва сурги воситаси саналади.
Данагидан олинган ёғ уқалаш (массаж) пайтида ишлатилса, тери остидаги мушакларни юмшатади. Шунингдек, у яраларни тузатади. Шарқ табиблари шафтоли барги ва гулларининг дамламасини тошмалар, нейродермит ва қон тўхтатишда ишлатишган. Шафтоли барглари дамламаси бош оғриғи, бод, ошқозон-ичак касалликларини тузатиб, сийдик ҳайдайди. Шафтолининг барглари саратон хасталигининг пайдо бўлишига йўл қўймайди. Саратон хасталиги ва турли шишлар пайдо бўлишининг олдини олиш учун, шафтоли баргларидан чой дамлаб истеъмол қилиш тавсия этилади. Фақат бу чойнинг бўшаштирувчи хусусияти борлиги ёдингизда бўлсин.
Лекин шафтоли истеъмолида яна бир муҳим нарсани билиб қўйган яхши. Мевада юқори миқдорда углевод ва шакар моддаси мавжудлиги сабаб, семизлик ва қандли диабет билан оғриган беморларга уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Шафтоли аллергия чақириш хусусиятига эга. Айниқса, меванинг усти гул чанги билан қопланган шафтоли (тукли) тури аллерген маҳсулот саналади.
Кўп миқдорда шафтоли ейиш дисбактериоз (ичкетиши) ва ичаклар фаолиятининг бузилишига сабаб бўлишини ҳам унутманг. Шафтоли ҳаяжонга берилувчи инсонларга ҳам тавсия этилмайди. Чунки, у асаб тизимини қўзғаш хусусиятига эга.
