Ҳар йили декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида пойтахтимизда асал байрами бўлиб ўтади. Унда республикамизнинг турли вилоятларида асаларичилик билан шуғулланувчилар ўзларининг асал, прополис, гул чанги, асал муми, турли касалликларни даволаш учун майиз, ёнғоқ, седана каби кўплаб шифобахш неъматлар қўшиб тайёрланган асаллари ва бошқа маҳсулотлари билан иштирок этадилар.
Асал ўз “боғ”лариники бўлганидан кейин нархи ҳам хамёнбоп, табиий, шифобахш. Мазаси бири биридан ўзгача асалларни тотиб кўриб, унинг ижодкорига тасаннолар айтасиз. Агар ҳамма одамлар асалнинг ниҳоятда шифобахш эканлигини билганларида эди, шакару новвотлардан юз ўгирган бўлишарди. Табобат мулкининг султони Абу Али ибн Сино кўп касалликларни асал ёрдамида даволагани тарихдан маълум. Бугунги кунга келиб ҳам бу даво усуллари беморлар дардига дармон бўлмоқда.
Касалликнинг келиши осон, кетиши қийин. Танадаги дардни бироз енгиллатиш, керак бўлса бартараф этиш учун ҳам халқ табобатига мурожаат этиб турган киши ютқазмайди. Айниқса, саломатликни асрашга дард чанг солмасидан аввал киришилса, нур устига аъло нур бўлади. Мазкур тавсиялар сизга оз бўлсада ёрдам беради, деган умиддамиз. Ошқозон яраси безовта қилганда эрталаб ва кечқурун бир чой қошиқ асал шимилади.
Бола кечалари безовта бўлиб йиғлаб чиқса, вақти-вақти билан лабига асал суртилади. Катталар валериана эритмасини асалли сувга қўшиб ичса, уйқусизликка даво бўлади. Кўриш қобилиятини яхшилаш учун асални қизил сабзи шарбати билан қўшиб, доимий ичиб юриш керак. Бош оғриганда бўймадарон дамламасига асал қўшиб соч илдизларига суртилади. Асал қондаги гемоглобин даражасини кўтаради. Бунда кефирга асал қўшиб ичилади. Томоқ оғриганда ёки гайморит безовта қилганда 1 литр қайнаган илиқ сувга 100 грамм асал ва 50 грамм туз қўшилади. Аралашма билан томоқ ва оғиз бўшлиғи ғарғара қилинади. Гайморитда бурун чайилади.
Агар асални ялпиз ва кашнич шарбатига аралаштириб ичилса, қон босимини туширади. Қовуғи бўш болаларга доимий равишда нўхот, асал ва петрушкани аралаштириб берилади. Асални наъматак дамламасига қўшиб ичилса, буйракдаги тузлар чиқиб кетади. Творогга қўшиб истеъмол қилинса, жигарга фойда қилади. Уйқудан олдин бир стакан илиқ сувга яримта лимон суви, 1-2 чой қошиқ асал қўшиб ичилса, асабларни тинчлантиради, уйқуни меъёрлаштиради. Мурчни асал билан 1:2 нисбатда қўшиб, танглайга суртилса, томоқ оғриғини даволаб, ўпкани тозалайди.
Шуни ҳам унутмангки, асални фақат қайнатиб, илитилган сувга қўшиб истеъмол қилиш тавсия этилади. Чойга қўшилганида унинг шифобахшлик хусусиятлари камаяди. Сизни артрит қийнаяптими? Ҳар куни эрталаб ва кечқурун 2 чой қошиқ асал ва ярим чой қошиқ долчин қўшилган бир пиёла илиқ сувни ичишни канда қилманг. Бу, артритни даволабгина қолмай, иммунитетни ҳам кўтаради. Икки ош қошиқ долчин ва бир чой қошиқ асални илиқ сувга аралаштириб ичилса, циститни даволайди.
Бир ош қошиқ асални чорак ош қошиқ долчин билан аралаштириб, кунига уч маҳал истеъмол қилинса, йўтал, шамоллашларни даволаб, бурун йўлларини тозалайди. Бир стакан илиқ сувга ярим чой қошиқ қаҳва ва 2,5 чой қошиқ асални аралаштириб, кунига уч маҳал ичинг, йўталдан қутуласиз. Асалнинг бу каби шифобахшлик хусусиятларининг сон-саноғи йўқ. Бу борада шифокор билан маслаҳатлашсангиз, у сизга аниқ кўрсатмалар беради. Сабаби айрим одамларнинг асалга аллергияси бўлиши мумкин, кимнингдир мижозига тўғри келмайди.
Бўта кўз
Кўз илғамас далалар ва ўтлоқларда ўсадиган, мовийранг гуллари кўзларни қувонтирадиган бўтакўз ўсимлигининг шифобахшлик хусусиятлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Агар асалари ундан нектар йиғса-чи? Унда шифобахшлик хусусиятлари бир неча баробар ортади.
Шундай қилиб бўтакўз гулидан олинган асал ҳақида… Бундай асал витаминлар, минераллар, аминокислоталарга жуда бой. У бошқа асаллардан секин қуюқлашиши билан ажралиб туради, яъни бир неча ой чўзилувчанлиги сақланади. Мазкур асал шамоллашга, бактерияларга қарши ишлатилади. У антисептик ҳисобланади, одамни тинчлантиради, сафро, пешоб ҳайдайди, тиш қамашишини бартараф этади, дерматитни даволайди.
Бўтакўз асали шамоллаш, грипп, нафас йўллари касалликлари, уйқусизлик, нотинчлик, асабийликни даволашда қўлланилади. Асалга аллергияси бўлмаган одамлар ундан бемалол фойдаланишлари мумкин. Шамоллаш касалликларини даволашда асалли чойга малина, лимон қўшиб ичилади. Сутга солиб ичилса ҳам фойдали.
Бир стакан лимонли сувга бир қошиқ асал қўшиб ичилса, организм тиқинлар ва заҳарлардан тозаланади. Асал иммунитет пасайганида, таом хазми ёмон бўлганида, юрак-қон томир касалликларида, ақлий ва психологик босим тушганида ишлатилса, фойдаси бисёр. Ўпка ва бронхит касалликларида ҳам ушбу асал тавсия этилади. Мазкур асал қанд касаллигида, икки ёшдан кичик бўлган болаларга, семизликда, асалга аллергияси борларга тавсия этилмайди.
Гулчанг – гўзаллик ва узоқ умр эликсири
Қадимги греклар гулчангни гўзаллик ва узоқ умр эликсири деб ҳисоблашган. Гиппократ унинг ёрдамида кўплаб касалликларни даволаган. Римликлар урушга отланишар экан, ўзлари билан, албатта, гулчангни олиб кетишган. У урушда кучни қайта тикловчи восита сифатида ишлатилган.
Гулчангнинг ўзи нима?
Асалари гулдан асал йиғар экан, бир пайтнинг ўзида таналарига гулчанги дончаларини ҳам тўплайди. Айнан шу гулчанг муҳим микроэлементлар ва витаминларга бой бўлиб, бутун организм учун ниҳоятда фойдалидир.
1940 йилда чех академиклари Яном Гейтманек ва Ярослав Свободоларнинг аниқлашича, бу маҳсулот таркибида 250 дан ортиқ биологик фаол моддалар бўлиб, табиатда уларнинг баъзиларининг ўхшаши учрамайди.
Академик Н.Цининнинг кузатувларига кўра, асаларичилик билан шуғулланувчилар орасида 100 ёшдан ошиқ умр кўрувчилар кўп экан. Бунинг сабаби улар асал билан бир пайтда гулчангни ҳам тановул қилиб боришаркан.
Гулчанг иммун тизимини мустаҳкамлайди, моддалар алмашинувини яхшилайди, иштаҳани очади, кучни тиклайди, шамоллаш ва юқумли касалликларни даволайди, асаб тизими фаолиятини меъёрлаштиради, тушкунликни, шикастланишларни даволайди, уйқуни яхшилайди…
Ақлий меҳнат қилувчилар гулчангни истеъмол қилишса, мия фаолияти яхшиланади, ишнинг унумдорлиги ошади. Спортчиларнинг мушакларини мустаҳкамлаб, машқ пайтида сарфланган энергия ўрнини тезда тўлдиради. Болалар бўйининг ўсиши, иштаҳасини яхшилашга хизмат қилади.
Гулчанг овқатланишдан 15-30 дақиқа олдин тил остига ташлаб сўрилган ҳолатда истеъмол қилинади. Кунига икки марта. Бир чой қошиқдан. Унга бир чой қошиқ асал қўшса ҳам бўлади. Сув ичилмайди. 3-7 ёшдаги болаларга чой қошиқнинг учдан бири ёки ярми, 7 ёшдан 13 ёшгача бўлган болаларга чой қошиқнинг учдан икки қисми тавсия этилади. Охирги қабул қилиш вақти уйқудан уч соат олдин. Маҳсулотни бир неча кун тановул қилгандан кейин танаффус қилинади. Бир йилда икки марта қабул қилинса кифоя.
Асал ва асалли маҳсулотларига аллергияси бор, қони қуюлган, қандли диабет касалига чалинган, уч ёшгача бўлган болаларга гулчанг тавсия этилмайди. Маҳсулотни фақат шифокор тавсиясига кўра қабул қилишни унутманг!
Жамила АРСЛОНОВА тайёрлади.
