Қушлар хонишида ўзгача сеҳр

Қушлар хонишида ўзгача сеҳр

Табиатни қушларсиз тасаввур этиш қийин. Чунки улар ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб қолган. Шу боисдан ҳам ҳаттоки қишлаб қоладиган ва қишсевар (қарға) қушларни кўрганда қалбимизга ўзгача илиқлик киради. Баҳорда учиб келган қалдирғоч, турна, лайлак ва бошқа қушларнинг товушларида ҳам ўзгача оҳанг бор. Қушлар бутун ер юзида яшайди. Биргина юртимизда қушларнинг 22 туркумига оид 470дан ортиқ тури бор. Уларнинг 51 тури Қизил китобга киритилган. Маълумки, 1 апрель – Халқаро қушлар куни сифатида кенг нишонланади. Бундан кўзланган мақсад ёш авлодни она табиат, унинг бетакрор мўъжизаси бўлган қушларни асраб-авайлаш, уларга меҳр кўрсатиш руҳида тарбиялашдан иборатдир. Қушлар табиатда ўзига хос вазифани бажаради. Улар ўсимликларни чанглантиради, уларнинг уруғларини тарқатади, зараркунанда, ҳашарот ва кемирувчиларни қиради. Шу билан бирга қушларнинг ёқимли сайраши одамларни завқлантириб, кайфиятини кўтаради. Шу боисдан ҳам ёввойи қушларнинг уяларини бузиш, уларга озор етказиш ёмон эканлигини болалар онгига қуйиб бориш керак. Болалар қалбида она табиатга, қушларга меҳр уйғотишда отаонадан ташқари мактаб тарбияси ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мактабларда ўтказиб бориладиган “Қушлар байрами” ўқувчиларни ана шундай руҳда тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ж.АМИРОВА.