Қонни табиий суюлтирадиган маҳсулотлар

Қонни табиий суюлтирадиган маҳсулотлар

Қоннинг суюқ бўлиши соғлом бўлишнинг асосий талабларидан биридир. Биз бу борада осонгина йўлни танлаб қўя қоламиз: дорилар ичамиз. Аслида қонни етарли даражада суюлтириб, тозалай оладиган ноз-неъматлар жуда кўп. Озгина ҳафсала қилсак, аъло натижага эришамиз.

Бугун бозорларимиз қизил лавлагига тўла. Шу оддий лавлагининг шарбатини ичсангиз, бу ёқмаса пишириб тановул қилсангиз ҳам бўлади. Супермаркетларда сотиладиган имбирь қонни суюлтириш билан бирга турли шамоллаш касалликларида шифо ҳамдир. Уни гўштқиймалагичдан ўтказиб, асал қўшиб, чойга солиб истеъмол қилиш яхши самара беради.

Биз тўрт фаслда ҳам севиб истеъмол қиладиган помидорнинг қонни суюлтиришга қодир эканлигини ўйлаб ҳам кўрмаган бўлсангиз керак. Ундай бўлса у ҳар куни дастурхонингиздан жой олсин. Лимонли чойни севиб истеъмол қиламиз. Ана шунинг ўзиёқ қонимизни суюлтиришга ёрдамга келади. Олма ускусини ҳам вақт-бевақт ишлатиб туришни унутманг. Унинг ҳам саломатлигимизга фойдали томонлари бор.

Бувиларимиз болаларнинг кўзига говмичча чиқса, шамоллаб қолишса, балиқ ёғи ичиришарди. Бу ёғ шамоллашларнинг олдини олиш билан бир қаторда қонни суюлтиришга ҳам хизмат қилар экан. Балиқнинг ўзида ҳам шундай хусусият бор. Какао ва қора шоколадни яхши кўрмайдиган одам топилмаса керак. Биз буларни ёқимли неъмат сифатида истеъмол қиламиз. Аслида қонимиз суюқлигида уларнинг ҳам ўрни бор экан.

Писта ҳақида гап кетганда одамлар уни, бекорчиликдан эрмакка чақиб ўтирамиз, дейишади. Ана шу “эрмак” ҳам қонни суюлтиришга хизмат қилиши уларнинг хаёлига ҳам келмаса керак. Саримсоқпиёз ва пиёзни хомлигича истеъмол қиладиганлар ҳам кўп. Мазкур неъматлар қонни суюлтирувчи неъматлардан яна бири ҳисобланади. Гилос, олча, черника, клюква, малина, қулупнай, сули ёрмаси, зайтун мойи, зиғир ёғининг ҳам қонни суюлтиришда ўз ўрни бор. Шундай экан, мазкур ноз-неъматларни доимий равишда ва меъёрга риоя этган ҳолда истеъмол қилиб боринг. Шунда турли касалликларни келтириб чиқарувчи қон қуюқлашиши ташвишидан қутуласиз.