Қайта тикланувчи энергия ҳар жиҳатдан қулай

Қайта тикланувчи энергия ҳар жиҳатдан қулай

Энди ускуналарни уч йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиш мумкин. Бугунги кунда юртимизда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб бор. Келгуси беш йилда бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт соатга ошиши кутилмоқда. Бундай вазиятда энг самарали йўл уй-жой, корхона, боғча, мактаб ва шифохоналарда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтиришдир.

Шу боис қайта тикланувчи энергия ускуналарини кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари Ҳукуматнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Бу борада аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим белгиланди. Унга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилади.

Масалан, бир оила сув иситиш учун бир ойда ўртача 195 минг сўм харажат қилади, дейлик. Энди улар 6 миллион сўм эвазига 200 литрли қуёш қурилмаси ўрнатса, давлатдан 2 миллион сўм компенсация олади. Бунда ҳар ой кетган харажат иқтисод бўлиши ҳисобига, сув иситиш қурилмаси 21 ойда пулини оқлайди ва “ёнга қолади”. Агар оила компенсацияни эмас, бўлиб-бўлиб тўлашни танласа, ойлик тўлов 170 минг сўм бўлади. Яъни ҳозирги тўловидан ҳам кам бўлади ва уч йилдан кейин иссиқ сув учун умуман харажат қилмайди.

Яна бир қулай томони, одамлар бунинг учун бирон-бир идорага бориб юрмайди. Ҳамма ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал этиб берилади. Бу тизим Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси орқали жорий этилади. 2022 йилнинг 1 октябридан Жамғарманинг рақамли онлайн платформаси (https://energymarket.uz/) ишга туширилди. Платформадан фойдаланган ҳолда, истеъмолчилар мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини 3 йилгача фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилиши мумкин. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия қурилмалари нархини тўлиқ тўлаган истеъмолчи харажатларининг бир қисми Жамғарма ҳисобидан қопланади.

Қанча миқдорда компенсация тўланади?
Айни жараёнларнинг ҳуқуқий асоси сифатида 2022 йил 5 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш ёки бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан Жамғармага Давлат бюджети ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, янги ерлар ўзлаштирилганда ва тик қудуқларда ўрнатилган сув насосларининг электр энергияси истеъмоли 5 кВт. ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари орқали таъминланганда – БҲМнинг 50 баробари миқдорида, сув иситиш ҳажми 100 литр ва 200 литр бўлган қуёш сув иситиш қурилмалари учун тегишлича – БҲМнинг 5 ва 7 баробари миқдорида компенсация берилади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғарманинг ягона электрон майдончаси (Платформа) ёрдамида амалга оширилади. Бунда ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи маҳаллий корхоналарнинг ўз маҳсулот ва хизматларини сотиш бўйича таклифлари Платформага жойлаштирилади. Компенсация олиш ёки унинг қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш учун жисмоний шахсларнинг аризалари Платформа орқали онлайн тарзда тақдим этилади.

Шартнома қандай тузилади?
Ариза берувчи Платформа ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат хизматлари портали оператори ёрдамида Платформада жойлаштирилган қурилмалардан бирини танлайди ва мурожаат аризаси қолдиради. Ариза скоринг баҳолаш маълумотлари асосида бир кун ичида кўриб чиқилади. Бунда фуқароларни скоринг баҳолаш (фуқаро маълумотлари, уларни идентификациялаш, бюджет, солиқ, коммунал, кредит ва бошқа қарздорлиги ҳолати, кредит тарихи ва бошқалар) белгиланган мезонлар асосида амалга оширилади.

Скоринг баҳолаш натижалари бўйича аризачига SMS-хабар юборилади. Платформа 18 ёшга тўлмаган ёки 60 ёшдан (аёллар 55 ёшдан) ошган фуқаро ариза берганда, аризачининг банк кредитлари бўйича 30 кун муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлганда, салбий кредит тарихига эга бўлганда, солиқ, коммунал, МИБдан ва бошқа тўловлардан қарздорлиги мавжуд бўлганда аризаларни автоматик равишда рад этади.

Ариза қабул қилингач, ишлаб чиқарувчи жойига чиқиб қурилмани ўрнатиш мумкинлигини ўрганади. Шу асосда тавсиянома бериш ёки рад этиш тўғрисида хулоса тайёрланади. Ариза тасдиқланган ҳолатда, компенсация ёки бўлиб тўлаш ҳақидаги шартнома Платформада автоматик шакллантирилади ва фуқарога тасдиқлаш учун SMS-хабар юборилади. Шундан сўнг электрон олди-сотди шартномаси автоматик равишда расмийлаштирилиб, қурилма аризачига етказиб берилади.

Хуллас, қарор билан аҳолига муқобил энергия манбалари бў­йича яна бир қулайлик яратилди. Эндиликда ҳар биримиз бундан самарали фойдаланишимиз, электр тежамкорлигига ўз ҳиссамизни кўшишимиз мумкин.

Абдували ЭШОНҚУЛОВ,
туман Адлия бўлими бошлиғи.