14-мактаб Кеча ва бугун

14-мактаб Кеча ва бугун

9 февралда қантар оғди. “Қантар оғса, қозиқда қор турмас” деганларидек, энди ер бағрига илиқлик югурди. Агар бундан буён қор ёғса, зумда эриб кетади, совуқ бўлса, югургилаб келаётган баҳор тафтидан ортга чекинади. Бир сўз билан айтганда, қишнинг қаҳри кесилиб, ёмғирлар мавсуми келмоқда. Мана, бугун ҳам туни билан қуйиб чиққан ёмғир чошгоҳга бориб шивалашга ўтди. Бундай ҳаво одамнинг қалбига қандайдир ширин ҳис-туйғулар тўлдиради. Ёмғирлар шивирига қулоқ тутганча туман марказида аста одимлаб кетиб бораяпман.

Ҳар қадамда қаршилаётган билаги айни кучга тўлган йигитдек бақувват чинорларнинг бўй-бастига қараган кишининг дўпписи ерга тушиши аниқ. Уларнинг экилганига ҳам ҳаш-паш демай 48 йил бўлибди. Ўшанда қурилиб, ишга тушганига эндигина 6 йил бўлган 14-мактабнинг 9-синфида ўқирдик. Биз — барча юқори синф ўқувчилари бир куни баҳорда дарсдан сўнг қўлимизга кетмон, челак олиб кўчага чиқдик: чинор кўчатлари экдик. Туман марказида бизнинг қўлимиз тегмаган жой қолмади. Орадан йиллар ўтиб, ўша пайтда экилган хивичдек кўчатлар бугунги кунга келиб қучоққа сиғмайдиган дарахтга айланибди.

Бири-биридан кўркам чинорларга боқарканман, кўз олдимда яна ўтмиш хотиралари жонланди. 1974 йилнинг сентябрида Далигузардаги ҳамиша заҳ ва чанг ҳиди анқиб турадиган, қишда жисмоний тарбия дарслари ҳам шу ерда ўтиладиган ўртача катталикдаги залдан синфхоналарга кириладиган, ёғин-сочинли кунларда томдан чакка ўтгани учун синфнинг ҳар ер, ҳар ерига альюмин челаклар қўйиб қўйиладиган 39-сонли саккиз йиллик мактабдан бу билим даргоҳига келганимизда ўзимизни мутлақо ўзгача бир оламга тушиб ҳолгандек ҳис этганимиз ҳамон ёдимда. Янги мактабдаги лаборатория жиҳозлари билан таъминланган фан хоналари, чет тили фани хонасидаги лингафонлар, катта кутубхона, ёзги, қишки спорт заллари, ошхона ва бошқа шарт-шароитларга эга бўлган кўп қаватли бинода ўқиш тушдек туюларди…

Ёмғирнинг шивирига қулоқ тутганча мактабга яқинлашганим сайин кўз олдимдан қаттиққўл, айни чоғда меҳридарё, ўқувчиларнинг пухта билим олиш­лари учун бор маҳорати, тажрибаси, ўқиб-ўрганганларини ишга соладиган ўқитувчиларимиз бирма-бир ўта бошлади: Шоғиёз Мирғиёзов, Латиф Шарипов, Манзура Ниғматуллаева, Қобил Мўминов, Эргаш Ғуломов, Зокир Маҳмудов, Роза Каримова, Мавлонбек Тўрабеков, Баракат Йўлдошев, Райҳонгул Юсупова, Воҳид Зоҳидов, Анзират Юсупова…

Хуллас, барча устозларимиз ўз касбининг фидойилари эди. Уларнинг ҳар бир дарси ўқувчилар учун янги бир кашфиётга айланарди. Шунинг учун ҳам бу мактабдан олимлар, ўқитувчилар, етук журналисту муҳандислар, хушовоз хонандалар ва юзлаб бошқа касб эгалари етишиб чиққан.

Чопқир йиллар мактаб тарихида ярим асрни ортда қолдириб, ҳамон олдинга югургилаяпти. Ўтган йиллар мактаб биносининг эскиришига хизмат қилган бўлса-да, ўқитувчилар устозлари анъанасини давом эттириб, ёш авлодга пухта таълим-тарбия бериш йўлида бор билим ва маҳоратларини ишга солавердилар.

Мактаб остонасига ҳаяжон ила қадам қўяман. Бир пайтлар эски мактабдан янги мактабга келиб қолганимиздаги ҳайратим яна такрор борлиғимни эгаллади. Бугун мактаб янада замонавийлашиб кетибди. Бунинг боиси…

Инсон дунёга келгач, ортидан нимадир қолдирганлиги билан ҳам бу ҳаёт қизиқ. Кимдир кўприк қуради, кимдир сув келтиради, кимдир яна бошқа бир савобли ишни амалга оширади. 14-мактаб ҳам ана шундай хайрли ишнинг ортидан беқиёс кўриниш касб этди. Шу мактабда ўқиб, моҳир устозлардан билим олиб, кейинчалик тадбиркорлик йўлидан кетган бир саховатли инсоннинг хайрли ишга қўл урганини фақат олқишлаш мумкин.

Мактабнинг 810 ўринли аввалги биноси мукаммал таъмирланибгина қолмай, унинг ёнида 690 ўринли 5 қаватли янги бино ҳам қад ростлади. Бу ерда бош­ланғич ва юқори синф ўқувчилари таълим олишмоқда. Ўз бағрига 1 минг 571 нафар ўқувчини олган мактабда дарс­лар бир сменада, ўзбек ва рус тилларида ўқитилади. 50 та синфнинг 15 таси рус синфларидир. Кимё, физика, информатика, рус тили, инглиз тили каби фанлар бўйича ўқувчилар бўлиб ўқитилади. Улар алоҳида фан хоналарида машғулот ўтишади.

Интернетга тўғри кирса бўладиган 3 та электрон досканинг имкониятларидан фойдаланиб ўтиладиган дарслар таълим сифатини юқори босқичга кўтаришга хизмат қилаяпти. Компьютерлар сони ҳам ҳомий берган 15 танинг ҳисобига 30 та бўлди. Натижада 3 та информатика хонаси ташкил этилди.

Ўқувчилар мактабда фақат билим олиш билан чегараланиб қолмайдилар, балки улар мактабни тугаллаганларида қўлларида бирорта ҳунар ҳам бўлади. Тикувчилик, нақш ўймакорлиги, тўқувчилик, сураткашлик тўгаракларига ўқувчилар катта қизиқиш билан қатнашадилар. Кейинчалик тўгаракларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳам режада бор. Ўқувчиларнинг қизиқишлари инобатга олиниб, сартарошлик, токарлик, слесарлик тўгаракларини очиш режаси ҳам йўқ эмас.

Барча фанлар ҳамда спортнинг 10 та тури бўйича ҳам тўгараклар ишлаб турибди. Ўқувчиларга 70 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Уларнинг 9 нафари олий, 21 нафари 1-тоифали, 38 нафари 2-тоифали ўқитувчилардир.

Кейинги йиллар ичида ўқитувчиларнинг обрў-эътибори аввалги йилларга нисбатан анча ортмоқда, давлатимиз томонидан уларнинг машаққатли меҳнатлари муносиб тақдирланиб, ойликлари оширилмоқда. Янада аҳамиятлиси, С-1 сертификати олишнинг йўлга қўйилганлиги ўқитувчиларнинг ўз устларида тинимсиз ишлашларига туртки бўлмоқда. Мактабда 4 нафар ўқитувчи ана шундай сертификат олган бўлиб, уларнинг ойлигига 50 фоиз устама қўшилганлиги бошқа устозларни ҳам улардай бўлишга ундамоқда. Махсус сертификатга эга бўлган 5 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси ҳам 50 фоизлик устама олмоқда. Яна уч нафар информатика фани ўқитувчиси шунинг ҳаракатида. Математика, биология фанларидан дарс берувчи 5 нафар ўқитувчи ҳам миллий сертификат олиш учун ариза бериб қўйиш­ган. Яна 5 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси ҳам сертификат олиш ниятида.

Ўқитувчиларнинг қай даражада таълим-тарбия бераётганлиги ўқувчиларнинг қўлга киритаётган ютуқларида намоён бўлмоқда. Ўтган йили институтга 45 нафар ўқувчи кирди. Бу йилги битирувчиларнинг 10 нафари инглиз тилидан “IELTS” сертификатини олишиб, улардан 5 нафари олдиндан нуфузли олий ўқув юртларининг талабаси бўлишди.

Ҳар бир синфхонаси олдидан ўтарканмиз, ўқитувчиларнинг дарсни мароқ билан ўтаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Мана, “STEAM” хонаси. Олий тоифали кимё фани ўқитувчиси Матлуба Мирзаолимова ўқувчилар ўртасида амалий машғулот ўтаяпти.

Кейинги синфхонадаги жим-житликни олий тоифали она тили фани ўқитувчиси Мавжуда Илҳомованинг ширали товуши бузаяпти. Унинг ўтаётган мавзуни тушунтириб бериш маҳоратига маҳлиё бўлганча эшик олдида бироз туриб қолдик.

— Бу устозимиз 30 йилдан бери ўқувчиларга она тили ва адабиёти фанидан дарб бериб келади, — деди мактаб раҳбари Наргиза Ҳасанова. — Ўзи шу мактабни тугатган ва шу мактабга ишга келган устозлардан бири. Ўзим ҳам дарс­ларни таҳлил қилиш асносида тез-тез Мавжуда опанинг дарсларида бўламан ва албатта катта маънавий озиқ олиб мазза қиламан. Маҳоратли устоз…

Ўша пайтлардагидек ҳозир ҳам мактабда радиоузел ишлаб турган экан. Танаффус пайтида ундан мактаб янгиликлари, қўлга киритилаётган ютуқлар, турли эълонлар янграйди. Ҳар жума куни бўлиб ўтадиган “маънавият” соатида эса ўқувчилар юртимизда, туманимизда бўлаётган янгиликлар билан танишадилар. Мактабни айланиб бўлиб раҳбарнинг хонасига кирганимизда стол устида турган Анвар Эргашев ва Юлия Медведовс­каялар муаллифлигидаги “Бир юз бир” китобига кўзимиз тушди.

— Бу китобни яна бир бор ўқияпман, — деди Наргиза Ҳасанова. — Иккинчи жаҳон уруши воқеалари ёзилган. Бепарво ўқиб бўлмайди. Бу воқеаларни ўқувчиларга ҳам айтиб бериш, китобни ўқишга тавсия этиш ниятимиз бор. Улар бугунги куннинг қадрига етсин, деймиз-да. Беш мингта бадиий китоб фондига эга бўлган шинамгина кутубхонамиз, ўқув залимиз бор. Ўқувчиларни болалигидан китобга бўлган қизиқишларини оширишга ҳаракат қилаяпмиз.

Туман маркази қиёфасига тождек бўлиб тушган кўркам мактабдаги шарт-шароитлар, таълим-тарбиядаги туб бурилишлар сари ташланаётган дадил қадамларни кўриб “бундай мактабда фақат сидқидилдан, юқори баҳоларга ўқиш ярашади”, деган фикрлар ўтди хаёлимдан. Давлатимизнинг таълим-тарбияда юксак самарадорликка эришиш йўлидаги ғамхўрликлари, олиҳиммат ҳомийнинг ўзи ўқиган мактабига кўрсатган катта беминнат ёрдами шубҳасиз бунга хизмат қилади.

Жамила АРСЛОНОВА.
Абдуқодир МУСЛИМОВ
олган суратлар.