Ўзбек тили байрамига бағишланди

Ўзбек тили байрамига бағишланди

Тил – давлат тимсоли, мулки, руҳи, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир, бир сўз билан айтганда она тили – бу миллатнинг руҳидир… “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддаси билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Ҳар йили бу сана республикамизда катта кўтаринкилик руҳида нишонланади, тил ҳақидаги ибратли сўзлар, шеърлар, соф она тилимиздаги қўшиқлар жаранг сочади.

Бу йилги байрамда ҳам туманимиздаги барча ташкилот ва таълим муассасаларида тадбирлар бўлиб ўтди. Асосий тадбир эса туман марказидаги Маданият саройида ўтказилди. Туман ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар, Ахборот-кутубхона маркази, Маънавият-маърифат маркази туман бўлинмаси, Маданият бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда маҳалла хотин-қизлар фаоллари, шеърият шайдолари, мактаб ўқувчилари, ёшлар иштирок этишди. “Она тилим – фахрим” деб номланган мазкур кеча иштирочилари “Ҳосил” халқ мақом ансамбли томонидан жон­ли ижрода янграган миллий ашулаларимизни мириқиб тинглашди, рақсларни завқ билан томоша қилишди ва катта маданий озуқа олишди.

Насиба УБАЙДУЛЛАЕВА.