Ҳар бир давлат учун ўз тили азиз ва муқаддасдир. Шу муқаддас тилни асраб қолиш эса инсонларнинг ўз қўлида. БМТ маълумотига кўра, дунёда 7 мингга яқин тил мавжуд бўлиб, шуларнинг 2,5 мингдан кўпи йўқ бўлиб кетиш арафасида экан. Ҳар икки ҳафтада муайян маданий ва интеллектуал меросни қамраб олган бир тил бутунлай йўқолади. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатлар тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари йўқ. Шу боисдан ҳам дунё тилларини сақлаб қолиш, маданий, интеллектуал мероснинг йўқ бўлиб кетиш хавфининг олдини олиш мақсадида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) томонидан 1999 йил ноябрда “21 февраль – Халқаро она тили куни”, деб эълон қилинган. Мазкур сана дунёда тилларга бўлган эътибор ва ҳурматни оширишга хизмат қилади. Ҳозир энг кенг тарқалган ва кўп ишлатиладиган тиллар инглиз, хитой, рус, француз, испан, ҳинд, португал ва араб тилларидир. Жаҳон тиллари сони тобора ортмоқда.
Француз тили умумий тил сифатида эътироф этилган XVIII асрдан сўнг аста-секин инглиз ва немис тиллари, XX асрдан кейин эса рус ва бошқа бир неча тил жаҳон миқёсида қўллана бошлади. Тилнинг мақоми БМТ, ЮНЕСКО сингари халқаро ташкилотлар, нуфузли конференцияларнинг расмий ёки ишчи тили сифатида тан олиниши туфайли юридик жиҳатдан мустаҳкамланиши билан белгиланади. Масалан, инглиз, араб, испан, хитой, рус, француз тиллари БМТнинг расмий ва ишчи тили ҳисобланади. Юртимизда ҳам давлат тилига бўлган эътибор ҳар қачонгиданда кучайди. Бугун она тилимизни улуғлаш, унинг бой хазинасини ёш авлодга етказиш мақсадида юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилди. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида сабоқ олаётган ёшлар ўзбек тили ва адабиёти, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганаётганликлари қувонарлидир. Она тили – миллат руҳи, ор-номуси. Йиллар ўтиб, қайси юртнинг фарзандлари ўз она тилларида ўқишни тўхтатса, ўша тил йўқлик қаърига сингиб кетади. Шу сабабли ҳам тилни ёт таъсирлардан сақлаш халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Она тили халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз керак. Тил бор экан, миллат яшайди, юрт равнақ топади, аждодлар билан авлодларни мустаҳкам ришталар боғлайди.
Ҳафиза НИЗОМОВА,
15-мактаб ўқитувчиси
