“Дугон, Зангиотада нима гаплар?”

“Дугон, Зангиотада нима гаплар?”

“Асил”ликлар доимгидек биринчи

Асилликлар ҳеч тиниб-тинчимайдиган чиқиб қолишди-да, қиш-қировли кунларда ҳам қайсидир кўчага шағал ётқизиш, қайсидир кўчанинг сув йўлини бетонлаш ишларини амалга оширган маҳалла аҳли яна ҳаракатда. Кўчабошининг ташаббускорлигида “Тегирмон” кўчадан ўтган ариқ ҳашар йўли билан тозаланиб, бетонлаш ишлари бошлаб ю б о р и л д и . Юртимизда обиҳаёт тақчиллиги тобора сезилаётган ҳозирги пайтда маҳаллалар ҳудудидан ўтган ариқларни бетонлаштириш айни муддаодир. Зеро, бундай ариқларда сув равон оқади ва асосийси, бебаҳо табиат неъмати ерга беҳуда сингиб, кўп миқдорда исроф бўлишининг олди олинади.

Маҳаллада дув-дув гап

Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йилнинг 26 сентябрь куни маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш, “маҳалла еттилиги”ни ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантириш зарурлиги таъкидланиб, “еттилик тизими” фаолиятини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланган эди. Туманимизда “еттилик” иштирокида бўлиб ўтган семинар-йиғилишда уларнинг амалга оширадиган ишлари ва бошқа масалалар бўйича гап борди. Демак, “еттилик” ўз вазифасини янада чуқурроқ билиб олди. Лекин одамлар-чи? Уларнинг ҳаммаси ҳам газета ўқимайди, интернет “титмайди”. Демак, “еттилик” ҳақида керакли тушунчага ҳам эга бўлмайди. “Наврўз” маҳалласи идорасида “еттилик”нинг вазифалари акс эттирилган баннернинг ўрнатилиши одамларнинг бу борадаги саволларига тегишли жавоб бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Буни бир киши ўқиса, ўн кишига етказади, ўн киши эса юзтага… Хуллас, маҳаллада дувдув гап. Ишни шундай ташкил этса ҳам бўларкан-ку.

“Ҳаммасига интернет айбдор”

Ўтган бир ҳафта давомида туман фуқаролар йиғинлари фаоллари, мутасадди идоралар вакиллари ўз ҳудудларидаги мактабларда бўлишиб, ўқувчиларнинг давоматлари билан қизиқишди. Натижа қандай бўлди дейсизми? Афсусланарли. Дарсга келмаётган ҳамда дарсларга кечикиб келаётган ўқувчилар ҳам бор эди. Касал бўлиб қолиб дарсга келмаган ўқувчини тушунса бўлади. Лекин соғлом болалар-чи? Хуллас, болаларининг хулқи орқасидан кўплаб ота-оналар дакки эшитишди. Қизиғи шундаки, айрим ота-оналар болаларининг дарсга кечикишларига ярим тунгача телефон билан андармон бўлиб қолаётганликлари, натижада эрталаб вақтида уйғонолмаётганликларини рўкач қилишди. Сезиб тургандирсиз, улар телефонни айблашмоқда. Лекин бунга боласининг қўлига телефон тутқазган, ундан қандай фойдаланаётганлигини назорат қилмаётган, фарзандини тунги белгиланган вақтда уйқуга ётиб, эрталаб вақтида туришини эътибордан қочираётган ота-оналарнинг ўзлари айбдор эканликларини бир бор бўлса ҳам ўйлаб кўришса чакки бўлмасди. Маҳалла ёшлар етакчилари “мактаб-ота-она – маҳалла” занжири асосида иш олиб бориш борасидаги ташаббусни ўз қўлларига олишди. Мактабга бириктирилган масъуллар билан бирга мактаб ўқувчиларининг давоматлари, дарсларни ўзлаштиришлари назоратга олинди. Мактабга бормаётган ва дарсларга кечикиб келган ўқувчиларнинг хонадонларига бориб ўрганилиб, бундай ҳолат яна такрорланса, қонунда кўрсатилган маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантиришди. Агар бундай назорат маълум вақтда эмас, доимийга айланса, таълим-тарбияда ижобий томонга ўзгаришлар кўпаяди.

Кўчат кўтарган отахон

Об-ҳаво чиройли. Кўнгли очиқ қишлоқ одамларининг кўнгли ҳам шунга монанд. “Кўчат экиш пайти келди, ҳаракатингни қилинглар!” Бу, кўпни кўрган, умри давомида бўш жой топди дегунча ўша ерга дарахт кўчати эккан отахонларнинг даъвати. “Навқирон” маҳалласи отахонлари ҳам бугун ана шу ниятда кўчага чиқишди. Ишдан қайтган маҳалла эркаклари қарашса, экилган дарахтлар сафи кўпайиб қолибди. “Исроил отахонимиз ишга киришибдилар-да”, дейишдию, дам олиш кунлари ўзлари ҳам кўчат экишга аҳд қилишди. Шу десангиз, нафақат бу маҳаллада, балки бошқа маҳаллаларда, далаларда ҳам бу муҳим ишга киришилди. Демак, бу йил боғу роғларимиз янада кўпаяди. Бу ишнинг бошида турган отахонларимизга эса минг офарин!

Энди бошга ёмғир ёғмайди

Энди М.М.Хоразмий номли маҳалла аҳлининг бошига ёмғир ёғмайдиган бўлди. Сабаби депутат Азиза Гиясова ўз депутатлик бурчини аъло даражада бажарди. У аҳолининг талабларидан келиб чиққан ҳолда маҳалла ҳудудидан ўтган “Назарбек” шоҳ кўчасидаги аҳоли автобус кутадиган жойга замонавий бекат ўрнатиш ишларига бош қўшди. Бундан ҳаммадан ҳам автобус кутадиган кексалар, болалар ва ёш болали аёлларнинг бошлари кўкка етди. Энди ёзнинг саратонидан, ёғин-сочинли кунлардан уларни асрайдиган пана жой бор.

Элэктр энергияни ишлатиш осон, носозликни созлаш-чи?

Ҳар куни қайсидир маҳаллада нимадир сабаб бўлиб маълум вақтга электр энергия ўчади. Унинг ёқилишини кимдир индамай кутади, кимдадир сабр йўқ. Асаббузилишлар бошланади. Аслида электр тармоғи ходимлари ҳам ўйнаб ўтиришмайди. Улар қишин-ёзин, куну тун ҳаракатда… …”Қаҳрамон” маҳалласи “Шофайз” 10, 11, 12-кўчаларининг айрим хонадонларини электр энергияси билан таъминловчи ТП 371 ни 04 кВ ҳаво линиясининг 2-фидерида қисқа туташув бўлиб, ҳимоя автомати ишдан чиққан. … МТФ 1 10 кВ ҳаво линиясида иш жараёни якунланмоқда, тез орада ёқиш чораси кўрилади. …”А.Яссавий”, “Бўстон” маҳаллаларида икки соатлар чамасида электр энергияси қайта тикланади. Сабаби ҳаво линиясида таъмирлаш-профилактика ишлари бажарилаяпти… Корхонанинг аҳоли билан мулоқот қилиш учун очилган телеграм канали орқали аҳоли ўз саволларига ана шундай жавоблар олишади. Демак, электр тармоғи ходимлари ҳаракатда. Улар носозликларни бартараф этиш билан бир қаторда таъминотни яхшилаш борасида ҳам иш олиб боришмоқда. Жумладан, улар айни дамда “Улуғбек” маҳалласидаги кўп қаватли уйлар ёнидаги ТП 271 трансформаторни алмаштириб, аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини таъминлашди.

Ҳар кимнинг ҳаёти ўзига азиз

Ҳа, шундай, “Зангиота туман газтаъминоти” бўлимининг огоҳлантиришларига ҳам бефарқ қараманг. Мутахассислар шундай дейишмоқда: Дудбурон, мўриларингизнинг тортиш кучи яхшими? Буни билмоқчи бўлсангиз уни оддий гугурт билан текшириш мумкин. Печ ёки иситиш қозони баланд ёқилган ҳолатида гугурт алангаси кўриш тешиги олдига олиб борилади. Агар аланга ичкарига қараб йўналса, демак тортиш қониқарли. Агар ташқарига йўналса, огоҳ бўлинг! Демак тортиш йўқ, дудбуронни тозалаш зарур! Тезда мутахассисни чақиринг. Ўзингиз ва яқинларингизни ис гази қурбони бўлиб қолишдан асранг! Газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этсангиз, ҳушёрликни йўқотмасангиз, омон бўласиз. Чунки ҳар кимнинг ҳаёти ўзига азиз. Азиз ҳаётни асраш эса ўз қўлингизда. Ҳа, “Зангиота тумангазтаъминоти” бўлими мутахассислари аҳолини қиш бўйи ҳар куни, ҳар соатда ана шундай огоҳлантиришмоқда. * * * Туманда бир кунда бўлиб ўтаётган янгиликларни ёзаверсак, газетанинг саҳифалари ҳам камлик қилса керагов… Хотин-қизлар фаолларининг кун бўйи кўчама-кўча кезиб, оилаларни ўрганаётганликларини қоғозга туширайликми, мактаб ва тактабгача таълим муассасаларида катта кўтаринкилик руҳида ўтказилаётган Алишер Навоий ва Бобурга бағишланган кечаларни ҳикоя қилайликми, спортчи ёшларнинг қизғин беллашувларини ёзайликми, томорқаю далалардаги меҳнат кўтаринкилигини мадҳ этайликми… Бу каби янгилик ва қувончли хабарларнинг адоғи кўринмайди. Кўринмасин ҳам! Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги шижоатимиз, ҳаракатимизга кўз тегмасин, хайрли ишларимиз кўлами кенгайгандан кенгаяверсин. Узоқ Бухородаги дугонамга шуларни тўлиб-тошиб ҳикоя қилгим келди.

Жамила АРСЛОНОВА.