Кўчага чиққан одамлар

Кўчага чиққан одамлар

Улар ўз маҳалласининг ободлиги учун қайғуришмоқда
Халқимизда “Сариштали уй – фариштали уй” деган нақл бор. Уйингизни қанчалик тоза тутсангиз, шунчалик кўп файзу барака ёғилаверади. Тозалик кирган жойдан касаллик қочади, фарзандлар ҳам саранжом-саришталикка ошно бўлиб вояга етишади. Демак, тарбиянинг аввали тозалик… Сиз уйингизни қанчалик тоза тутманг, кўчангизга эътибор бермасангиз, бу тарбия кемтикдир. Буни ёши улуғларимиз яхши билишган ва ҳар куни тозаликни аввало кўчасидан бошлашган: сув сепишган, супуришган, чиройли кўринишга келтиришган. Ўтган йўловчилар ҳам бу хонадонга ҳавас билан боқишган. Ҳозир ҳам шундай. Туманимизда тозаликни ҳаётининг мазмунига айлантириб олган хонадон эгалари борки, ҳар куни қўлида супурги, чанглатта, сув солинган челак… Шу кунларда эса бундай ҳолатлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Маҳаллаларда қишнинг охирги ойидаёқ баҳорга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. “Истиқлолнинг 5 йиллиги” маҳалласига борган киши хонадонлар аҳлининг кўчаси тарафини обод қилаётганлиги устидан чиқади. Дарахтларнинг қуриган шохлари кесилиб, кеч кузда тўкилган дарахт барглари ва чиқиндилар тўпланиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундай қизғин жараён Улуғбек номли маҳалла кўчалари ва кўп қаватли уйлар атрофларида ҳам амалга оширилмоқда. Ариқлар тозаланиб, теварак-атроф супурилиб, чиқиндилар ташиб кетилмоқда.

Бошқа маҳаллаларда ҳам тозалаш ишлари анча жонланиб қолди. Тозалик яхши. Лекин уни тўпланган чиқиндиларни ташиб кетишсиз тасаввур этиб бўлмайди. Хўш, бу борадаги аҳвол қай даражада? Ўтган йиллар мобайнида туманимиз аҳолиси чиқиндиларни ташиб кетиш хизматидан норози эди. Сабаби айрим маҳаллаларга чиқиндиларни олиб кетиш машинаси ойлаб кирмасди. Бу эса аҳоли томонидан чиқиндиларни дуч келган жойга ташланишига сабаб бўлиб, теварак-атроф тозалигига путур етаётганди. Энди эса аҳвол ижобий томонга ўзгарди. – Маҳалламизга хизмат кўрсатиб келаётган “Обод ҳудуд сервис” МЧЖ ходимлари ва уларга бош бўлиб келаётган Сайдамин укамиздан миннатдормиз, – деб ёзади “Эркин” маҳалласи фуқаролари. – Чиқиндилар ўз вақтида ташиб чиқиб кетилмоқда. Мазкур МЧЖнинг хизматидан Алимбуваликлар ҳам миннатдор. – “Обод ҳудуд сервис” машиналари маҳалламизга бир ойда тўрт марта келмоқда, – дейишмоқда улар мамнуният билан. Ҳа, бир пайтлардаги норозиликлар ортда қолгани рост бўлсин. Чиқиндилар ўз вақтида ташиб чиқиб кетилса, туманимизнинг энг чекка жойлари ҳам обод ва кўркам бўлиши аниқ. Дарвоқе, туманда хайрли ишлар ҳам давом этмоқда. Жумладан, “Алимбува” маҳалла фуқаролар йиғини биносини таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Маҳаллада фаолият юритаётган “Обод ҳудуд сервис” МЧЖ нафақат ўз ишини сидқидилдан бажармоқда, балки маҳалласи идорасини таъмирлаш ишларига ҳам ёрдам бермоқда. Жумладан, ёпиқ йўлакча учун зарур бўлган қурилиш маҳсулоти тунукани ҳомийлик асосида етказиб берди. “Шодлик” маҳалласи раиси ҳам яхши ташаббус билан чиқди. У бошчилигидаги фаоллар ва ҳомийлар 1-мактабнинг кириш қисмидаги йўлакнинг яроқсиз қисмини мукаммал таъмирлаб, бетон қопламаси ётқизишди. Туманимизда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Ж.АМИРОВА