Куни кечагина эди, ёққан қор борлиқни оппоқ кўрпасига ўраб, чиройли манзара касб этгани. Ҳут кириб келиши билан атрофда жонланиш бошланди, қишнинг изғиринлари ортга чекиниб, она заминга қуёш ҳовучлаб нурларини сочишга киришди. Қорлар эриди, табиат, унда неки бор, барча-барчаси баҳорга қарши чиқишга ошиқа бошлади. Чунки баҳор гўзаллик, яшариш, қайта туғилиш, яшнатиш айёми. Лекин…
Қор ёғганида табиатдаги бетакрор гўзалликдан қанчалик қувонган бўлсак, у эригач, кайфиятимиз навбаҳорга мос яшнамагани аниқ. Бунинг сабаби эса бизнинг табиатга бўлган беписанд муносабатимиздир. Қўлимизда нима бор, уйимизда нима чиқинди бор, кўчага чиқариб ташлашга одатланганмиз. Бировнинг уйининг этаги ёки йўлнинг иморатсиз қисми, ариқ, анҳор чети демаймиз, чиқинди ташлайверамиз. Истагимиз шу чиқинди уйимизда турмаса бўлгани, кўчага ким ташлаганини биров билиб ўтирибдими… Афанди дарахтнинг устига чиқиб олиб, ўзи ўтирган шохни зўр бериб арралаётган экан. Шунда йўлдан ўтиб кетаётган йўловчи: “Афандим, нариги шохга ўтиб арраланг, ўзингиз ўтирган шохни арралаётган экансиз, акс ҳолда шох билан бирга ерга қулайсиз”, – дебди. Афанди унинг гапини қулоққа олмабди ва орадан маълум бир фурсат ўтгач, шох билан бирга ерга қулабди.
Бу латифани болалигимизда эшитганмиз. Лекин унинг замиридаги ҳаёт ҳақиқатини кейинчалик-катта бўлганимизда тушуниб етганмиз. Биз ҳам бугун худди ана шундай қилаяпмиз, ўзимиз ўтирган шохни ўзимиз арралаш билан оворамиз. Чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаб, табиатни, ҳавони, соғлиғимизни зарарлаяпмиз. Чиқиндиларни сувга беармон ташлаб, оқизиб, айнан шу сувдан ичиб, пишган сабзавот ва полиз экинларини истеъмол қилаяпмиз.Янада ачинарлиси, сувнинг йўли тўсилгач, кўчага, яқин атрофдаги хонадонларга тошаяпти. Яна бир гап. Туманни бир айланинг. Йўлакчалар четидаги лотоклар нима учун керак? У ёғингарчилик пайтида сувларнинг ҳар ер-ҳар ерда тўпланиб, кўлмак ҳосил бўлишининг олдини олишга хизмат қилади. Лекин айрим одамлар бу ерларни ўзлари учун чиқиндихонага айлантириб олишган. Кимдир қоплаб ташлайди, кимдир қўлидагини улоқтириб кетади. Қарабсизки, нохуш манзара пайдо бўлади. Бу чиқиндиларни ободонлаштириш бошқармаси ишчилари тозалаб кетишгани билан яна маълум вақтдан сўнг ёмғирдан кейин сўнг чиққан қўзиқориндек пайдо бўлиб қолаверади.
Жаҳон тиллари университетининг япон тили йўналишини тугатиб, бугунги кунда магистратурани Японияда давом эттираётган ва япон маданиятини ўрганаётган жияним шундай ҳикоя қилади:
– Ўқишимнинг охирги босқичини Японияда давом эттирганман, – дейди у – Японияга биринчи марта борганимда ҳайрон қолгандим. Япония кўчалари тозалиги билан одамни ҳайратга солади. Кўчаларни тозалаб юрган фаррошларни учратмайсиз. Одамлар кўчага ҳеч қачон чиқинди ташламас экан. На бир чўп, на бир парча кераксиз қоғоз ташлашганини учратмайсиз. Японлар болаларини тозаликка оилада ўргатишади, мактаб эса буни мустаҳкамлайди. Сабаби мактабларда фаррош йўқ. Бу ишни ўқувчиларнинг ўзлари аъло даражада уддалашади. “Осоужи жикан”, яъни “тозалик вақти” 20 дақиқа бўлиб, унда болалар фаол иштирок этишади. Уларнинг ҳар бирининг вазифаси бор, бири ишлаб, бири дангасалик қилиб турмайди, ишга ҳамма бирдек киришади. Йилнинг маълум пайтида катта ҳашарлар бўлиб ўтади. Унда ота-оналар, ўқитувчилар ҳам иштирок этишади, мактаб ҳудуди тозаланади. Юқори синф ўқувчилари қуйи синф ўқувчиларига ёрдам беришади…
Шу тариқа болаларда теварак-атрофни тоза тутишга бўлган тушунча шаклланади. Бизнинг ҳам ота-боболаримиздан қолган ана шундай анъаналаримиз бор: ҳали ҳам кўп жойларда ҳовли-жой, кўчаларимизни қизларимиз, келинларимиз ҳар куни супуриб-сидиришади, уйларининг кўча тарафларига гуллар экиб, яшнатиб қўйишади. Лекин, афсуски, ҳамма ҳам шундай эмас. Агар бу ишга ҳамма бирга киришса, бизнинг озодагарчилигимиздан дунё лол қоларди. Бунинг учун эса озгина ҳафсала, иштиёқ, фаросат бўлса бас.
Жамила АРСЛОНОВА.
