Бугунги кунда давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар боис тадбиркорлар сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Айтиш жоизки, уларнинг эришган ва эришаётган муваффақиятлари мақтаса арзигулик. Туманимизда ҳам бундай тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Ёшларни уларнинг ишларидан хабардор этиш, улардан ўрнак олиш, уларга шогирд тушиш истагида бўлган ёшлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири яқинда туман Маданият саройида бўлиб ўтди.
Туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан ташкил этилган мазкур учрашувда иштирок этган ёшлар таниқли тадбиркорлар “Technologies of Rial Time” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Улуғбек Мирзаев ҳамда “Century Houses” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аброр Хушназаровлардан ҳаёт ва меҳнат сабоқлари, тадбиркорлик ва унинг сир-асрорлари борасидаги фикрларини тингладилар.
– Тадбиркорликни ихтиёр этган инсон аввало ўзининг нималарга қобилияти борлигини билиши лозим, – деди. А.Хушназаров, – ички туйғусига қулоқ тутиши, танлаган соҳасини яхши билиши, ишини яхши кўриши, бу соҳада албатта устоз этагини тутиши, бошқарувни, маркетингни билиши, таваккал қилишдан қўрқмаслиги лозим. – 2015 йилда иш бошлаганимизда 50 нафар ишчимиз бор эди, ҳозир улар сони 200 нафардан ошиқ, фаолиятимизни кенгайтираяпмиз, бу дегани яна юзга яқин ишчи ўрни яратилади дегани, – дейди Улуғбек Мирзаев. – Автомобилларнинг 400 хилдан зиёд импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариб, ички бозорнинг 90 фоизини таъминлаганмиз, 10 га яқин хорижий давлатларга экспортни амалга ошираяпмиз. Европа стандарт агентлигидан сертификат олганмиз. Ҳар йили ўндан зиёд кўргазмаларда иштирок этиб, ҳамкорларни кўпайтираяпмиз. Буларнинг ҳаммасининг заминида меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат ётибди. Тадбиркор ўз номи билан тадбирли, меҳнаткаш инсон бўлсагина кўзлаган мақсадига етади.
Учрашув ёшлар учун ниҳоятда фойдали, қизиқарли бўлди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга ўз иши, соҳасининг устаси бўлган тадбиркорлардан батафсил жавоблар олдилар.
Дилбар ШАРИПОВА.
