“Ҳукумат тили шу ҳукуматнинг хўжаси бўлғон халқнинг она тилидур”. Абдурауф Музаффарзода туркистонликларни ўзбек тилининг ХV-ХVI асрлардаги обрўйини тиклашга чақиради. Бу ишда мактаб ўқитувчилари асосий вазифани бажарувчилар эканини таъкидлайди.
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)
Мактабда болаларга она тилида ўқиш ва ёзишни ўргатиш, имло масалаларига жиддий қараш зарурлигини уқтиради: “Туркистондаги сонлари маҳдуд бўлғон мактабларининг бошида ўтурғувчи, очиқ фикрли муаллим афандиларимиздан, биз бундан яна неча қувват улуғ ва оғир ишлар ва ниҳоятда муҳим ва миллий бўлғон хизматлар кутмакдамиз. Ва уларнинг қобилият ва истеъдодларига ишанмакдамиз. Мазкур тил ва имло масаласи ҳам шул умидли муаллим афандиларимизға тақдим этиладур”.
Абдурауф Музаффарзода жадидларнинг тил-имло борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтади: “Миллат болалари ХХ аср таъсири ила ўзларининг она тилларини ҳам таниб шул тилнинг иззатини, ўзларига яқинлигини тушуна бошладилар. Энди китоблар ёзганда ва умуман қалам истеъмолида она тилларини қурол этмакдадирлар. Ҳам шундай бўлмак лозимдир. Биз бундан сўнг онгли ва идрокли ёшларимизнинг бу масалага яна жиддийроқ қарамакларин умид этамиз”.
Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, Абдурауф Музаффарзоданинг “Ҳозирда бизлар учун энг муҳим масалалардан бири, шубҳасиз, тил масаласидир. Биз Туркистон турклари она тилимиз бўлғон туркий тил билан бирга яшашимиз ва тилимизни ўз ҳаётимиз ва ўз ҳуқуқимиз билан баробар муҳофаза этишимиз керак”, деган фикрлари бугунги кун учун эскирмаган ҳақиқатдир.
* * *
Жадидлар ўз мақсад ва ғоялари тарғиботчиси бўлган даврий матбуотнинг ҳам ўзбек тилида бўлишини таъминлашга интилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий газета ва журналларнинг ўзбек тилида юритилиши зарурати ҳақида “Туркчанинг шўъба ва шохлари бўлган ўзбекчиғатой, татар, озарбойжон, қозоқ ва туркман лаҳжалариндаги янги матбуотнинг энг аҳамиятлик масалаларидан бири, албатта, шева, лаҳжа, имло масалаларидур”, деб таъкидлайди. Гарчи ўзи “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналини ўзбек ҳамда тожикчада чоп этса-да, Туркистон аҳолисининг катта қисми туркий тилда гаплашишини инобатга олган ҳолда матбуотнинг ўзбек тилида юритилишини қўллаб-қувватлайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек, татар, озарбойжон, қозоқ ва туркман тилларини туркий тилнинг лаҳжалари деб атайди. Бу тилда сўзлашувчи “турк болалари бир-икки минг санадан бери Эрон халқининг уларға ва ёки уларни эронийларға истило этганлари сабабидан форс маданияти ва адабиёти ва луғатлари нуфузиға маҳкум бўлуб, форс тилидан бир хийла луғат ва жумлаларни хоҳу нохоҳ абадий ва доимий суратда олганларки, у жумла ва луғатлардан бир қисмини туркий лаҳжалардан чиқориб ташламоқ гўё мумкин эмасдур. Ва бир қисмини муродифи туркчадан топилмаслик даражада ғойиб бўлгандур”, деб таъкидлайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий минг йиллар давомида ўзбек тилига қоришиб кетган араб, форс тилларидаги сўзлардан воз кечиш имконияти йўқлигини айтиб, имкони борича араб ва форс тилидаги сўзларни камроқ қўллаш кераклигини тавсия этади. Газета ва журналларда арабча сўзлар ўрнига туркий сўзларни қўллаш керак, дейди: “Масалан, улум, фунун, уламо, қуззот ўрнида илмлар, фанлар, олимлар, қозилар деб ёзингиз”.
Жадидлар ўзбек тилининг иккинчи даражали тилга айланиб қолганининг асосий сабабларидан яна бири Туркистоннинг Россия империяси томонидан мустамлака қилиниши, деб ҳисоблаган. Жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган ёрқин вакилларидан Ҳожи Муин “Меҳнаткашлар товуши” газетасининг 1918 йил 16 июль сонида эълон қилинган “Тил масаласи” мақоласида “Россия империясининг асосий мақсади бизнинг тилимизни унуттириш, бутун рус бўлмаган халқларни руслаштиришдан иборат эди”, деганида ҳақ гапни айтган эди. Шунингдек, у ҳукумат идораларида иш юритишнинг рус тилида олиб борилаётганига қарши чиқиб, Туркистон аҳолиси учун тушунарли бўлган ўзбек тилини расмий тил сифатида қўлланилишини талаб қилиб чиқади.
1919 йилда Абдурауф Фитрат Тошкент шаҳрида “Чиғатой гурунги”га асос солади. Бу ташкилотнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири туркий тилнинг дунё тиллари орасидаги юқори мавқеини кўрсатиб бериш эди. “Чиғатой гурунги” аъзолари Х асрлардаёқ ёзилган Маҳмуд Қошғарий ва Юсуф Хос Ҳожиб асарларини Туркистондаги турли даврларда ёзилган нусхаларини топишди. Улар “Девони луғотит турк” ва “Қутадғу билиг” асарларини таҳлил қилиш орқали ўн бир аср олдин ўзбек тили мукаммал, илмий ва адабий тил эканини кўрсатиб беришади.
* * *
1921-1923 йилларда Бухоро Халқ Шўролар Жумҳуриятида маориф нозирлиги умумий ишлар бўлими мудири лавозимида фаолият юритган Маҳмуд Субоҳ ҳам ўзбек тилининг ҳимоячиларидан эди. 1921 йил Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти ҳукумати томонидан ўзбек тилини давлат тили сифатида қўллаш тўғрисида махсус қонун қабул қилинган ва унга кўра ҳукумат идораларида ким ўзбек тилида иш тутмаса, жаримага тортилиши белгиланган. Аммо қонун қабул қилинганига бир йил бўлган бўлса-да, ҳукумат идораларидаги ҳужжатларнинг ярми рус тилида юритилаётганлигига Маҳмуд Субоҳ жим қараб тура олмаган. У “Бухоро ахбори” газетасининг 1922 йил 2 ноябрь сонида эълон қилинган “Тил масаласи” мақоласида тил софлигини сақлаш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини ёзаркан, “Ҳукумат тили шу ҳукуматнинг хўжаси бўлғон халқнинг она тилидур. Шу тил билан унинг адабиёти негизланган, қалбининг теран ериндан ўрин топғондур”, дейди.
Аммо Туркистонда болшевикларнинг мустаҳкамланиб бориши билан Туркистон аҳолисининг тили, дини, тарихини унуттиришга бўлган ҳаракатлар кучайиб борди. Бу эса ўз навбатида миллат ойдинларининг доимий равишда мустамлака тузумга мухолифатда туришига сабаб бўлди. Улар ўзбек тилининг мавқеини тиклаш йўлида тинимсиз курашдилар. Мустамлакачи ҳукумат эса ўз тили, миллати, дини ва тарихини яхши кўрган жадидларга “хавфли унсур” сифатида қараб уларни маънан ва жисмонан йўқ қилиб юборди. Аммо тил миллатнинг қонида оқаркан, уни йўқотиш осон бўлмайди. Советларнинг қилган барча қирғинлари, босқинлари ва адолатсизликлари ана шу ҳақиқат олдида ожиз қолди.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Тарих институти директорининг
илмий ишлар бўйича ўринбосари.
