Маълумки, жадидчилик ҳаракати ривожига қардош ўлкаларга саёҳат қилиш, ўзга халқлар таб-у тафаккурини ўрганиб, татбиқ учун андоза олиш ҳам ўзига яраша ҳисса қўшган. Ўз саёҳатлари билан алоҳида тарихга эга Абдурауф Абдураҳмон ўғли Фитрат ўзбек тарихида улкан из қолдирган. У жамоат арбоби сифатида ўрни миллий ҳаракатлар йўлидаги тенгсиз хизматлари билан белгиланади.
У 1886 йили Бухорода зиёли оиласида туғилган. Бухоро, Истанбул мадрасалари ва дорилфунунларида ўқиган. Фитрат араб, форс, турк тилларини мукаммал билганлиги туфайли Шарқнинг буюк алломалари ижодини яхши ўзлаштирган.
Фитрат 1909 йили Туркияга ўқишга бориб, 1913 йилгача Истанбул дорилфунунида таҳсил олади. Туркияда ташкил топган “Бухоро таълими маорифи” уюшмасида фаоллик кўрсатади. Унинг илк шеърий тўплами 1911 йилда “Сайҳа” (“Чорлов”) номи билан чоп этилади. “Сайёҳи ҳинди”, “Мунозара” каби асарлари ҳам шу даврда Туркияда босилиб чиқади.
Туркия дорилфунуни таҳсили (1909-1913) йилларида жадидчилик ғоялари билан танишиб, шу ғоялар таъсирида қатор асарлар ёзади. Фитрат ижодининг бошланиши Туркистонда инқилобий ҳаракатлар кучайган, миллий уйғониш даврларига тўғри келади. Бу даврда у Оврупо фани ва маданиятини тарғиб қилиш ҳам Фитрат маърифатпарварлигининг муҳим йўналишини ташкил этади.
Фитрат 1917 йили “Ҳуррият” газетасини ташкил этиб, унда халқни истиқлол учун курашга даъват этувчи шеър ва мақолаларини эълон қилади. Жумладан, “Юрт қайғуси” номли шеър ва сочмаларида Туркистон ҳурлиги учун курашга бел боғлаган лирик қаҳрамоннинг “Мен сен учун туғилдим, сен учун яшарман, сенинг учун ўларман, эй туркнинг муқаддас ўчоғи!” деган даъвати баралла эшитилади. Фитрат фақат етук шоир, публицист ва ҳикоянависгина эмас, етук драматург сифатида ҳам бадиий маданиятимиз тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Унинг “Қон”, “Бегижон”, “Темур сағанаси”, “Ўғизхон”, “Або Муслим”, “Ҳинд ихтилолчилари”, “Чин севиш” каби драмаларида миллий мустақиллик учун кураш ғояси ёрқин ифодасини топган.
Фитрат йирик адабиётшунос олим сифатида ҳам бир қанча асарлар яратган. Жумладан, “Адабиёт қоидалари”, “Аруз ҳақида” каби илмий рисолалари, “Эски ўзбек адабиёти намуналари” сингари тазкиралари ўзбек адабиётшунослиги фанининг шаклланишида муҳим рол ўйнади. Шунингдек, Умар Хайём, Навоий, Бедил ҳақидаги тадқиқотлари адабиётимиз тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. У Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний каби ўндан ортиқ диний-маърифий адабиёт вакиллари ҳақида ҳам мақолалар ёзиб, адабиётимиз тарихидаги уларнинг ўрни ва аҳамиятини белгилаб беради.
Фитрат, айни пайтда, давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам кенг фаолият юритган. Жумладан, 1921-1923 йилларда Бухоро Халқ Жумҳуриятида маориф халқ нозири бўлиб хизмат қилган. 1923-1924 йилларда эса шоир Москвадаги Шарқ тиллари институтида илмий фаолият билан шуғулланиб, маърузалар ўқийди. Фитрат ҳам мустабид тузум тазйиқи остида 1937 йилда ҳибсга олиниб, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланган. 1991 йил 25 сентябрда миллий озодлик йўлида кўрсатган жасорати, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Фитратга вафотидан кейин Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди.
