Эзгуликнинг баланд парвози

Эзгуликнинг баланд парвози

Қурбон ҳайити туманимизда ҳам кенг нишонланди. Уч кун давомида қариндош-уруғлар бир-бирларидан хабар олишиб, меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашди, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан ҳудуддаги эҳтиёжманд оилалар йўқланди. Энг муҳими, кўплаб хонадонларга Қурбон ҳайити эҳсонлари кириб борди. “Аёллар дафтари”га киритилган “Обод турмуш” маҳалласида яшовчи Баҳриниса Назарова ҳамда “Боғзор” маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳноза Ғаниеваларнинг қувончи ҳамманикидан ҳам чексиз бўлди. Улар Ҳайит байрамини Ўзбекистон Респуб­ликаси Мудофаа вазирлиги ҳамда туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан таъмирдан чиқарилган уйларида кутиб олишди.

Ёлғиз она Баҳриниса  бир нечта сурункали касалликлар сабабли ҳар йили жарроҳлик столига ётар, унинг парвариши билан 20 ёшли қизи шуғулланарди. Томидан чакка ўтадиган уйини таъмирлаш учун маблағ ажратолмай қийналарди. Баҳринисанинг хаёлидан: “Агар томимиздан чакка ўтмаганида, уйимиз таъмирланган бўлганида, менинг ҳам жамиятга фойдам теккан, кичик ёшдаги болаларга рус тили бўйича билим берган бўлардим”, деган фикрлар тез-тез ўтарди. Ниҳоят, унинг орзуси амалга ошди. Бугун у таъмирланиб, чиройли кўринишга келтирилган уйда яйраб яшай бошлади ва қўли бу ишга бош қўшганларни дуо қилишдан бўшаётгани йўқ. Қурбон ҳайитида тумандаги “Аёллар дафтари”нинг 4-босқич, 3-тоифасига кирувчи боқувчисини йўқотган аёлларга бир марталик моддий ёрдам пули тарқатилди.

– Давлатимиз томонидан бизга кўрсатилаётган катта эъти­бор ва доимий қўллаб-қувватлашлардан бошимиз кўкка етмоқда, – дейди “Ҳаракат” маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган, II гуруҳ ногирони  Д.Далабоева.  – Мана байрамда туман ҳокимлиги, юқори идоралар, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган ёрдамлар ва йўқловлар кўнглимизни тоғдек кўтариб юборди. Бундай эътибор учун миннатдорчилигим чексиз. “Асил” маҳалласида яшовчи эҳтиёжманд оилаларнинг ҳайит байрами дас­турхони ҳар қачонгидан ҳам тўкин-сочин бўлди. Туман ҳокимлиги томонидан берилган озиқ-овқат маҳсулотлари байрам шукуҳига шукуҳ қўшди. Туман ҳокимлигининг бу каби байрам туҳфалари тумандаги барча қийналган оилаларга кириб борди.

Дилором ТОШМЕДОВА,
туман Оила ва хотин-қизлар
бўлими мутахассиси.