Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Тошкент вилоятида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2023 йилда 9 088 гектар фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган экин майдонлари фуқароларга 30 йил муддатга ижарага берилиши белгиланган эди. Амалда 9 631 гектардан ортиқ ер майдонларида 22 983 та лотлар тайёрланиб, 9 331 гектардаги 22 324 та лотлар “Е-AУКЦИОН” савдо майдончасига чиқарилган ва 21 850 та лотлар бўйича 9 088 гектарда танлов ғолиблари аниқланган.
Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида прокуратура органлари томонидан бу йўналишда қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш борасида 26 та тақдимнома киритилган, 61 нафар шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик хусусида огоҳлантирилган, иқтисодий судга 1 та даъво аризаси киритилган, 41 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка, 9 нафар мансабдорлар маъмурий жавобгарликка тортилган ва жиддий қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 31 та жиноят ишлари қўзғатилган. Бу орқали 200 га яқин фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Шунингдек, ўтказилган текширишлар натижасида ўлчаб берилиши пайсалга солинган ғолибларнинг 191 та лотлардаги 83 гектар ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилиши, 120 та лотлардаги 126 гектар ноқонуний танлов натижалари бекор қилиниши, сансалорликка солинган ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлган 108 гектарда 236 та лотларнинг қонуний асосларда савдога чиқарилиши таъминланди. Халқимизда “Ер – ишлаганники”, деган нақл бор. Ер ҳақиқий эгаларига берилса, деҳқоннинг тўккан пешона тери эвазига мўл-кўл қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилади, дастурхонимиз янада тўкин-сочин бўлади. С.НЕЪМАТЖОНОВ, Вилоят прокуратураси аграр ва озиқ овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими прокурори.
