Ўшанда ўтган йилнинг баҳори эди. Анора (исмлар ўзгартирилган) кўп пул топиш илинжида хаёлининг қирқта кўчасига кириб чиқди ва охири бир тўхтамга келди: ”Кўпчилик чет элга бориб ишлаб, уй-жойли, машинали бўлиб, яхши ҳаёт кечираяпти. Менинг улардан кам жойим борми?”. Анора ниятини дугонаси Оминага айтганди, у ҳам бу фикрга қўшилди. – Яхши ўйлабсан, бирга бориб бир жойда ишласак, бир-биримизга далда бўламиз, – деди у. – Анчагина пул ишлаб қайтамиз. Икки дугона гапни бир жойга қўйишиб, Холида исмли таниш қизга маслаҳат солишди. – Пойтахтда яшовчи Ораста исмли танишим бор, – деди Холида. – Дубайга бориб ишлаб келган. Чет элда қандай иш топиш мумкинлигини у яхши билади, керак бўлса иш ҳам топиб беради. Ишлари осон битганидан суюнган икки дугона Орастани қидириб топишди. – Дубай шаҳрида иш бор, танишларим ҳам бор, чипта, визаларга ўзим ёрдам бераман, – деди Ораста уларга. – Дубайга ишлагани борганимда менга ҳомийлик қилган одам сизларга ҳам ёрдам беради.
Дубайда савдо-сотиқ билан шуғулланиб, ҳалол пул топасизлар. Орадан кўп ўтмай Ораста уларнинг паспорт нусхаларини олди, “Мен, Анора палончи қизи, Дубайга ўз хоҳишим билан кетаяпман, ҳеч ким мажбурлагани йўқ”, деб айтиб туриб тилхат ҳам ёздиртирди. Ораста қизларга телефон рақамини берди ва улар билан телеграм орқали гаплашиб юрди. Кўп ўтмай сир фош бўлди. Ораста қизларга Дубай шаҳрига бориб фоҳишалик билан шуғулланишларини ва кетиш харажатларини топган “фойда”лари орқали узишларини, ҳар куни нечта мижозга хизмат кўрсатишгани ва топган пуллари ҳақидаги маълумотларни ўзига жўнатиб туришлари кераклигини айтганида, қизлар қўрқиб кетишди ва шундагина алданганликларини билишди. – Омина, у бизларни алдаб сотиб юбормоқчи-ку, – деди Анора. – Шундай қабиҳ йўллар орқали тирикчилик қиларкан-да. Буни шундай қолдириб бўлмайди. Дугоналар шундай деб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишди. ИИБ ходимлари Орастани аэропортда қўлга олишди. Шундай кейин Орастанинг шум нияти фош бўлди. Аслида унинг ўзи Дубайда шундай ишлар билан шуғулланиб қайтган ва афсуски, буни онаси ҳам яхши биларкан. Орастанинг нияти ёш қизларни топиб, Дубайга жўнатиш ва шу орқали мўмай даромад топиш бўлганди…
Суд томонидан Ораста Ортиқовага ҳукм ўқилди. Энди у умрининг маълум йилларини темир панжара ортида ўтказади. Юртимизда фуқароларнинг бахтли, фаровон ҳаёт кечиришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиб, эҳтиёжманд, қийналган, ногирони бор оилалар моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватланмоқда. Хотин-қизларнинг ишли бўлиши, ўқиши, тадбиркорликни йўлга қўйишлари йўлидаги ғамхўрликлар кучайтирилмоқда. Шундай шароитларга қарамай чет элга бориб ишлаш истагида бўлган ва охир-оқибат кимларнингдир найрангига учиб алданиб қолаётган хотин-қизларнинг ҳам учраб турганлиги ачинарли ҳолдир. Одам савдосининг оқибати эса ҳеч қачон яхшилик билан тугамайди. Шундай экан, айниқса, хотин-қизларимиз “узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши” деган халқ мақолига риоя этиб, ўз юртларида яшашса, меҳнат қилишса, фарзандлари бағрида бўлишса, ҳар қандай кўнгилсизликлардан ҳоли бўлиб, тинч-хотиржам ҳаёт кечиришади.
Зафар ШАРОПОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Зангиота тумани суди судьяси.
