Энди дуч келган жойга чиқинди ташлолмайсиз

Энди дуч келган жойга чиқинди ташлолмайсиз

Эконазорат кузатув камералари “сир”ингизни фош этади. Баъзи фуқароларнинг она табиатга бўлган беписанд муносабатини айрим ҳудудларда дуч келган жойда чиқинди тоғлари пайдо бўлаётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу эса, ўз навбатида табиат гўзаллигига жиддий путур етказиш билан бир қаторда турли юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи микроб­ларнинг кўпайишига замин яратиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Ана шундай чиқиндилар уюми бир неча йилдан бери “Навқирон” маҳалласида яшовчи аҳолини ташвишга солиб келаётган эди. Кўрилган қатор чора-тадбирларга қарамай, фуқароларнинг маҳалла ҳудудидаги белгиланмаган жойга бошқа ёқлардан келиб чиқиндилар ташлаб кетиш ҳолатлари барҳам топмади. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди. Яқинда мазкур жойдаги чиқиндилар туман Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари назорати остида техникалар ёрдамида бартараф этилди.

Инспекция ходими Бекзод Худойбердиевнинг берган маълумотига кўра, мазкур ҳудудда яна бундай нохуш ҳолатлар так­рорланишининг олдини олиш мақсадида ҳудудда доимий назорат ўрнатиш учун махсус онлайн режимда ишлайдиган видео кузатув мосламаси ўрнатилди. Эндиликда бу ерга ким чиқинди ташласа, мослама “сир”ни ошкор этади. Қоидабузар эса жаримага тортилади. Ана шундай мосламанинг навбатдагиси Бўзсув ҳудудида ўрнатилди. Тумандаги бошқа ҳудудларда ҳам белгиланмаган жойлардаги чиқиндихоналарга барҳам бериш мақсадида эконазорат кузатув камералари ўрнатилади.