“Далаҳовли” деганда кўз олдингизга одамларнинг шаҳардаги ёки аҳоли зич жойлашган ҳудудлардаги “оғир” ҳаводан вақтинчалик бўлса-да қочиб, мусаффолик уфуриб турган жойга бориб, тоза ҳаводан ўпкасини тўлдириб-тўлдириб нафас оладиган жойи келади. Лекин биз сизга ҳикоя қилиб бераётган “дала-ҳовли”да бугун мутлақо ўзгача манзара.

Таҳририятимизга хат билан мурожаат қилган “Зангиота Нурли Орол” боғдорчилик-узумчилик ширкати раиси Б.Тошматов “дала-ҳовли” атрофи дала ва “Бўзсув” канали билан чегарадош эканлиги сабабли назоратсиз қолаётгани, нотаниш машиналар келиб, чиқиндилар тўкиб кетаётганлиги, бу ердаги ишлаб чиқариш корхоналари ва чорвачилик фермаси чиқиндисини сувга оқизаётганлиги, натижада бундан табиат ҳам, одамлар ҳам жабр кўраётганлигини куюниб ёзади.
Аҳвол ҳақиқатан ҳам шунчалик ачинарлими?
– Ширкат раисининг мурожаатидан кейин бориб вазиятни ўргандик, – дейди туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими мутахассислари.
– Ҳақиқатан ҳам аҳвол оғир, чиқиндилар тоғ бўлиб уюлиб ётибди. Ўша ерни боғ қилиш ниятида олган фуқаро ҳозир шифохонада экан. У даволаниб чиққач, чиқиндихона йўқ қилинади.
Орадан вақт ўтди. Ниҳоят, ер эгаси билан учрашдик.
– Менинг исм-фамилиям сизларга нимага керак? – деди у саволимизга. – Мен туни билан далага қоровул бўлиб ўтиролмайман-ку. Кечқурун чиқинди тўкиб кетишаётган бўлса, менда нима айб?
Исмини яширган ер эгасининг исмини кейинчалик билиб олдик, Улуғбек экан. У яқин кунлар ичида чиқиндихонани йўқ қилишини айтди. Афсуски, орадан маълум вақт ўтгач, Улуғбекни яна шифохонада даволанаётганини айтишди.
Иссиқ кунлар ортда қолиб, ёмғирлар ҳам ёғиб берди. Ишлар ҳамон чала. Ёки ер эгаси “қорлар ёғиб, излар босилишини” кутаяптимикан? Билмадик.

Ҳафта бошида “Нурли орол” сари йўл олдик. Аҳолининг “дод” деганича ҳам бор экан. “Бўзсув” канали ёқасидаги бир гектардан ортиқ ернинг ярмини бурган босиб ётган бўлса, ярмида сочилиб ётган чиқиндилар ва улардан таралаётган бадбўй ис. Тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётган чиқиндини шу ердаги бульдозер у ёқдан, бу ёққа суриб, текисларди.
– Тўрт йилдан бери аҳвол шу, – деди ўзини Саша Болкунов деб таништирган фуқаро. – Ерни олган фуқаро бу ердаги жарликни тўлдириш учун нималар қилмади дейсиз, шаҳардан чиқинди билан келаётган машиналарнинг охири кўринмайди. Авваллари кечаси келарди, энди кундузи ҳам келаяпти. Ўтган йиллар ичида юз-юзлаб машиналар чиқинди тўкди шекилли. Қурилиш чиқиндилари бўлса ҳеч нарса демасдик, лекин маиший чиқиндилар ва улардан таралаётган ҳидга чидаб бўлмайди, чивин, пашшалар ва бошқа ҳашаротларни айтмаса ҳам бўлади. Ҳудудимиз нақ инфекциянинг маконига айланди-қолди. Қариялар бор, болалар бор, айниқса, уларнинг аҳволи танг бўлмоқда.
Аҳолининг айтишича, уларнинг нақ бурнининг тагида ўтган йили кабель ишлаб чиқарувчи цех очилиб, тунда зарарли моддаларини ҳавога чиқариб, одамларга азият етказган экан. Улардан аранг қутулишибди. Лекин чиқиндихона ҳамон 100 дан ортиқ “далаҳовли”да яшовчиларга азият етказишда давом этмоқда.
– Шу ерни олган киши биринчи йили майдоннинг бир қисмига, ўзининг айтишича, 1,5 миллион сўмлик дарахт кўчатлари экиб, расмга олиб, керакли жойга топшириб, “боғ яратдимми-яратдим” қабилида иш тутди, – деди фуқаролардан бири. – Сув қуйилмаса, паравариш қилинмаса, кўчат кўкарадими? Ўша йили ҳаммаси қуриб қолди. Буёғи эса чиқиндихона-да…
Камига шу ердаги ферма ва ишлаб чиқариш корхонасининг чиқиндиси ҳам “Бўзсув” каналига оқизилиб, она табиатга путур етказилаётганлигига нима дейсиз?!
Орадан ой эмас, бир неча йил ўтганига қарамай, ҳамон боғ барпо этиш учун берилган ерда бир туп ҳам дарахт ўстирилмагани, аксинча, унинг бир қисми бурганзорга айланганлигини қандай баҳолаш мумкин? Бу ерда одамни ўйлантирадиган ва ҳавотирга соладиган яна бир масала бор, турли хил чиқиндилар билан “бойитилган” ерда дарахт қандай ўсади?

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сув ёқалари обод қилинаётганлигига бир неча йил бўлди. Бугун пойтахт ва унинг атрофидаги кўплаб канал ва ариқларнинг ёқаларидаги хушманзарани кўрган кўз қувонади. Лекин пойтахтнинг нақ биқинидаги биз сизга ҳикоя қилиб берган мазкур жойга борган киши эса ўзини нақ икки аср орқага қайтгандек ҳис этиши аниқ. Бироқ икки аср аввал ҳам бу ерлар жарлик, чакалакзор бўлган-у, лекин бугунгидек чиқиндилару, ифлосланган ҳаво макони бўлмаган бўлса керак.
Бунга мутасаддилар нима дейишаркин?
Жамила АРСЛОНОВА, Дилбар ШАРИПОВА.
Абдуқодир МУСЛИМОВ олган суратлар.
