“Аямажуз”, “Ахмон-даҳмон”ларнинг шўхликлари ортда қолиб, “Ҳамал” ҳокимликни қўлга олди. Теварак-атроф яшилликка бурканди. Борлиқни бирин-кетин гуллаётган мевали дарахтларнинг ифори тутди. Шу билан бир қаторда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсумида дарахт кўчатлари экиш ишлари ҳам қизғин давом этмоқда. Жорий йилда республикамизда лойиҳа доирасида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Бу жараён туманимизда ҳам қизғин тус олди. Қайси ҳудудга борманг, қўлига кўчат тутган, бўш жойларга манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экаётган одамларга кўзингиз тушади. Бу йил туманимизда лойиҳа доирасида баҳор мавсумида 480 минг 500 туп манзарали, мевали, бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Ишлар шу асосда ташкил этилди.


Кўчатлар эса туманимиздаги кўчат етиштирувчилар ҳамда четдан олиб келинмоқда. Шунингдек, маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилаларга ёрдам тариқасида 10 минг туп мевали дарахт кўчатлари тарқатилиб, экилиши таъминланди. Бу йил Зангиота қишлоғи ва Ўртаовул қўрғони ҳудудидан ўтувчи темир йўл атрофларидаги ободонлаштириш ишлари ҳам ўзгача тус олган. Бу борада “Хўжамозор” маҳалласи аҳолиси намуна бўлмоқда. Маҳалланинг “Хўжаобод” кўчасида яшовчи Комилжон Ҳайитбоев темир йўл чети ва уйининг олдига 10 туп манзарали, шу кўчада яшовчи Акмалхожи Маҳмудов эса 16 туп манзарали арча кўчатларини биринчилардан бўлиб экишиб, атрофга кўрк бағишлашди. Туманимиз маҳаллалари, таълим муассасалари, ишхоналар олди, кўча ёқалари, фермерларнинг дала четлари, ариқ ёқалари, бўш турган майдонларига баҳорги кўчат экиш ишлари қизғин тус олмоқда.
Нозима РАСУЛОВА
