Азиз ёшлар!
Зангиота тумани Ёшлар ишлари бўлими томонидан сизларга йўлланган мурожаатни ўқиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги ролингиз тобора ортиб бораётганини яна бир бор ҳис этдим. Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда жорий йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши ҳар бир маҳаллада ёшлар билан манзилли ишлаш борасида олдимизга улкан вазифаларни қўймоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш учун ўтган йилнинг ўзида туманимизда “Ёшлар дафтари” орқали 2 минг 209 нафар ёшларга 4 млрд. сўмлик ижтимоий ва иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди.
Мисол учун: “Обод турмуш” маҳалласилик Барно Узоқовага 1 та оверлок ва 1 та тўғри чок тикув машинаси берилиши натижасида у жамиятда ўз ўрнини топиб, тадбиркорлигини йўлга қўйиб, ҳозирда ишини кенгайтириб, 70 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлигини таъминлаб, уларга тадбиркорлик сирларини ўргатиб келмоқда. “Ёшлар баланси” асосида 970 нафар “қизил” тоифадаги ёшлар 29 нафар сектор ва ташкилот раҳбарларига номма-ном бириктирилди. Амалий чоралар натижасида уларнинг ҳаммаси “яшил” тоифага ўтказилди. Ҳар бир маҳаллада “фуқаробай” тасдиқланган “Ёшлар бандлик дастурлари” амалга оширилиб, 1 минг 60 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, ёшларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун 295 нафарига субсидия, 86 нафарига 1,6 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Маҳалла, мактаб, профессионал таълимлар тизимида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақаларда туманимизнинг 82 нафар ёшлари юқори натижаларни қўлга киритишди. Шунингдек, туманимизда ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини кафолатлаш, уларни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳаётда ўз ўринларини топишларига қаратилган ишларимизни янада такомиллаштиришимиз лозим.
Шу боис, жорий йилда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўрамиз. Бунинг учун, биринчи навбатда “Ёшлар дафтари” тизими орқали 2 минг нафар ёшнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга асосий эътиборимизни қаратамиз. “Ёшлар баланси” асосида 543 нафар давлат кўмагига муҳтож ёшларни 23 та сектор ва ташкилот раҳбарларига бириктириб, йил якунига қадар уларни тўлиқ “яшил” тоифага ўтказамиз. Деҳқончилик қилиш истагидаги 115 нафар ёшга унумдор экин майдонларидан ажратиб, ҳар бир ёшнинг йилига ўртача 40-50 млн. сўм даромадга эга бўлишини таъминлаймиз. “Ёшлар бандлик дастурлари” ва “Ҳаракатлар режаси” орқали туманимиздаги барча маҳаллаларни ёшлар ишсизлиги ҳамда жиноятчилигидан ҳоли ҳудудга айлантирамиз. Шунингдек, 1207 нафар битирувчиларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаймиз.
Хорижий тил сертификатига эга ёшлар сонини 5 минг 800 нафарга, ёш китобхонлар сонини 10 минг нафарга етказиш чораларини кўрамиз. Бунинг учун ўқувчи ёшларимизни иккита хорижий тил ва битта касбга ўргатиш бўйича мактабларда барча зарур шароитларни яратамиз. IT соҳасига қизиқиши бор 150 нафар ёшни “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳасига жалб этиш орқали соҳадаги юқори даромадли ишлар билан таъминлаймиз. Ёшларни маданият, санъат ва китобхонликка жалб этиш мақсадида таълим муассасаларига миллий чолғу асбоб-ускуналари ва бадиий китоблар учун жами 120 млн. сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, 5 нафар ёшларимизга маданият ва санъат институтида ўқишлари учун контракт тўловлари тўлиқ қоплаб берилади. Бундан ташқари ёшларни спортга кенг жалб этиш ва уларга шароит яратиш мақсадида туманимиздаги спорт мактаблари ва таълим муассасаларига 90 млн. сўмлик спорт инвентарлари олиб берилади.
Шунингдек, туманимизда 2 та мактаб, 4 та спорт майдончалари барпо этилади, 1 та ёшлар сайилгоҳи, 1 та ёшлар ижод кўчаси, 1 та “Креатив парк”, 3 та кутубхона ташкил этилади. Олдимизга қўйган бу улкан режа ва вазифаларни амалга оширишда сиз азиз ёшларимиз биз билан бир сафда бўлиб бор куч ва имкониятингизни сафарбар этишингизга, ташаббусни ўз қўлингизга олиб, маҳаллангиз ва тенгқурларингизнинг ҳаётини яхшилаш, туманимизни янада обод қилиш йўлида бор куч-ғайратингизни аямаслигингизга ишонамиз. Биз, туман раҳбарлари, сиз, азиз ёшларимизнинг таклиф ва ташаббусларини амалга ошириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Азиз ёшлар! “Қарс икки қўлдан чиқади” – деган доно нақлга таяниб, сиз азиз ёшларимиз ҳар дақиқанинг қадрига етиб, ўз устингизда тўхтовсиз ишлашингиз, китоб ўқишингиз ҳамда хорижий тилларни ўрганишни “қатъий кун тартибингиз”га айлантиришингиз ҳамда туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлишингизга ишонамиз. Умуман олганда биз сизларни доим қўллаб-қувватлаймиз ва туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларимизни фаол иштирок этишга, ташаббускор ва фаол бўлишга чақириб қоламиз.
