Ҳурматли ёшлар!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал салоҳияти, иқтидори ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги – вертикал тизим яратилди. Маҳаллаларда ёшлар етакчилари институтининг жорий этилганлиги эса сиз ёшларнинг мурожаатларингизни сизлар яшайдиган жойнинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.
Бунинг натижасида, ўтган йилда: туманимиздаги 73 та маҳаллада ёшлар баланси шакллантирилиб, 41 минг 975 нафар ёшлар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилди; “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 2 минг 209 нафар ёшга 4 млрд. сўмлик ижтимоий ва иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди; Ёшлар томонидан қилинган 2 минг 390 та мурожаатнинг 2 минг 197 таси (92 фоизи) маҳалланинг ўзида ҳал этилди; Туманда 86 нафар ёшга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун 1,6 млрд. сўм имтиёзли кредит, 295 нафар ёшга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун субсидиялар ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланди; Шунингдек, меҳнат бозорига кириб келаётган ишсиз ёшлар ва таълим битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида 73 та маҳаллаларда “Ёшлар бандлиги дастури” ишлаб чиқилиб, 1 минг 060 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Интеллектуал ўйинлар оммавий ҳаракатга айланиб, бу тадбирларга 8 минг 72 нафар ёшларимиз жалб этилди; “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасидаги 20 та бепул онлайн хорижий тил курсларида 9 минг 109 нафар ёшлар таҳсил олмоқда. Ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳа ва танловларда 45 минг 130 нафар ёшларимиз қамраб олинди.
Туманимизда 169 нафар жиноят содир этишга мойил бўлган ёшлар билан манзилли ишлашга қаратилган “Ҳаракатлар режаси” амалга оширилди. Уларнинг 137 нафари пробация ҳисобида турувчи маҳкумларнинг ишлари сайёр суд шаклида муҳокамаларга, 32 нафари “Жасорат мактаби” ҳарбий ўқув йиғинига жалб этилди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда туманимиз ёшларининг ижтимоий фаоллиги ошганлигини кўришимиз мумкин. Бугунги кунда туманимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 101 минг 20 нафарни, 14-30 ёшдагилар эса 42 минг 287 нафарни (умумий ёшларнинг 42 фоизи) ташкил этмоқда. Азиз ёшлар! Туманимиз ёшларининг қизиқишларини ўрганиш учун йил бошида маҳаллаларда ўтказилган хатлов натижалари асосида сизлар билан манзилли ишлаш бўйича 9 та йўналишда махсус комплекс дастур ишлаб чиқилди. Бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 543 нафар давлат кўмагига муҳтож ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этиш орқали уларнинг ҳаётини яхшилашга кўмаклашамиз. Маҳаллалар кесимидаги “Ёшлар бандлик дастурлари” орқали 2 минг 275 нафар ишсиз ва битирувчи ёшларимизнинг бандлигини таъминлаймиз.
Шу мақсадда, 1 минг 864 нафар битирувчи ёшларимизга иккита тил ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган битта касбни мукаммал ўргатиб, катта ҳаётга мустақил қадам қўйишларига асосий эътиборимизни қаратамиз. Ўз навбатида, ёшларимизда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга биринчи навбатдаги муҳим вазифа сифатида қараймиз. Азиз ёшлар! Бу йил хорижда меҳнат қилаётган ҳамда хорижда ишлаш истагидаги ёшлар билан ишлаш бўйича янгича механизмларни жорий этиб, 180 нафар ёшни хорижий тиллар ва касбга ўргатиш орқали, ривожланган давлатларга мақсадли миграцияга жўнатиш ҳамда 1 минг 106 нафар ёшга “Ёшлар дафтари” имкониятларидан ёрдам кўрсатиш чораларини кўрамиз. Деҳқончилик қилиш истагини билдирган 205 минг нафар ёшларимизга 170 гектар сувли ва унумдор ерлардан ажратиш чораларини кўрамиз. Маҳаллаларда жиноят содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан ишлаш бўйича “Ҳаракатлар режаси” асосида, йил якунига қадар ёшлар ўртасидаги жиноятларни икки баробар камайтиришни режалаштирганмиз.
Ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси”га 50 минг 32 нафар, ҳарбий ватанпарварлик тадбирларига 9 минг 339 нафар ҳамда бошқа лойиҳа ва танловларга 10 мингдан ортиқ ёшларни жалб этамиз. Ушбу мақсадларимизни амалга ошириш учун туманимиз раҳбарияти кўмагида 4 та ёшлар инфратузилмалари барпо этилади. Жумладан, 2 та “Асил” маҳалласидаги 22-мактабга, “Абдужалилбоб” маҳалласидаги 43-мактабга қўшимча бино ва “Фаробий маҳалласига” 1 та мактаб янгитдан ташкил этилади. Ёшларимизнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, уларнинг туну кун фаолият юритишлари таъминланади. Шунингдек, туманимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Ҳурматли тенгдошлар! Барчангизни туманимизда жорий йилда ёшлар билан ишлаш бўйича намуна яратиш, таклиф ва ташаббусларимизни биргаликда рўёбга чиқариш ҳамда жонажон Ватанимизнинг тараққиёти йўлида бир тану-бир жон бўлиб ҳаракат қилишга чақирамиз. Биз, ёшлар бу мақсадларимизга эришишда туманимиз ҳокимлиги ва барча раҳбарларнинг қўллаб-қувватлашларига ишонамиз.
