Кечагина эди, илиқ об-ҳаво ҳаммани кўчага чорлаб, ободонлаштириш ишлари авжига чиққани. Ўтган ҳафта охири ва бу ҳафта бошларида ёққан қор эса халқимизнинг “қишнинг бир куни ҳам қиш”, “қишнинг бир куни қолган бўлса ҳам қўрқ”, деган нақлларини яна бир бор эслатиб қўйди. Негаки, ноқулай об-ҳаво шароитида кўчаларда, иссиқлик, газ, сув, электр энергия таъминотида муаммолар юзага келиши табиий.


Бу эса соҳа ходимларини куну тун тинимсиз ҳаракатда бўлишини тақозо этди. Шундай қилиб ўтган ҳафта охири ва шу ҳафта боши – 22 февраль – ҳут киришидан олдин майдалаб ёққан ва ерга малҳам бўлиб сингган қор соҳа ходимларига яна бир синовга айланди ва улар бу “имтиҳон”дан яна бир жасорат билан ўтдилар. Уларнинг меҳнатлари эса кадрларга муҳрланиб, тарих саҳифаларига битилди. Олдинда эса баҳор кутмоқда. Лекин ҳутнинг ҳам ўзига яраша “шўхлик”лари, тўпалонлари бор. Бироқ, энди булар қўрқинчли эмас, ер бағрига аллақачон илиқлик югуриб бўлди…
Ж. АМИРОВА.
