“Навоийнинг отини олтин билан ёзайлик…”

“Навоийнинг отини олтин билан ёзайлик…”

Навоийгача бўлган даврларда араб ва форс маданияти гуллаб-яшнади. Кўпгина турк олимлари ўз асарларини ўша тилларда ёзди. Шеърият оламида форс тилининг бағоят гўзаллиги ва нозиклиги тан олинар эди. Туркигўй шоирлар ҳам форсийда бирор асар битиш иштиёқида бўлар эди. ХIХ аср охири ХХ аср бошларида юзага келган жадидлик ҳаракатининг фаол зиёлилари ўзбек мумтоз адабиётига доир турли масалаларга эътибор қаратишди. Хусусан, мумтоз адиблар шахсияти, ижоди, асарларининг топилиши ва улар ижодини мактабларда ўқитишга ҳам бефарқ бўлмадилар. Туркистон жадидлари отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий бир неча мақоласида Алишер Навоий номини тилга олади. “Тужжор” газетасининг 1907 йил 10-11-сонларида босилган “Ислоҳи таҳсил” мақоласида мактаб муаллимлари ўз ўқувчиларига анъанавий ўлароқ шарқ адабиёти тарихидаги асарларни, жумладан, Навоий меросини ўқитишларини таъкидлайди. Аммо бола тафаккурига шарқ мумтоз адабиёти оғирлик қилади. Ҳатто “…бечора мактабдорлардан юзда беши бу китобларни зўрға ўқуб фаҳмламоғи” мумкин. Бу масала Беҳбудийга тинчлик бермагани учун ҳам орада яна 1909 йили “Таржимон” газетасининг 14-сонида “Туркистонда мактаб лисони” мақоласини эълон қилади ва Шарқ мумтоз адабиётини тушуниш, тушунтириш, қайси тилда ўқиш ва ўқитиш масалаларига қайта мурожаат этади. Англаш ва фаҳмлаш, ўқилган китоблардан маънавий озуқа олиш – бу масалалар жадид муаллимларини бефарқ қолдирган эмас.

Муаллим Мунаввар қорининг фикрлари ҳам маслакдоши қарашларига яқин. Мактаб ўқувчиларини жуда қисқа муддатда саводли қилиш, жами лузумоти динияни билдириш ўрнига “мушкул манзума китоблари”ни ўқитиб, болаларнинг “умри азизини барбод” қилаётгани унга маъқул келмайди. Шу боис у “Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз ва Бедил”ларнинг китобларини тушунмайдиган гўдак болаларга ўқитишдан фойда йўқлигини ёзади. Айни фикр-мулоҳазаларни ёзган Мунаввар қори замонаси жоҳилларидан ўзини ҳимоя қилиш мақсадида: “Мани сўзимдан Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз, Бедиллар каби улуғ зотларни таҳқир қилди, деб гумон қилинмасун”, дейди. Ўтган улуғ зотларга ҳақиқат моҳиятига етган “Аллоҳ таолога қурбат пайдо қилган кишилар” сифатида баҳо беради. Алишер Навоий асарлари эски мактабда ёки навоийхонлик давраларида мутолаа қилингани маълум. Туркистонда матбуотнинг юзага келиши, табиийки, тарихда ўтган алломаларнинг ижодини кенгроқ тарғиб ва ташвиқ қилиш, миллат улуғларининг ҳаёт йўли, ижодий-адабий мероси билан кенг оммани таништириш имконини берди. Шу эътибордан ХХ асрнинг дастлабки чорагида Алишер Навоий расмини чизиш, асарларини ўрганиш, қайта нашр қилиш ва асосийси, таваллудини нишонлашга ҳозирлик кўрилди. Абдулҳамид Чўлпон 1924 йили “500 йил” номли мақоласида “Усмонли адабиётининг энг улуғ вакили бўлғон Фузулийни машҳур усмонли ёзувчиси Шамсиддин Сомибек Навоийдан кейинга қўйиб кўрсатади.

Мана бу ҳам Навоийнинг биргина ўзбек қавми адабиётида эмас, умумтурк халқи адабиётида ҳам ўзига яраша жой олғонини кўрсатадир”, деб ёзади. Чўлпон Навоийни ёдга олиш заруратига доир бошқа бир қиёсини ҳам айтади: “Руслар Пушкинни ҳар беш йили учун ҳам катта байрамлар ясайдирлар. Ғарбда эса ундай байрамлар жуда катта тантаналар билан ўтказиладир. Бу тўғрида гапни чўзиб ўлтириш ҳожат эмас. Кўз билан кўрганимиз ҳам етиб ортарлиқдир”. Адабий-илмий муҳитдаги воқелик шундай бўлгач, умумтуркий адабиётнинг улкан намояндаси Алишер Навоийнинг хизматларини хотирлаш давр эҳтиёжи эканини “ўзбек билим ҳайъати эътибори”га ҳавола қилади. Айни ҳайъат учун “Навоийнинг босилмағон асарларини топиб, босдириш”, “Навоийнинг мукаммал таржимаи ҳоли”ни ёздириш, “Навоийнинг шеваларидан терма бир асар тузилиб, нафис қилиниб” нашр этиш, “Навоий номиға юқори ўқиш юртларининг адабиёттил факультeтларида ўзбек талабалари учун стипендиялар” ташкил этиш, “Ўзбекистоннинг пойтахтида Навоийга ҳайкал” ўрнатиш, “баъзи бир ўзбек шаҳарларининг кўча исмларини Навоий оти” билан номлаш каби таклифлар беради. Ўтган бир аср Алишер Навоий шахсияти башарият адабий тафаккури тарихида беқиёс ўринга эга ва ўз даврида Абдулҳамид Чўлпон берган таклифлар нақадар ўринли, ҳаётий эканини исботлади. Жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд навоийшунос сифатида ХХ асрнинг 20-йилларида “Илмий-адабий вазифалар қаршисида”, “Алишер Навоий”, “Навоий учун”, “Навоийгача турк адабиёти” каби мақолалар ёзди. Баҳс-мунозараларида ҳам Алишер Навоий ижодига кўп мурожаат қилди. “Илмий-адабий вазифалар қаршисида” мақоласида Алишер Навоий ҳақида: “Навоий турк адабиётининг отасидур. Навоий адабиёт дунёсида жуда катта хизматлар қилғон бир кишидур. Навоий турк тилининг отасидур. Навоий буюк адиб, буюк шоир, буюк доҳийдур. Фақат, қани уни биз таниймизми? Унинг хизматларини биламизми? Унинг ким эканидан хабаримиз борми? Ҳалигача унинг таржимаи ҳолини босмадик”, деб фикр билдиради. Алишер Навоийнинг таржимаи ҳолини ёритиш жиҳатидан 20-йиллар адабий-илмий муҳитида В.Маҳмуднинг “Алишер Навоий” мақоласи муҳим ўрин тутади. Мақола “Муҳити”, “Таржимаи ҳоли ва тарбияси”, “Мутасаввуфлиги”, “Илмий, адабий шахсияти”, “Навоий бир мужиддир”, деган асосий бўлимлар ва кичкина “Илова”дан иборат. “Илова”да мақола журналнинг Навоий юбилейига иштироки учун ёзилгани, “бунда кўп ҳоллар ва воқеалар қисқа, баъзан ҳатто бир сатрда” айтиб ўтилгани таъкидланади.

(Давоми бор.)
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори