Сув йўлларини бетонлаш нимага керак?

Сув йўлларини бетонлаш нимага керак?

Сув – ҳаёт манбаи. Одам таомсиз 20-25 кун яшаши мумкиндир, лекин сувсиз бир неча кун яшай олади холос. Сувнинг ҳаётимизда қандай муҳим аҳамият касб этишини ана шундан ҳам билса бўлади. Лекин сувнинг ҳаётимизда тутган ўрни шу билангина тугамайди, табиатни яшилликка буркаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва бошқа кўплаб мақсадлар учун ҳам сув керак. Дунёда истеъмол қилинаётган сувнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келар экан.

Самарасиз ва эски сув таъминот тизимлари эса сув исроф­гарчилигини оширмоқда. Суғориш тизимининг самарасизлиги ва сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши нафақат сув ресурсларининг камайишига, балки ёввойи экотизимнинг йўқ бўлишига, дарёларнинг кимё­вий моддалар билан заҳарланишига ва тупроқ шўрланишига олиб келмоқда. Шундай экан, қишлоқ хўжалигига сувни тежовчи технологияларни тат­биқ этиш ва сув ресурсларини бош­қаришнинг замонавий тизимини татбиқ этишни давр тақозо этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 29 ноябрь куни бўлиб ўтган қишлоқ хўжалигида сув ресурс­ларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари борасидаги видеоселектор йиғилишида ана шулар муҳокама қилинди.

Қайд қилинишича, Ўзбекис­тондаги сув ресурсларининг 20 фоизи ўзимизда, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинаяп­ти.

Йиғилишда бу соҳадаги муаммолар, янги ташаббус ва вазифалар муҳокама қилинди. Давлат раҳбари бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади.

Бунда биринчи муҳим вазифа канал ва ариқларни бетонлашдир. Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаяпти. Шу боис сув хўжалигида «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилинди. Бу борада туманимизда ҳам ишлар бошлаб юборилди.

“Шойимкўприк”дан ўтишингиз билан сизни кенг дала қаршилайди. Эрта баҳордан кеч кузгача бу даланинг ям-яшиллиги, турли хил экинларнинг барқ уриб ўсаётганлиги эътиборингизни тортмай қолмайди. Айниқса, дала бошидан оқиб ўтган ариқчадаги сувнинг ма­йин шилдираши одамга ўзгача кайфият бағишлайди. Лекин шу сувнинг маълум қисми ариқ туби ва икки четига “шимилиб” исроф бўлаётганлигига шу пайтгача ҳеч ким эътибор бермасди. Энди бундай бўлмайди, “Наврўз. Обиджон Собитжон” фермер хўжалигининг далаларига “оби ҳаёт” улашаётган ариқча ҳадемай ўзгача кўриниш касб этади. Фермер хўжалиги томонидан сувни иқтисод қилиш мақсадида 1,5 км узунликдаги ички суғориш тармоғини бетонлаш ишлари бошлаб юборилди.

Жорий йилда туманимизда 63 километр узунликдаги сув йўлларини бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, қишнинг об-ҳаво қулай келган айни кунларида ишлар қизғин давом этмоқда.

Жамила АРСЛОНОВА.