(Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)
Дарҳақиқат, 10-йиллар сўнгига келиб, шеъриятда ҳуррият гулобининг атри анқий бошлади. 17-йилнинг феврали келди. Ҳуррият билан боғлиқ умид учқунлари алангага айланди. Авлонийнинг “Ҳуррият шарафина” шеъри мумтоз шеъриятимизнинг мусаддас жанрида ёзилган. Шеърнинг ҳар бир банди сўнгида:
Кўб кишилар ошиқ эрди сенга, жонон ҳуррият,
Жон қилибдур неча инсон сенга қурбон, ҳуррият,
сатрлари такрорланиб келади. Учинчи бандига келиб, қуйидаги мисраларга дуч келамиз:
Мустабид эски ҳукумат раҳм-шафқат қилмади,
Бир тарафдан зулм этарди, қон тўкарди бир ёндан.
Авлонийнинг “Қутилдик” шеъри ҳам айнан шу тарихий ҳодисага бағишланган эди. Шеър: “Қутулди барча миллат золими хунхор зулминдан, Романов хонавайрон бўлди, бадкирдор зулминдан” мисралари билан бошланади.
Гулистон ўлди олам, ҳар тарафда сайради булбул,
Асоратдан қутулди барча миллат, истаюр ҳур йўл,
Хазондан сақла, ё Раб, истаюр миллат тиконсиз гул,
Етишмоқ муддаога илмсиз, ҳайҳот, эрур мушкул,
На меҳнатларни кўрдик, ҳар қаю ағёр зулминдин.
Муҳаммаснинг ушбу бандида дастлаб муаллифнинг шодиёна кайфиятини сезсак-да, сўнгги икки мисрада унинг умидсизлигини ҳам ҳис қиламиз. Дарҳақиқат, дастлаб октябрь тўнтариши, кейин Туркистон Мухториятининг қонга ботирилиши Авлонийнинг миллат истиқлоли билан боғлиқ орзуларини йўққа чиқарди. Ҳокимият оқдан қизилга ўтгани билан миллий сиёсатда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади – бир мустабиднинг ўрнини иккинчиси олди. Шунинг учун ҳам Авлоний 1919 йилда ёзган бир шеърида:
Мавж урган саҳро юзинда қирмизи ул лолалар,
Мустабидлар дастидин сенга қилурлар нолалар,
деб ёзган эди. Шоирнинг айнан шу йилнинг февралида ёзган шеърларидан бири “Ҳафалик соатда” деб номланади. Мана унинг дастлабки мисралари:
Ҳар сонияда ўзга алам, ўзга жафодур кўраман,
Ҳар соат ичинда неча бинг дарду аламдур кўраман…
Ҳар кун бошингга турфа бало тоши ёғилгай,
Ҳар гўшада бўлсанг-да, қудратли қазодур кўраман.
Авлоний 17-йилнинг февралидан миллатимиз турмушининг қоронғу ўн беши тугади, энди буёғи ёруғ бўлади, деб умид қилган эди. Афсуски, ундай бўлмади: кейинги ўн беши ҳам “қоп-қаро” бўладиган бўлди:
Дерларки, ойнинг ярми қаро, ярмиси равшан,
Ўттиз куни ҳам бизга бутун қоп-қародур, кўраман.
Авлонийлар орзуси аср адоғига келиб амалга ошди. Шоир орзу қилган бу Истиқлол даврига келиб жадид боболаримизнинг адабий мероси ўз ворисларига қайтди ва улар тадқиқ этила бошлади. Абдулла Авлоний ўз шеърларидан бирида тадқиқотчиларига қарата шундай деган эди:
Эй, адибо, яхши тадқиқ айлангиз ёзмишларим,
Сатрларда қора эрмас, дийда гирёним чиқар.
Дарҳақиқат, Авлоний сатрларидаги ёзувлар шунчаки сиёҳ эмас, балки унинг қорачиғидан қора қон бўлиб оққан кўзёшларидир. Биз бир тадқиқотчиси ўлароқ, унинг миллий дардларини тўғри англаган ва сиз азизларга тўғри англатган бўлсак, ўзимизни бахтиёр ҳис этамиз.
Олим ТЎЛАБОЕВ,
филология фанлари номзоди, доцент.
