Интернетдан нима излаяпсиз?

Интернетдан нима излаяпсиз?

Асримизнинг тезкор ахборот етказиш воситасига айланган интернетнинг имкониятлари жуда катта. Ундан билиб, оқилона фойдаланган одамнинг илми ошади, ўзига керакли кўплаб маълумотларга эга бўлади. Лекин интернетдан фақат эрмак учун фойдаланилса, бир кун келиб бунинг оқибати аянчли бўлиши мумкин. Сабаби, бугун ахборот технологиялари кенг имкониятлар бераётган бир пайтда бузғунчилик, қабоҳат йўлига кириб, одамларни тўғри йўлдан чалғитмоқчи бўлаётган кимсалар ҳам йўқ эмас.

Бузғунчи, ақидапарастлик ғояларини тарғиб этувчи интернет сайтлари ҳам ўз мақсадлари йўлида “отни қамчиламоқда”. Агар 10 йил аввал бундай сайтлар 20 та бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 7 мингтадан ошиб кетди. Одамни ташвиш­лантирадиган томони шундаки, қанчадан-қанча ёшларимиз билмасдан шундай сайт­ларга кириб, ундан маълумотларни кўчириб олиб, ўз эътиқодларига путур етказмоқдалар. Ачинарлиси шундаки, улар ўзларининг калтабинликлари ортидан бошқаларни ҳам йўлдан урмоқдалар.

Шу боисдан ҳам болаларимиз тарбиясига бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ, масъулият билан ёндашишимиз керак. Улар интернетда нималар билан машғул? Буни ҳар доим назорат қилишимиз керак. Асосий вазифаларимиздан бири, ўсиб келаётган ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб ворислар сифатида миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборат.

Ана шундай шарафли вазифани адо этиш ҳамда ёшларимизни интернетдаги таҳдидлардан асрашимиз учун мамлакатимизда барча имконият­лар мавжуд. Жумладан, интернет орқали амалга оширилаётган таҳдид­лар, ёшлар онгига салбий таъсир этадиган бузғунчи ғоялар ва “оммавий маданият” ниқоби остида маданиятсизликнинг салбий оқибатлари аниқ далиллар ва ҳаётий мисоллар асосида ёритилган фильмлар, аудио-видео маърузалар, китоблар ва мақолалар ҳамда маънавий-маърифий кўрсатувлар ўқувчи ёшларимизни тўғри йўлга бошлашга хизмат қилади. Булардан кенг фойдалансак, оилада бола тарбиясига алоҳида эътибор қаратсак, фарзандларимиз ватанпарвар, эл-юрт корига ярайдиган муносиб инсонлар бўлиб вояга етадилар.

Зулфия МУРОДОВА,
Республика “Маънавият ва маърифат маркази”
Зангиота тумани бўлинмаси бош мутахассиси.